Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:18

Грознийда Рамзан Қодиров учун митинг ўтказилди


22 январь куни Чеченистон пойтахтида Рамзан Қодировни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилган митингда¸ чечен расмийлари иддаосича¸ бир миллионга яқин одам иштирок этди. Айни пайтда¸ гувоҳлар бу мажбурий-ихтиëрий тадбирда кўпи билан 200 минг одам қатнашганини айтмоқда.

Рамзан Қодировнинг икки ҳафта олдин Россия либерал мухолифатчиларига очган ўзига хос уруши 22 январь куни янги босқичга чиқарилди – Қодиров ўзининг кимлигини кўрсатиш мақсадида юз минглаб чеченларни “Кучимиз бирликда” деган шиор билан кўчага олиб чиқди.

Чеченларнинг Рамзан Қодиров ҳимоясига чиқиши учун жума куни республикада дам олиш куни деб эълон қилинди¸ бутун расмий тизим кучи Рамзан учун одамларни кўчага чиқариш¸ улар қўлига берилган шиорларни ëзиш ва тарқатишга ташланди.

Грозний "шайтонлар"га қарши шайтонлади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:35 0:00

22 январь куни Чеченистон раҳбари учун Грознийда оммавий тадбир ўтказилиши ҳақида биринчилардан бўлиб хабар тарқатган россиялик ҳуқуқ фаоли Игорь Каляпинга кўра¸ чеченистонликлар жума куни кўча тадбирида қатнашиш¸ давлат идоралари ва ҳҳокимликлар эса ҳаммани тадбирга олиш чиқиш лозимлигидан огоҳлантирилган:

- Эътибор беринг¸ одамларнинг Қодиров ҳимояси учун ташкиллаштирилган митингга чиқиши учун бутун Чеченистонда дам олиш куни эълон қилинди. Чеченларнинг билдиришича¸ уларга митингга чиқмаганларнинг муаммога учраши¸ аниқроғи¸ ишдан ҳайдалиши айтилган. Буларнинг ҳаммаси митингнинг мутлақ марказлашган характерда эканини кўрсатади¸ дейди Каляпин.

Айрим кузатувчилар¸ 22 январь кунги митингда қатнашганларнинг ҳаммаси ҳам бу ерга мажбур бўлганидан келмагани¸ улар орасида Қодировга ëқиш¸ ундан мукофот олиш илинжидагилар ҳам борлигини қайд этмоқда. Шунингдек¸ чеченларда “ўзимизникини бегонага урдириб қўймаймиз”¸ деган рефлекс кучлилиги боис¸ бир гуруҳ митингчиларнинг Грозний кўчаларига чечен лидерини “москвадагилар”дан ҳимоя қилиш истагида чиққани ҳам эътироф этилмоқда.

Грозний митингида қатнашган чеченистонликдан бири¸ тадбирда қатнашганлар сони чечен расмийлари томонидан бўрттирилганини билдирди:

- Бугун тонгги соат 7 дан бери шаҳарга машиналар қатнови фақат бир йўналишда бўлди¸ Одам жуда кўп бўлди. Доғистон ва Ингушетиядан ҳам вакиллар келди. Мен митингда режалангани каби 750 одам қатнашди¸ дея олмайман. Менимча¸ кўпи билан 200 минг одам бўлди. Келганларнинг деярли ҳаммаси давлат хизматчилари¸ ўқувчи ва талабалар бўлди. Улар “келдик” деб расман қайддан ўтишди¸ берилган шиорларни кўтариб туришди ва имкон бўлиши билан уй-уйларига тарқаб кетишди¸ дейди митинг қатнашчиларидан бири Озодликка.

22 январь кунги Грознийдаги митинг¸ Рамзан Қодировнинг Россия либераллари билан кескин айтишувини кульминацияга чиқарди.

12 январь куни Грознийда ўтказилган матбуот анжуманида Қодиров Россия мухолифатчиларини “халқ душманлари”¸ "шайтонлар" деб атади ва уларни сотқин сифатида суд қилишга чақирди.

Бу баëнотдан сўнг Россия ижтимоий тармоқларида “Қодиров-Россия учун иснод” деган акция бошланди. Бунга жавобан чечен парламенти “Қодиров-Россиянинг фахри” деган акция билан чиқди.

16 январь куни Россия ҳуқуқ фаоллари ва жамоатчилик арбоблари очиқ хат билан чиқиб¸ уч синф маълумоти билан ўзини академик деб атайдиган Рамзан Қодировнинг истеъфосини талаб қилди. Шу куни президент ҳузуридаги Инсон ҳақлари комиссияси Қодировнинг “системадан ташқаридаги мухолифат” ҳақидаги баëнотлари Россия конституциясига қанчалик мослигини ўрганишга киришганини билдирди.

20 январь куни Чеченистонда Рамзан Қодировни қувватлаш учун флешмоб ўтказилди ва унда “Рамзан - сен Россия қаҳрамони¸ биз сен билан!” деган шиор ушлаган мактаб ўқувчилари уюштирилган шаклда иштирок этди.

Айни пайтда¸ Россия сиëсий мухолифати ҳам 22 январь кунги Грозний митингига ўз жавобини ҳозирламоқда. Хусусан¸ 26 январь куни "Яблоко" партияси Москвада Қодиров истеъфосини талаб қилиб¸ пикет ўтказмоқчи.​

ПАРНАС эса¸ “Миллий хавфсизликка таҳдид” деган сарлавҳа остида Рамзан Қодировнинг жиноий кирдикорларига оид махсус ҳисоботни очиқлаш арафасида. Борис Немцов ўлдирилганига бир йил тўлиши арафасида эълон қилинадиган бу ҳисоботда Рамзан Қодировнинг Россиядаги энг йирик сиëсий қотилликларга алоқадорлигига оид маълумотларнинг жамоатчиликка тақдим этилиши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG