Линклар

Ҳомийси Ўзбекистон ҳукумати бўлган "Камолот" ёшлар ҳаракати фаоллари “ижтимоий тармоқлар бузғунчи ғояларнинг тарқатилиши учун қулай восита”, деган иддао билан Facebook, Telegram ва Одноклассники каби ўзбекистонлик ëшлар орасида кенг тарқалган ижтимоий тармоқларни тақиқлаш таклифини ўртага қўйди.

Ўзбекистон ҳукумати томонидан молиялаштириладиган "Камолот" фаолларидан бирининг Озодликка айтишича, ижтимоий тармоқлар таъсирини Ўзбекистонда чеклаш масаласи шу ҳафта бошида Тошкентда ўтказилган давра йиғинида кўтарилган:

- Ўзингиз биласиз, ҳозир террор пропагандаси ижтимоий тармоқларда олиб борилaяпти. Террорчилар бу тармоқлар ёрдамида ёшларга ўз ғояларини сингдириб, ўзларига ёллаяпти. Худди шу тармоқлар орқали ёшларни нотўғри йўлга бошловчи гуруҳлар иш олиб борaяпти. Ёшларни уларни ёмон таъсиридан ҳимоялаш керак ва бунга ҳозирданоқ киришиш керак, деган таклифлар илгари сурилди, - деди исми сир қолишини истаган “Камолот” фаоли.

Суҳбатдошга кўра, бу ерда гап Telegram, Instogram, WhatsApp каби мессенжерлар, Facebook, Одноклассники каби ижтимоий тармоқлар ҳақида бормоқда. Айтилишича¸ ҳозирда бу таклифни амалга оширишнинг техник имконлари ўрганиб чиқилмоқда.

Ўзбекистонда кунига миллионлаб одам фойланаëтган бу тармоқлар фаолиятини қандай чеклаш мумкинлиги ҳақидаги саволга “Камолот” фаоларидан аниқ жавоб бўлмади.

Ташкилотнинг бошқа фаоли¸ камолотчилар ташаббусида гап бу тармоқлар фаолиятини бутунлай тақиқлаш ҳақида бормаётганини таъкидлади:

- Бу тармоқларни Ўзбекистонда тўлиқ тақиқламасдан¸ миллий доменда улар ўрнини босадиган муқобил тармоқлар яратиш керак, деган таклифлар кўриб чиқилаяпти. Ҳозир бу муҳокамалар босқичида, қандай бўлади бу, бирон нарса айтолмайман¸ - деди Озодлик суҳбатлашган яна бир "Камолот" фаоли.

Яқинларгача ўзбекистонликлар асосан Одноклассники ва ВКонтакте каби Россия доменидаги ижтимоий тармоқларидан фойдаланиб келган бўлса¸ сўнгги йилларда Facebook тармоғидаги ўзбекистонлик фойдаланувчилар сони ҳам кўпайиб бормоқда.

Ҳозирда Однокласники тармоғида уч миллиондан ортиқ ўзбекистонлик фойдаланувчи рўйхатдан ўтган бўлса¸ Facebookда эса тўрт юз мингга яқин ўзбекистонлик бор.

Уларнинг аксари бу тармоқлардан яқинлари ва дўстлари билан боғланиш мақсадида фойдаланишларини айтишади.

“Бу тармоқларни ҳам ёпишса, билмадим нима бўлади. Ўзбекистоннинг ўзини тармоғини яратиш амалга ошмайдиган нарса. Ким киради у ерга? Ҳозир Skype ишламайди, Viber ишламайди. Бу боришда Интернетни бутунлай ёпиб қўйишмаса бўлди”, - дейди ўзини Зокир деб таништирган ўзбекистонлик Интернет фойдаланувчиси.

Skype ва бошқа мессенжерлар Ўзбекистонда ўтган йил ўрталаридан бери ишламаяпти. Интернет провайдерлари мазкур ҳолатни "Ўзбектелеком" акциядорлик ширкати ҳамкорлари тармоқларида аллақандай техник профилактика ишларини кетаётгани билан изоҳлаб келишмоқда.

Ўзбекистонликлар орасида бу каби мессенжерлар мамлакатга ташқаридан ахборот оқимини жиловлаш учун профилактика баҳонасида тўсиб қўйилган, деган тахминлар ҳам бор.

Интернет технологиялари бўйича мутахассис Тўлқин Умаралиевнинг айтишича, ижтимоий тармоқларни ёпиш Ўзбекистондаги монополист ширкат саналган "Ўзбектелеком"ни қўлидан келади:

- Тўсиб қўйиши ҳам мумкин ёки Skype мессенжеридаги каби муаммолар яратиши ҳам мумкин. Гўёки очилади, лекин ишлаши жуда секин бўлади. Техник жиҳатдан бу қўлидан келади. Бутунлай тўсиб қўямиз¸ деса ҳам Ўзбекистон ҳукуматининг қўлида бунақа имконият бор, - дейди Тўлқин Умаралиев.

Ўзбекистон йиллардан бери "Чегара билмас мухбирлар" ташкилотининг Интернет душманлари рўйхатида қолмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG