Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:05

Зобулда тор-мор бўлган ЎИҲнинг омон қолган матбуот котиби Telegramга чиқди


Омон қолган Нусратуллоҳ Мужоҳид.
Омон қолган Нусратуллоҳ Мужоҳид.

Уч ой муқаддам Афғонистоннинг Зобул вилоятидаги жангларда тор-мор қилинган собиқ Ўзбекистон исломий ҳаракати матбуот котиби Нусратуллоҳ Мужоҳид раҳбари Усмон Ғозийнинг асир тушгани, 120дан ортиқ сафдошининг ўлдирилгани ҳақида ижтимоий тармоқлар орқали баёнот тарқатди. Тармоқлар орқали боғланган Озодликка жавобан Нусратуллоҳ Ғозийнинг ўлдирилгани ҳақида фотохабарга ҳам муносабат билдирди.

Нусратуллоҳ Хуросоний-Мужоҳид​

19 январь куни Youtube тармоғига юкланган видеода ярим йил муқаддам "Исломий давлат"га байъат берган собиқ Ўзбекистон исломий ҳаракати матбуот котиби Нусратуллоҳ Мужоҳид номидан аудиобаёнот эълон қилинди.

Бунга қадар Telegram тармоғидаги айрим гуруҳларда ҳам "Нусратуллоҳ Хуросоний" номи остидаги фойдаланувчи ўзининг Нусратуллоҳ Мужоҳид эканини айтиб, Зобул жангларидаги ўзбек жангарилари тақдири ҳақида хабарлар қолдира бошлади.

Сўнгги бор жангари гуруҳ матбуот котибига оид аудиомурожаат ўтган йилнинг 14 ноябрида Facebook тармоғига юкланган ва унда Нусратуллоҳ Мужоҳид ўзбек жангарилари Зобулнинг Арғандоп туманида Толиблар қамалида қолганини айтган эди.

Мурожаатда у сафдошлари билан "1 километрлик ҳудуд ичида мукаммал қуршовда қолгани, кўплаб опа-сингиллар, болалар шаҳид кетгани, кўплаб масъул бирордарлар асир олингани"ни айтиб видолашган эди.

Ижтимоий тармоқлар орқали боғланган Озодлик мухбири билан қисқа мулоқот қилган Нусратуллоҳ Хуросоний-Мужоҳид ўзининг собиқ ЎИҲ - сўнг бор "Исломий давлат"нинг Хуросондаги лашкарлари сифатида толибларга қарши жанг қилган собиқ ЎИҲнинг матбуот котиби эканини даъво қилди.

"Зобулда оқ ва қора байроқлилар жанги бўлди"

Зобул жангларидан 3 ой ўтиб, ижтимоий тармоқлар орқали алоқага чиққан Нусратуллоҳ Мужоҳид 6-9 ноябрь куни бўлган жангларни "Толиблар ва ИД (Исломий давлат) ўртасидаги жанг" деб таърифлади.

Айни пайтда, толиблар қўлида асир ва қийноқлардан сўнг хаста эканини айтган жангари Озодлик саволларига ёзма тарзда жавоб берди:

"Bu oq bayroq bilan qora bayroq jangi bolgan. Esizda bulsa biz shialarni kup ogirlaganmiz. Shularni ozod qilish uchun G'azniy shialar kattasidan Zobul viloyati qomondoni A. 500 ming dollar pul olgan va qoshimcha shialarda kuch toplab ustimizga jami 8000 atrofida qoshin keldi. Tolibon va ID jangi bolgan", деб ёзди ижтимоий тармоқлар орқали Озодлик саволларига жавоб берган Нусратуллоҳ Хуросоний-Мужоҳид.

"Усмон Ғозий аёллар ўрнига ўзини топширди"

Зобул жангларидан сўнг толиблар бир неча баёнот тарқатган ва бу жангда ўз ичидан чиққан "исёнчилар" жазолангани, хусусан, ИДга байъат бериб, толибларга қарши чиққан собиқ ЎИҲ раҳбари ўлик ҳолда топилганини маълум қилган эди.

Нусратуллоҳ Мужоҳид етакчиси Усмон Ғозий ўз жамоатидаги асир аёлларга тегмаслик шарти билан "ўзини топширган", деб ёзди.

"Ustimizga jami 8000 tolibon keldi. Bizga qarshi jang qilib yiglab ketgani ham buldi mazza qilgani ham buldi. Usmon Goziy nomalum. Asir olingan ayollarga tegmaslik va ularni ozod qilish evaziga Usmon aka uzini topshitgan Yani tirik olib ketishgan Vallohi boshqa narsa bilmayman", деб ёзди собиқ ЎИҲнинг вакили.

Зобул жангларидан 3 ой ўтиб ижтимоий тармоқларга кирганини айтган Нусратуллоҳ Мужоҳид толиблар томонидан ўтган йили 10 декарь куни Усмон Ғозийнинг жасади топилгани ҳақида тарқатилган фотохабарни эндигина кўрганини айтди.

Суратдаги одамни Усмон Ғозийга "ўхшаркан", деб таърифлаган Мужоҳид бу хабарни аниқ тасдиқлай олмаслигини айтди.

"Зобулдаги ўзбеклардан 120 нафари ўлдирилди"

Суҳбатдош толиблар асирларга нисбатан ўта шавфқатсиз муносабатда бўлганини иддао қилди:

"2 odamni jazolash kerak bolsa kochada oynab yurgan yosh godaklarni nima uchun otdi. Ayollar markazini nima uchun raketalar otdi. Kim nima desa desin haqiqat boshqacha bolgan. Biz bayatimizni va Xilofatimizni himoya qilib fidoiy jang qildik. Bergan shahidlarimizga afsus qilmaymiz. Bu qora bayroq ostida jamoat qomondoni Abdulmalik aka, muftiy shayh Muhammad ali, ustoz Yahyo Hikmatiy va yana bir qancha yaqinlarimiz shahid qilindi", деб ёзди ижтимоий тармоқлар орқали Озодлик саволларига жавоб берган Нусратуллоҳ Хуросоний-Мужоҳид​.

Унинг иддаосича, 6-8 ноябрь куни жангларда собиқ ЎИҲ жангари гуруҳи сафидаги ўзбеклардан - хотин-қиз ва болалар билан бирга - жами 120-25 киши ўлдирилган. Булар орасида ҳаракатнинг "тарғибот бўлимидан видеочи, нашидачи йигитлар шаҳид бўлди", деб ёзди.

Бу жангари Озодликнинг собиқ ЎИҲнинг бугунги адади, тақдири ҳақидаги саволларига ҳозирча жавоб бергани йўқ. (Озодликда бу шахснинг айнан Нусратуллоҳ Мужоҳид эканини тасдиқловчи конкрет маълумотлар йўқ. Аммо бу шахснинг ижтимоий тармоқлардаги ёзишмалари ва у келтирган эксклюзив маълумотлар у собиқ ЎИҲ аъзоси, деган эҳтимолни қувватламоқда)

Собиқ ЎИҲ - ИДнинг Хуросондаги лашкари якуни

Толибларга оид Интернет тармоқларида собиқ Ўзбекистон Исломий ҳаракати лидери Усмон Ғозийнинг ўлгани ва унинг етакчилигидаги гуруҳ тор-мор қилингани ҳақидаги баёнотлар ўтган йилнинг ноябрь ва декабрь ойларида тарқатилган.

Афғонистон расмийлари бу иддаоларни тўлиқ тасдиқламаган, аммо Зобул жангларида ўзбекларнинг Усмон Ғозий етакчилигидаги катта гуруҳи "Ислмоий давлат"га байъат берган исёнчи қўмондонлар ёнида толиблар амири мулла Ахтар Мансурга қарши жанг қилганини тасдиқлаган.

Толиблар матбуот котиби Забиуллоҳ Мужоҳид исёнчи қўмондон мулла Мансур Додуллоҳ етакчилигидаги жангарилар ўз назорати остидаги ҳудудларда маҳаллий аҳолини тунагани, шунингдек, ўзбек жангарилари маҳаллий ҳазораларни ўғирлаб, бошини олганини иддао қилган.

Шунингдек, исёнчиларни "Исломий давлат"га байъатидан воз кечишга узоқ тарғиб қилгани, аммо қайтмагач, уларга қарши жанг қилганини тасдиқлаган. Аммо Толибон раҳбарияти уларни ўлдиргани, хусусан, йиллар давомида марҳум мулла Умарга содиқ қолган собиқ ЎИҲ раҳбари Усмон Ғозийни қатл қилганига оид даъволани тасдиқламай келмоқда. Толиблар сўнгги баёнотида Усмон Ғозийнинг жасади Зобулдан топилди, деб даъво қилган.

Айни пайтда ИДга байъат бермаган, тахминан, 50-60 атрофидаги ўзбек жангарисининг оиласи билан Форёб вилоятининг Қайсор, Алмор ва Давлатобод туманларида жон сақлаётгани ҳақида норасмий маълумотлар бор.

XS
SM
MD
LG