Линклар

logo-print

Россия рубли қуламоқда - бир доллар 100 га қараб кетди


Russia -- A woman walks past a board listing foreign currency rates against the Russian ruble in Moscow, January 21, 2016

Russia -- A woman walks past a board listing foreign currency rates against the Russian ruble in Moscow, January 21, 2016

21 январ куни доллар 85 рублдан ошди, евро нархи эса 93 рублга яқинлашди. Россия валютаси арзонлашиб бораётган нефть ва мамлакатнинг иқтисодий ночорлиги жараёнида қадрсизланиб бормоқда. Шунга қарамай, Кремль “рублнинг қулаши тўғрисидаги гап-сўзларга эрта”, демоқда.

Россия валютаси янги йил бошланганидан буён тезлик билан қулашда давом этмоқда: 21 январь куни бир АҚШ доллари нархи 86 дан ошди ва пастга шўнғиш соат сайин давом этмоқда.

Бу қулаш жаҳон бозорида нефть нархининг тушиб бораётгани жараёнида кузатилмоқда: бугунга келиб нефтнинг Urals маркаси 28 доллардан пастга тушди. Кузатувчилар нефтнинг бу қадар арзонлаши 13 йил олдинги рекордни урганини таъкидламоқда.

Вank of America экспертлари ҳисоб-китобига кўра, бир баррел нефть нархининг 25 долларга тушиш эҳтимолида 2016 йилги Россия бюджетининг дефицитсиз бажарилиши учун бир доллар 210 рублга баҳоланиши керак.

Банк мутахассислари Россия ҳукумати инқироздан бир амаллаб чиқиб олиши учун миллий валютани девальвация қилишгача, яъни хориж валюталарига нисбатан сунъий қадрсизлантиришгача бориши мумкин демоқда. Бундай қадам иқтисодий вазиятни бироз мўътадиллаштирса-да, Россиянинг бошқа мамлакатлардан иқтисодий изоляциясини юзага келтириши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

ФБК компаниясининг Стратегик таҳлил институти директори иқтисодчи Игорь Николаев Озодлик билан суҳбатда рубль қулашининг давом этишини тахмин қилди:

- Рублнинг узоқ муддатга қадрсизланиши кайфияти пайдо бўлди ва бу муаммо фақат нефтнинг арзонлашиши билан боғлиқ эмас! Тўғри, бу муҳим омил, аммо ягона эмас. Нефть нархининг тушиши тўхтаган ҳолатда ҳам (у бир кун эмас – бошқа кун, менимча, яқин орада тўхтайди) рублнинг тепага қараб эмаклашишини кутманг. Нефтдан ташқари Россия рублининг қадрига мамлакат макроиқтисодиёти жиддий таъсир ўтказади. Қудратли ва кучайиб бораётган валютага эга давлатнинг иқтисодиёти ҳам кучлидир. Яъни, валютанинг мустаҳкамланишига иқтисодий барқарорлик зарур. Россия макроиқтисодиёти эса ўта кучсиз. Санкциялар – рубль даражасига таъсир ўтказувчи яна бир омил. АҚШ Марказий банкининг долларни кучайтиришга қаратган сиёсати ҳам ҳисобга олиш зарур, деди таҳлилчи.

Игорь Николаев мавжуд вазият ортидан Россия валюта заҳираларининг 2016 йилда тугатилиши мумкинлигини тахмин қилади. У Заҳира жамғармаси ва Миллий барқарорлик жамғармасидаги маблағлар эвазига Владимир Путин ҳукумати кейинги сайловларгача бир амаллаб етиб олиши мумкинлигига ҳам ишора қилди.

Ҳозирга келиб Россия ҳукуматининг бюджет тақчиллиги боис ҳарбий ва ижтимоий соҳалардан ташқари барча соҳаларга пул ажратишни кескин қисқартиргани маълум бўлди.

Игорь Николаев мазкур вазият кутилган бўлса-да, уни “қулаш” эмас, кескин “кескин тушиш” деб аташ мумкин, дейди:

- Одамлар ҳам инқироз тезда тугамаслигини англаб етди. Уларда инқирозга нисбатан қандайдир кўникиш ҳосил бўлди, иқтисодиёт қулаб тушмаса-да, кескин пасайиши аниқ. Бу менинг тахминим, дейди иқтисодий таҳлилчи Игорь Николаев.

Россия Банки маълумотича, 2014 йилда мамлакатдан 153 миллиард, 2015 йилда эса қарийб 57 миллиард доллар миқдорида капитал “чиқиб кетган”.

Айни вақтда, Кремль рубль курсинининг “қулаб тушиши” ҳақида гапириш эрталигини билдирмоқда.

Россия Банки рубль курсидаги ҳаракатларни диққат билан кузатмоқда ва таҳлил этмоқда, деди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков журналистлар олдида пайшанба куни қилган чиқишида.

- Шу боис мен бу вазиятда “қулаш” сўзини ишлатмаган бўлардим. Курс дарҳақиқат ўзгармоқда, беқарор. Аммо бу қулашдан жуда узоқ ва юэага келган вазиятда мен Марказий Банк қулаш ортидан юзага келувчи ўзгаришларни бошқара олмаслигига ҳам ишонмайман, деди президент Путиннинг расмий вакили Дмитрий Песков.

Пайшанба куни рус валютасининг ярим соатда 3 рублга арзонлашиши натижасида кўплаб валюта алмаштириш шохобчаларида доллар ва евро етишмаслиги кузатилди.

Рублнинг арзонлашиши Россия иқтисодиёти билан боғлиқ бўлган Марказий Осиё валюталари, хусусан Ўзбекистон сўмининг ҳам пастлашишига сабаб бўлмоқда.

XS
SM
MD
LG