Линклар

Имомали Раҳмонга истаганича президент бўлиш ҳуқуқи берилиши мумкин


Тожикистон президенти Имомали Раҳмон.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон.

Тожикистон парламенти конституцияга амалдаги президент Имомали Раҳмонга чекланмаган миқдорда президентликка номзодини қўйиш имконини берувчи тузатиш киритишни ёқлаб овоз берди. Мазкур тузатишларда президентликка номзодлар учун ёш цензини 30 га тушириш ҳам кўзда тутилган.

Тожикистон парламентининг қуйи палатаси 22 январь куни мамлакат конституциясига киритилган тузатишларни қабул қилди.

Тожик депутатлари томонидан қабул қилинган тузатишлар ўтган йил декабрида Миллат пешвоси мақоми берилган Имомали Раҳмонга чексиз марта давлат раҳбари лавозимига сайланиш имконини беради, дея хабар қиладиAsia Plus агентлиги депутат Маҳмадали Ватанзода сўзларига иқтибосан.

Амалдаги конституцияга мувофиқ, Тожикистонда бир шахс икки мартадан кўп президентликка сайлана олмайди.

Парламент томонидан қабул қилинган янги тузатишлар хулоса бериш учун Тожикистон Конституциявий судига юборилади. Суд ўз хулосасини берганидан кейин конституцияга тузатиш киритиш учун ўтказилажак умумхалқ референдумининг аниқ санаси эълон қилинади.

Тожикистон қонунчилигига кўра, мамлакат конституциясига тузатишлар умумхалқ референдуми ўтказиш орқали қабул қилиниши мумкин.

Жума куни қабул қилинган тузатишларга мувофиқ, эндиликда Тожикистон президенти лавозимига 30 ёшга кирган номзод ҳам даъвогарлик қилиши мумкин. Аввал Тожикистонда 35 ёшга кирмаган номзод президентликка даъвогарлик қилолмасди.

Конституцияга киритилмиш ўзгартишлар референдумда ёқланган тақдирда Имомали Раҳмоннинг катта ўғли Рустам Имомали ҳам 4 йил кейин ўтказилажак президент сайловида давлат раҳбари лавозимига номзодини кўрсатиш имконига эга бўлади. Кейинги президент сайлови бўлиб ўтадиган 2020 йилда Рустам Имомали 33 ёшга кирган бўлади.

22 январь куни киритилган тузатишларда мамлакат конституциясига нисбатан “Асосий қонун” таърифини ҳам олиб ташлаш режаланган.

Россиянинг яқин иттифоқдоши бўлмиш 62 ёшли президент Имомaли Рaҳмон Тожикистонни 1994 йилдaн бери бошқaриб келaди. Амалдаги президентнинг мансаб пиллапоялари бўйлаб кўтарилиши унинг 1988 йилда Данғара туманидаги Ленин номли совхоз директорлигига сайланганидан сўнг бошлангани айтилади.

Тожикистонни 23 йилдан буён бошқариб келаётган Имомали Раҳмонни “узурпатор”, яъни ҳокимиятни ноқонуний равишда ўзлаштириб олган шахс деб атаган тожик мухолифатчилариунга ўтган йил декабрида “Миллат пешвоси” мақоми берилишини ҳам кескин танқид қилиб чиққандилар.

“Миллат пешвоси” мақоми Имомали Раҳмонга, ҳатто келажакда президентликка сайланмаган тақдирда ҳам, халққа мурожаат билан чиқиш ва бўлажак президент қарорларини назорат қилиш ҳуқуқини беради.

XS
SM
MD
LG