Линклар

logo-print

Тошкентдаги йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторлари рўмолини томоқ тагидан боғлаган ҳайдовчи аëлларни тўхтатиб, рўмолни орқадан боғлашни талаб қилмоқда. Шундай вазиятга тушганлар иддаосича, инспекторлар бундайларга катта жарима солиб¸ айрим ҳолларда автомобилларини жарима стоянкасига қамаб қўймоқда.

Тошкент шаҳрида истиқомат қиладиган Наргизанинг (исми ўзгартирилган – таҳр.) иддао қилишича, рўмолини томоғининг тагидан боғлагани учун йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари уни асоссиз жаримага тортган:

“Президент юрадиган трассадан келаётувдим. Кейин ўнгга қайрилдим. Шунда бир инспектор мени тўхтатди. "Сплошной линияни босиб қайрилдингиз", деди. Мен "йўқ босганим йўқ", дедим. У мени гапимга ва зорланишларимга қарамасдан, протокол ёзиб правамни олиб қўйди. Кетаётганимда эса, “рўмолни орқадан боғлаб юриш керак, бунақа қилиб ўраш мумкин эмас”, деди. “Менинг рўмолим билан сизнинг нима ишингиз бор”, десам, “унда бориб жаримани тўлаб, правангизни олинг”, деди”, дейди Наргиза.

Исми сир қолиш шарти билан Озодликка гапирган бошқа бир ҳижобли аёл эса ЙҲХ ходимлари автомашинасини жарима стоянкасига қамаб қўйишганини иддао қилади:

“Ўтган йилнинг декабрида инспектор мени тўхтатиб, “чизиқни босдинг, пиёдага йўл бермадинг”, деди. Правамни ҳам, талонимни ҳам олиб қўйди. Мошинани штрафнойга тиқиб ташлади-да, инспекторлар қочиб кетди. Мошинадан видеорегистраторни олиб, текшириб кўрсам, чизиқни ҳам босганим йўқ, пиёда ҳам йўлда йўқ. Хўжайинимга мана кўринг, мени ноҳақ айблашяпти¸ деб видеони кўрсатдим. Хўжайиним кейин бошқармага бориб шикоят қилса, "рўмолда бўлган экан аёлингиз, шунга шикоят қилмай қўяверинг, гапни кўпайтирмай, ўзига қийин бўлади", дебди. Бир ойдан сўнг жаримани тўлаб, мошинани олиб чиқдим. Ахир бу нима деган гап, ҳижобда кинотеатрга тушолмасак, метрода юролмасак, энди мошина ҳам ҳайдолмаймизми?”, дейди ҳайдовчи аёл.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими матбуот хизмати раҳбари Зоиржон Саидалиев Озодлик билан суҳбатда инспекторларнинг ҳайдовчи аёллар рўмолига танбеҳ бераётгани ҳақидаги иддаоларни кескин инкор қилди:

“Бу нотўғри иддао. Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари деган нарса бор. Бунга қатъий амал қилинади. 1 мартдан бошлаб янги таҳрирдаги йўл ҳаракати қоидаси кучга киради. Бу қоидада шу масалага қаратилган бирорта ҳам банд йўқ. Йўл ҳаракати қоидасининг асосий вазифаси ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш ва тартибли ҳаракатни ташкил қилиб беришдир”, деди Зоиржон Саидалиев.

Ўзбекистонда томоғининг тагидан рўмол ўраган аёлларни текшириш, улардан рўмолни орқадан боғлашни талаб қилиш кампанияси бир неча йилдан буён давом этмоқда.

Ўтган йил декабрь ойида тошкентлик 43 яшар Муслима кўча-кўй, жамоат транспортида кўп тўхтатилаётган рўмолли аёлларга 700 минг сўм жарима ва 2 йилгача қамоқ жазоси билан таҳдид қилишаётганини Озодликка айтган эди.

Озодлик рўмолли аёллар билан ишлаётган ва улардан рўмолни "ўзбекона миллий услубда орқадан ўраш"ни талаб қилаётган маҳалла фаоллари билан суҳбатлашган, улар бу вазиятни ҳокимият ва ИИВ талаби остида қилаётганини айтган эди.

2015 йилнинг сентябрь ойида Тошкентдаги 2-туғруқхона ходималаридан ишга рўмол ўрамасдан келиш талаб қилинган ва бу талабга бўйсунмаган ходимлар ишдан бўшатилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG