Линклар

Британия ҳаками Литвиненкони Россия ҳукумати ўлдирган¸ деган хулосага келди


Александр Литвиненко, 1998 йилда олинган сурат.

Александр Литвиненко, 1998 йилда олинган сурат.

Россия Федерал хавфсизлик хизматининг собиқ ходими Александр Литвиненко ўлими юзасидан ўтказилган тергов натижасини эълон қилган Британия ҳаками Роберт Овенга кўра¸ бу қотиллик ортида Россия ҳукумати турибди¸ Литвиненкони Лондонда 2006 йилда радиоактив полонийдан заҳарлаб ўлдириш режасини эса шахсан Путиннинг ўзи маъқуллаган бўлиши мумкин.

21 январь кунги баëнотида ҳакам Овен Литвиненконинг Россия фуқаролари Дмитрий Ковтун ва Андрей Луговой томонидан Федерал хавфсизлик хизмати буйруғи билан ўлдирилгани эҳтимоли ниҳоятда кучли эканини қайд қилди.

Ҳакам таъкидича¸ Путин ва Кремль маъмуриятидагиларнинг Литвиненкога нисбатан шахсий адовати бу қотиллик ортидаги асосий мотивдир.

Кремль Литвиненко ўлимига алоқаси борлигини инкор этиб келмоқда.

Путиннинг ашаддий танқидчиларидан бири бўлган Литвиненко Лондон меҳмонхоналаридан бирида Ковтун ва Луговой билан учрашув пайтида чойга солинган полонийдан заҳарланиб кейинроқ касалхонада ўлган эди.

Россия қотилликни амалга оширганликда гумонланаëтган Луговой ва Ковтунни Британияга топшириш сўровини рад қилиб келмоқда.

Британия ҳаками ўз якуний хулосасини эълон қилишидан бир неча минут ўтиб¸ давлатга қарашли Интерфакс агентлиги Луговой раддиясини чоп этди.

Ҳакам баëнотига муносабат билдирган Литвиненко беваси Марина тергов хулосалари Россия ҳукумати¸ хусусан¸ шахсан Путинга қарши янги санкциялар жорий қилишга асос эканини таъкидлади.

XS
SM
MD
LG