Линклар

Молдовада норозилик намойишлари давом этмоқда


Кишинёвдаги норозилик митинги.

Кишинёвдаги норозилик митинги.

Молдовада Павел Филипнинг Бош вазир этиб тасдиқланишига қарши норозлик намойишлари давом этмоқда.

Кишинев бош майдонига йиғилган минглаб одамлар парламентга навбатдан ташқари сайлов ўтказишни ва конституцияга ўзгартишлар киритишни талаб қилаётир. Норозилар фикрича, президент парламент томонидан эмас, халқ томонидан сайланиши керак, депутатлар сони ҳозирги 101 одамдан 71 одамга туширилиши зарур.

Молдованинг Павел Филип раҳбарлигидаги европапараст ҳукумати 21 январга ўтар кечаси қасамёдга келтирилган эди. Бундан норози бўлган норозилар ҳукумат уйига бостириб кирган, бироқ полиция уларни ҳукумат уйидан қувиб чиқаришга эришган эди.

Молдова янги ҳукуматига қарши норозилик намойишлари россияпараст “Бизнинг партия” ва социалистлар партияси томонидан уюштирилмоқда. Митингларда европапараст “Ғурур ва ҳақиқат” ҳаракати вакиллари ҳам иштирок этаётир.

Павел Филип сўнгги бир йил ичида Молдова ҳукумати раҳбарлигига келган учинчи Бош вазир бўлди. Молдова ҳукумати ўтган йилнинг октябрь ойида коррупция билан боғлиқ жанжал туфайли истеъфо берганидан сўнг мамлакатда сиёсий инқироз бошланган эди.

Норозилар аввалги ҳукуматлар каби уч ҳукумрон партия вакилларидан иборат янги ҳукумат коррупцияга барҳам бера олмайди, деб ҳисобламоқдалар.

XS
SM
MD
LG