Линклар

Россия президенти Владимир Путинда унинг назарида кескин тазйиқларга учраётган европалик яҳудийлар учун кутилмаган таклиф бор: улар Россияга кўчиб келишлари мумкин. Европа яҳудийлари конгресси (ЕЯК) делегацияси билан 19 январь куни учрашган Россия президенти “Улар бизга келишсин. Совет Иттифоқини тарк этишган. Қайтиб келишлари мумкин”, деди.

Президент Путин Европадаги яҳудийлар “ўз миллатларини яширишга ҳаракат қиляпти” ва айримлар “жамоат жойларида ермолка кийишдан қўрқади”, дея сўзини давом эттирди.

Путин бу билан ЕЯКнинг Россияда туғилиб-ўсган етакчиси Вячеслав Моше Конторнинг ҳайқириқларини назарда тутди.

Контор Европада антисемитизм Иккинчи жаҳон уруши давридаги даражага етгани ва яҳудийлар “қачонлардир равнақли бўлган Европани тарк этаётгани” ҳақида огоҳлантирган эди.

Кейинги йилларда қатор Европа давлатида, хусусан, Францияда яҳудийлар бир неча марта йирик ҳужум қурбони бўлди. Жумладан, 2015 йилнинг январида Charlie Hebdo сатирик журналига қилинган ҳужумдан икки кун ўтиб Париждаги яҳудий дўконига ҳужум қилинган, бир неча одам асир олинган эди.

Кремлпараст RT телеканали Путинни “Европада ўсиб бораётган антисемитик ҳужумлар кўпаяётган бир пайтда” европалик яҳудийларга “бошпана” таклиф қилгани учун олқишлади.

Аммо Россия миллатчиликка қарши етарлича курашмаслиги ҳеч кимга сир эмас. Шу сабаб Путиннинг бу таклифига ишончсизлик билан қаралмоқда.

Россиянинг Хитой билан чегарасига яқин ҳудудида жойлашган Яҳудий автоном округи расмийллари дарров Путиннинг таклифини қўллади. Губернатор Александр Левинтал тезда Европани тарк этаётган яҳудийларни Россияга таклиф этди.

Камдан-кам европалик яҳудий Яҳудий автоном округи у ёқда турсин, Россияга кўчиб ўтишни истайди, десак хато бўлмайди. Совет Иттифоқи республикаларида туғилиб-ўсган яҳудийларнинг аксари 80 йиллар охири, 90 йиллар бошида Европага борган ва аллақачон янги ватанларига ассимиляция бўлишган.

Ҳозир Парижда истиқомат қилувчи москвалик Диана “Балки, Владимир Путиннинг нияти холисдир, лекин шахсан мени бу умуман қизиқтирмайди”, дейди. “Францияда 20 йилдан ошиқ пайтдан бери яшайман. Менга Францияда жуда ёқади, ўзимни Франция фуқаросидек ҳис қиламан”.

Францияда кейинги йилларда яҳудийларга қарши қилинган ҳужумларга қарамасдан, молиячилик билан шуғулланувчи Диана чек-чегарасиз антисемитизм ҳақидаги хабарлар кўпиртирилганини айтади. “Францияда менда ҳеч қачон қўрқув ҳисси уйғонмаган, антисемитизм қурбони бўлмаганман. Францияни тарк этиш ниятим йўқ. Бу ер Исроил, Россия ёки бошқа бирор жойдан кўра хавфлироқ эмас”.

Путиннинг таклифи Интернетда қизғин муҳокама қилинмоқда. Кўпчилик Интернет фаоли кейинги йилларда Европа яҳудийлари чиндан бир неча ҳужум қурбони бўлган бўлса-да, антисемитизм Россияда ҳам кучаяётганини айтишмоқда.

Twitter Фойдаланувчиси Dave Dalton “Жаноб Путин Европада ўзини хавф остида ҳис қилаётган яҳудийларга унинг ўрнига Россияга бориб, қўрқув ичида яшашни таклиф қилди”, деб ёзди.

Яна бир фойдаланувчи Steve Rosenberg “Путин Европдаги яҳудийларни антисемитизмдан қочиш учун Россияга чақирди. “Уллар СССРни тарк этишган, энди қайтиб келишсин””, дея твит ёзди. Бунга жавобан твиттерчи Ricky_P123 заҳархандалик билан “Эҳ, Россия, яҳудийлар ҳар доим тенг ҳуқуққа эга бўлган, таҳқирланмаган юрт”, дея жавоб қайтарди.

Яна бир фойдаланувчи мазкур ойда Россия матбуотида хабар қилинган миллитчилар хужумини назарда тутиб, киноя билан “Миллатчилар Янги Москвада поезд йўловчисига тўқмоқлар билан ҳужум қилишди. Яҳудийлар, келинг биз томонларга!”, деб ёзди.

Исроил расмийларига кўра, 2014 йилда 5 000 га яқин яҳудий Россияни тарк этиб, Исроилга кўчиб борган. Бу охирги 16 йил ичида кузатилган кўрсаткичлардан камида икки баробарга кўпдир.

Клэр Бигг

(Нодир Отаев таржимаси)

XS
SM
MD
LG