Линклар

Халқаро ташкилотлар Кремлни Қодировнинг “таҳдидларига” тегишли муносабат билдиришга чақирди


Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров

Нуфузли халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Россия Президенти Владимир Путин ҳукуматини Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ва унинг атрофидагилар журналист ва фаолларга қилган “таҳдид” ва “дўқ-пўписалар” хусусида чора кўришга чақирди.

Amnesty International ва Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Қодиров ва бошқа чечен расмийларининг етакчи журналист ва фаолларни ҳақорат қилувчи баёнотлар ва ижтимоий тармоқлардаги шарҳлари юзасидан хавотир билдирди.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси директори Жоэль Симон Путинга юборган очиқ хатида: “Изланишларимиз ҳукумат танқидчиларига қарши таҳдидли риторика ортидан зўравонликлар содир этилганини, мухбирлар ўзини ўзи цензура қилишга мажбур бўлганини кўрсатади”, деб ёзди. Симоннинг очиқ хати ташкилот вебсайтида 21 январь куни эълон қилинди.

Бир кун аввал Amnesty International Россия расмийларини “Чеченисто сиёсий етакчилари”нинг “бир неча таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, матбуот вакиллари ҳамда сиёсий фаолларга нисбатан очиқ таҳдидларига тегишли муносабат билдиришга” чақирган эди.

“Бундай таҳдидларга жиддай ёндашиш керак”, дейилган эди ташкилот баёнотида.

Қодиров ва унинг атрофидаги сиёсатчилар кейинги ўн кун ичида либерал сиёсатчилар, фаоллар ва журналистларга очиқчасига таҳдид қилиб келмоқда.

Ҳужумга учраганлар орасида мустақил фикрлайдиган “Эхо Москвы” радиосининг бош муҳаррири Алексей Венедиктов, таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Лев Пономарёв ҳамда мухолифатчи фаол Илья Яшинлар бор.

Қодиров 2007 йилда Путин тарафидан Россиянинг хавфсизлик жиҳатидан беқарор Шимолий Кавказ минтақасидаги Чеченистон республикасига раҳбар этиб тайинланганидан бери бу ҳудудда яккаҳокимга айланган.

15 январь куни Қодиров Путинга қаршиларни “халқ душманлари” деб атаб, уларни жазолашга чақирди. Орадан бир неча кун ўтиб кўп тиражли “Известия” газетасида чоп этиглан мақоласида Қодиров Путин рақибларини “чиябўрилар” деб атади ва Россияни сақлаб қолиш учун уларни жазолаш кераклигини таъкидлади.

Кейинги ўн кун ичида Қодировга яқин Чеченистон расмийлари ижтимоий тармоқларда турли видео ва суратлар билан таҳдидомуз чиқишларни давом эттиришди. Кремль танқидчилари буларни таҳдид ўлароқ қабул олди.

Бу видеолар орасида Россия Давлат думасига Чеченистондан сайланган депутат, Қодировнинг яқин дўсти Адам Делимханов юклаган видео, айниқса, эътиборлидир. Бу видеода Делимханов ва яна бир тўда чеченнинг ўтган йили февраль ойида мухолифатчи Борис Немцов отиб кетилган кўприкда туриб “Қодиров – Россиянинг ишонган тоғи, Аллоҳу акбар!”, дея хитоб қилгани акс этган.

Қодиров танқидчиларининг аксари Немцов қотиллигида унинг қўли бор, деб ҳисоблайди. Қодировнинг ўзи буни рад этади. Немцовнинг оила аъзолари ва дўстлари Қодировнинг сўроқ қилинишига эришишга қаратилган уринишлари зое кетди.

Amnesty International ҳам, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси ҳам 2006 йилда Путинни танқид қилган журналист Анна Политковская, 2009 йилда эса чеченистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли Наталья Эстемирова ўлдирилишидан аввал уларга таҳдид қилинганини кўрсатувчи ҳисоботлар борлигини қайд этди.

Симон Путинга юборган хатида “Биз сизни матбуотни қўрқитишга қаратилган ҳар қандай ҳаракатни қоралашга чақирамиз ва Россия конституцияси ҳимоячиси сифатида давлат расмийлари журналистларнинг ҳукуматни ҳамда давлат агентликларини танқид қилиш бўйича конституциявий ҳуқуқларини ҳурмат қилишларига эътибор беришингизни сўраймиз”, деб ёзди.

Amnesty International эса Россия расмийларини “инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган фаолиятлари учун таҳдидларга, ҳужумларга ёки таҳқирлашларга учраган барча шахсларни тезкорлик билан ҳимоя қилишга” чақирди.

Путин ҳали Қодиров ва қодировчиларининг таҳдидомуз баёнотлари борасида ҳеч бир муносабат билдиргани йўқ.

Аммо Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков 20 январь куни Қодиров “Известия”да чоп этилган мақоласида “қонуний сиёсат майдонидан четдаги” “система ташидаги” мухолифатчиларни назарда тутганини айтди. Interfax агентлигига кўра, Песков “Айтилган гапларни босиқлик ва синчковлик билан қабул қилиш керак”, деган.

XS
SM
MD
LG