Линклар

12 январь куни Чеченистон президенти Рамзан Қодиров Россия мухолифатини “сотқинлар” ва “халқ душманлари” деб атаганига жавобан Россияда #КадыровПозорРоссии – “Қодиров Россия шармандалиги” номи остида флешмоб бошланди. Қодиров сўзларини аксилконституциявий деб санаган ҳуқуқ ҳимоячилари Чеченистон президентини истеъфога кетишини талаб қилмоқда. Мухолифат босимига қарши Грознийда #КадыровГордостьРоссии – “Қодиров Россия ғурури” номи остида мактаб болалари иштирокида оммавий намойишлари уюштирилмоқда.

Р.Қодиров: “Мухолифатчиларни судлаш керак!”

Россияда чечен призиденти Рамзан Қодиров билан боғлиқ катта сиёсий жанжал авж олиб бормоқда.

12 январ куни Россия матбуоти кунида журналистлар олдида қилган чиқишида Рамзан Қодиров барча мухолифатчиларни “халқ душманлари” деб атади ва сотқинлар сифатида суд қилишни таклиф этди. Қодировга кўра,”олдин ҳеч кимга номаълум бўлган кимсалар ўзини Россия президенти Владимир Путинга қарши қўйиб, эл олдида танилмоқчи”.

Бир неча кундан кейин Чеченистон парламенти раҳбари ва Қодировнинг яқин дўсти Магомед Даудов ҳукумат рақибларини “сотқинлар ва диверсантлар” деб атади. “Лорд” лақабли 35 ёшли депутат Даудов ўзининг Инстаграм саҳифасида бўрибосар итни етаклаб кетаётган Рамзан Қодировнинг фотосини ўрнатиб, “демократия бўлмаганда эди” барча Россия мухолифат кучларини ғажиб ташлашини билдирган.

“#КадыровПозорРоссии“

Рамзан Қодировнинг сўзлари қатор Россия сиёсатчилари танқидига учради. Жумладан, омбудсман Элла Памфилова Рамзанни Путиннинг бунлай ҳимоясини “қош қўяман деб қўз чиқариш”, деб атади.

- Бундай баёнотлар нафақат бемаъни, балки зарарли ҳамдир, чунки президентни ёмон отлиққа чиқаради, мамлакатни эса қоронғуликка етаклайди, деди Элла Памфилова.

Бир гуруҳ Россия ҳуқуқ ҳимоячилари ва санъат намояндалари Россия қонунларига хилоф равишда баёнотларни тарқатаётган Рамзан Қодиров истеъфоси талаби билан очиқ хат элон қилди.

Людмила Алексеева, Владимир Мирзоев, Людмила Улицкая, Владимир Войнович, Светлана Ганнушкина ва бошқалар имзоси остида эълон қилинган хатда “демократик жамиятларда мухолифатнинг ҳукумат олиб бораётган сиёсат камчиликларига эътибор қаратиш нормал ҳолат” экани, Қодировнинг сўзлари эса очиқчасига “таҳдид” сифатида қабул қилиниши ва жамиятда ҳуқуқ ва эркинликлар топталишига олиб келиши таъкидланган.

Хорижда яшаётган рус мухолифатчиси Михаил Ходорковский Қодировни “Путиннинг севимли уй ҳайвонининг ахмоқлиги” сифатида қабул қилиниши кераклигини айтди.

Ижтимоий тармоқларда #КадыровПозорРоссии – “Қодиров Россия шармандалиги” флешмобига старт берилди.

Гап шундаки, чечен раҳбари сўзларини тинглаган красноярсклик депутат Константин Сенченко Қодировни “Россия шармандалиги” деб атаган эди. Бир кун ўтар-ўтмас депутат Сенченко “ҳурматли одам билан суҳбатлашиб”, ўз фикрини ўзгартиргани ва Чеченистон лидери “авторитетига яна бир бор ишонч ҳосил қилгани”ни сўзлаган видеоси тарқади.

Константин Сенченко Озодликка чечен раҳбарини танқид остига олгани сабабларини бундай тушунтирди:

- У барча мухолифатчиларни халқ душмани деб атаяпти. Мен ҳам мухолифатчиман. Бундай лавозимдаги раҳбардан биз ҳаммамиз халқ душмани эканимиз ва бизни судлаш кераклиги тўғрисида баёнотлари бизни ғазаблантирди! деди депутат Сенченко.

Акцияда иштирок этаётган “Эхо Москвы” радиостанцияси бош муҳаррири Владимир Варфоломеев Қодиров аслида шармандалик эмас, балки Россиянинг асл мазмун-моҳияти эканини урғулади.

Бундан олдинроқ, декабр оийда Қодировни танқидга олган ёш чечен йигити Адам Дикаевнинг битта ички кийимда “Мен ҳеч ким эмасман. Шу кундан бошлаб Путин менинг отам, бобом ва подшоҳим”, деб Владимир Путинни улуғловчи қўшиқ оҳангига югуриш йўлакчасида кетаётгани тасвири Интернетда пайдо бўлган эди.

Телевидение орқали сазойи қилинган Айшат Инаева эри билан

Телевидение орқали сазойи қилинган Айшат Инаева эри билан

Шунингдек, Рамзан Қодировни республикадаги оғир иқтисодий аҳвол учун танқид қилган яна бир аёл – Айшат Инаева эри билан бирга телевидение орқали Рамзан Қодировдан кечирим сўраётгани ва ўзи яшайдиган маҳаллада сазойи қилинаётгани Грозний телевидениеси орқали намойиш қилинган эди.

Грозний раҳбариятини танқид остига олган чеченларни шарманда қилиниши хорижда яшаётган чечен диаспораси вакиллари қаттиқ норозилигига ҳам сабаб бўлмоқда.

Айни пайтда, “Яблоко” партияси намояндалари 26 январ куни Москвада Чеченистон президенти истеъфоси талаби билан норозилик акцияси ўтказишини эълон қилди.

Москванинг “Павелецкая” метроси ёнидаги автобус бекатида 20 январь куни номаълум шахслар томонидан Рамзан Қодиров расми туширилган ва “Шармандалик!” плакати осиб кетилгани маълум бўлди.

Чеченистон болалари ва Кремль - Рамзан Қодиров ҳимоясида

18 январ куни Рамзан Қодиров Инстаграмдаги саҳифасида у айтган сўзларига “тузатиш” киритиб,“ҳеч кимга таҳдид қилмаганини” ёзди:

- Мен Россиядан чиқиб кетган ва у ердан туриб мамлакатимизни ёмонлаётганлар ҳақида гапирган эдим. Улар Россияга таҳдид қилмоқда, АҚШга, Европа пойтахтларига бориб келмоқда, санкциялар жорий қилишни талаб қилмоқда. Улар 30 сонияда Қримни ортга қайтариб олмоқчи! .. Аслида мен тизимда бўлмаган мухолифат тўғрисида гапирган эдим, қонунийси тўғрисида эмас. Мен Гудермес ва Ачхой туман жиннихоналарида Россияга зарар келтираётганларга жой тайёрлаб қўйдим, деб сўнаётган оловга бензин сочди Чеченистон раҳбари.

Мухолифат босими остида қолган Рамзан Қодировнинг атрофидаги амалдорлар Чеченистон парламенти раҳбари Магомед Даудов ва Дума депутати Адам Делимханов ташаббуси билан “Рамзан Қодиров атрофида бирлашишга” чақирди.

Айтилишича, маҳаллий чечен журналистлари, блогерлари ташаббуси билан Рамзан ҳимоясига Чеченистон шаҳар қишлоқларида “Қодиров – Россия ғурури!” флешмоби бошлаб юборилди.

Душанба куни ўтган акцияга мактаб болалари ҳам жалб этилган видео тармоқларда тарқамоқда. Унда Қодиров ва Путин фотосуратини қўтарган болалар “Рамзан Қодиров – бешинчи колонна учун хатардир!”, “Қодиров – Россия ватанпарвари!” ва бошқа шиорларни кўтариб чиққанини кўриш мумкин. “КРА” (Қодиров Рамзан Аҳматович- таҳр. ) ёзувини ташкил этган чечен болакайлари колонналари “Рамзан, сен Россия қахрамони, биз сен билан!”, дея ҳайқираётгани тасвирланган видеода.

Чеченистон Матбуот вазирлиги 22 январ кунига мўлжалланган ва давлат раҳбари ҳимоясига бағишланган митингга барча ходимларига мажбурий эканини таъкидловчи буйруқ тарқатгани маълум бўлди.

Рамзан Қодиров ҳимоясига қўшиқчи Николай Басков, киночи Фёдор Бондарчук, ёзувчи Эдуард Лимонов, миллатчи Егор Холмогоров, Донбассдаги урушда “танилган” журналист Дмитрий Стешин ва бошқалар чиқди.

Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам Россия жамоатчилиги жунбушга келтирган Рамзан Қодировнинг сўзларида бирор ножўя фикр топа олмаганини билдирди.

- Гап норасмий мухолифат ҳақида кетяпти. Бу аслида мамлакатнинг қонуний сиёсий майдонидан ташқарида бўлганлардир. Улар ўз фаолиятида қонун доирасидан чиқиб, мамлакатимизга зарар келтирмоқда. Мен шахсан мана шундай тушундим, деди Рамзан Қодировнинг мухолифатга бўлган таҳдидлари Кремль томонидан тўлиқ қўлланаётганини очиқчасига билдирган Владимир Путиннинг расмий вакили.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG