Линклар

Рамзан Қодиров ҳаддидан ошаётгани йўқ. Рамзан Қодиров тизим мафкурасига зид гапларни айтаётгани йўқ. Рамзан Қодиров инқирозга юз тутгани йўқ.

Йўқ, Чеченистон бошлиғи ўз ролини бинойидек ижро этмоқда.

Қодиров Владимир Путиннинг душманларини “халқ душмани” деб атади, унинг хўжакўрсинга ишлайдиган парламенти спикери “Эхо Москви” ва “Дождь” телеканали каби либерал нашрларни “сотқин” ва “бешинчи колонна” деб атади. Бу етмагандек, кремлпараст “Известия” газетасида Қодировнинг Россия мухолифатини “чиябўрилар” деб атаб, уларни Чеченистондаги руҳий касаллар шифохонасига жойлаштиришга чақириб ёзган мақоласи чоп этилди.

“Уколларни қолдирмасликни сўз бераман. Битта укол ёзиб берилган бўлса, дозани икки баробарга кўпайтирамиз”, деб ёзди Қодиров.

Бундай мақолалар “Известия”да бекорга нашр қилинмайди.

Кўп маънода Қодиров Путин тизимининг асл башарасидир. Қодиров тимсолида Путин тизимининг асосий инстинктларини, унинг агрессиясини, чуқур, қора ниятларини кўришимиз мумкин.

Қодиров кўпинча олдиндан хабар берувчи ролини ўйнайди.

Бунга кимда шубҳа туғилса, Қодиров 2014 йилнинг 28 декабрида Грознийдаги футбол стадионида 20 000 қуролли ва ҳарбий формадаги кўнгиллилар билан ўтказган парадни эсласин.

Ўша парадда Қодиров Путинни ҳам ички, ҳам ташқи рақиблардан ҳимоя қилишга онт ичди.

Мухолифатчи сиёсатчи Борис Немцов Facebookда бу нима англатиши ҳақида доҳийлик билан шарҳ қолдирган эди.

“Қодировнинг 20 000 аскари Грознийда стадионда тўпланаётган бир пайтда Путин нима кутаётганини билмайман. Қодиров ўз жангчилари тизимни ҳимоя қилишини ва Кремлнинг ҳар қандай буйруғини бажаришини айтди. Мен бунга ишонаман”, деб ёзган эди Немцов.

“Қодировнинг 20 000 аскари қаерга боради? Улардан нима талаб қилинади? Биз ўзимизни қандай тутишимиз керак? Улар Москвага қачон келади?”

Икки ойдан кейин 2015 йил 27 февралда Немцовга нима бўлганини ҳаммамиз биламиз: уни Кремль деворлари яқинида ўлдириб кетишди.

Табиийки, асосий гумонланувчи сифатида Қодиров бошқарувидаги “Север” батальони аъзолари кўрилди.

Қодиров Немцов қотиллигининг бир йиллиги яқинлашиб келаётган пайтда ўзини кўрсатаётганини ҳамма тушуниб турибди.

Қодиров 2014 йилги парадда айтган сўзлари “Известия”да мазкур ҳафтада чоп этилган мақолада такрорланади.

“Биз бутун дунёга Владимир Путиннинг жангчи пиёдалари эканлигимизни айтамиз. Агар бизга буйруқ берилса, буни исботлаймиз”, деган эди Қодиров Грознийда.

“Известия”да чоп этилган мақолада эса Қодиров “Ватанпарвар сифатида, Владимир Путиннинг жангчи пиёдалари сифатида, мамлакатимнинг қотил ва сотқинлари билан ҳазиллашмайман”, деб ёзди.

Қодиров ҳеч ким исмини тилга олмади. Аммо унинг ҳамкори, Чеченистон парламенти спикери Магомед Даудов Қодировнинг мақоласи “Известия”да чоп этилишидан аввал Istagramда муайян исмларни тилга олди.

Даудов Қийноқлар олдини олиш маркази бошлиғи Игорь Каляпинни, “Эхо Москви” радиосининг бош муҳаррири ўринбосари Алексей Венедитковни, инсон ҳуқуқлари фаоли Лев Пономарёвни ҳамда мухолифатчи фаол Илья Яшинни тилга олди.

Нима демоқчи эканлигини яхши тушунишлари учун, Даудов ўз шарҳига жиловидан чиқиб кетишга интилаётган даҳшатли ит суратини тиркади.

Мухолифатчи журналист Олег Кашин “Слон”да чоп этилган мақоласида “Ким бу шарҳларни қолдиради? Нима учун булар ёзилади? Бу Чеченистон етакчилари ташаббусими ёки Москва топшириғими? Бундан кейин нима бўлади? Бирортани ўлдиришадими?” деб ёзди. Кашин ўзи ҳам 2010 йилнинг ноябрида ваҳший ҳужум қурбони бўлган эди.

Нефть нархлари тинмай пастлаб борар, рубль рекорд даражада шўнғир, Россия таназзули чуқурлашар экан, тизим фуқароларнинг бош кўтаришидан ва уларнинг етакчилигига таҳдид соладиган кучлар ҳақида хавотир олаётгани аниқ.

Афтидан, мухолифат юрагида қўрқинч ҳиссини уйғотиш учун Путин ва унинг ҳамтовоқлари ўзларининг асл башараларини очмоқдалар.

Кремлнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси аъзоси Николай Сванидзе “РБК” билан суҳбатда Қодиров Путиннинг “Ҳар бир душманни топиб, қўлга олувчи опричнинасининг преториан ҳимоячиси” эканлигини исботлаш ниятида эканлигини айтди.

Сванидзе Қодиров мухолифатни қўрқитаётгани Путинга маъқул келаётганини ва уни жиловлаш учун президентда “на истак, на имкон” борлигини қўшимча қилди.

Шу ўринда савол туғилади: Қодировдан яна нималарни кутиш мумкин?

Озод Европа-Озодлик радиоси мухбири Брайан Уитмор мақоласини инглиз тилидан Нодир Атаев таржима қилди.

XS
SM
MD
LG