Линклар

Қирғиз расмийлари чегарадаги баҳсли ҳудудларни ижарага беряпти


Қирғиз расмийлари чегарадаги ўз назоратини кучайтириш мақсадида қирғиз-тожик чегарасидаги баҳсли ерларни деҳқонларга арзон-гаров ижарага бермоқда. Гарчи бу ҳудудларда сув етишмовчилиги бўлса ҳам, деҳқонлар бу ерларни ўзлаштиришга киришганлар.

Боткен вилояти ҳокимияти Тожикистон билан қаровсиз қолган чегарадош ҳудудда назорат ўрнатиш мақсадида ерларни арзон нархда дехқонларга ижарага бермоқда. Ҳозирда чегарадош ҳудуднинг 200 гектарига дехқонлар томонидан ўрик дарахтлари экилди.

“Биз қишлоқ ҳукуматига бориб сувсиз ерларни ўзлаштирайлик дедик ва ҳукумат рози бўлди. Биз 90 гектар ерга экин экдик. Бу ер совет давридан кейин қаровсиз қолиб кетган ер эди. Ўтган йили олганимизда шу ерларда тожик чегарачилари юрган эди. Биз уларни хайдаб, ерни ўзлаштирдик. Бу ҳудудлар баҳсли ҳудудлар бўлган. Ҳозир 7 минг кўчат экдик. Бу дегани 50-60 одам қишин-ёзин иш билан таъминланди дегани”, - дейди дехқонлардан бири Чинғизбек.

Боткеннинг Янгиер қишлоғи Тожикистоннинг икки тумани билан чегарадош бўлиб, бу ҳудудда мунтазам чегара жанжаллари содир бўлган.

Икки йил аввал ҳудуддаги нефт ишлаб чиқилувчи Катта туз участкаси икки давлат ўртасида талашга тушиб, катта можарога сабаб бўлган эди.

Қишлоқ оқсоқоли Саатбек Эгембердиевга кўра, чегара ҳудудларини назорат қилиш мақсадида чегара яқинидаги ҳудудлар дехқонларга енгиллаштирилган тарзда, арзон баҳода ижарага берилмоқда.

“Дехқонларимиз бундан ҳам кўп ерларни ўзлаштирига тайёр. Фақат сув етишмовчилигини биргина муаммо бўляпти. Бу чегарани мустаҳкамлашга энг катта ёрдам. Агар қонунларимиз имкон берганида мен чегара ҳудудларини пулсиз ижарага берган бўлардим. У ерларда сув йўқ кўп нарса эколмайди, ҳеч бўлмаса назорат қилинарди”, -дейди Саатбек Эгембердиев.

Бироқ кузатувчиларнинг айтишларича, қирғиз-тожик чегарасидаги баҳсли ҳудудлар тўлиқ аниқланмай ва муаммо ҳал қилинмай туриб, бу ерларни деҳқонларга ижарага берилиши келажакда катта жанжаллар келтириб чиқариши мумкин.

Боткен вилоятининг 600 километрга яқин ери Тожикистон билан чегарадош ҳудуд ҳисобланади.

Айни пайтда Қирғизистон ҳукумати қирғиз-тожик чегараси юзасидан келишув лойиҳасини тайёрлаган. Унга мувофиқ, аниқланган ва баҳсли бўлмаган чегаралар бўйича ҳужжат давлат раҳбарлари даражасида имзоланади.

Қирғизистон билан Тожикистон ўтган йилнинг ноябрь ойидаги учрашувда икки давлат ўртасида аввал тасдиқланган чегараларни ҳужжатлаштириб қўйишга келишилган эди.

Томонлар бундан кейин эски карталарга қарамай, Олмаота декларацияси бўйича иш олиб боришга келишган. Мазкур декларацияга мувофиқ, ҳар бир мамлакат мустақилликни қўлга киритган даврдаги чегараси билан қолиши кўрсатилган. Бундан ташқари икки давлат вакиллари баъзи баҳсли ҳудудларни ўзраро алмашиш орқали ҳам масалани ҳал қилишни муҳокама қилган.

Бунгача томонлар баҳсли чегара ҳудудлари бўйича бир неча маротаба учрашган бўлишига қарамай, бир фикрга келишолмаган. Бу эса қирғиз-тожик чегарасида турли жанжал ва можаролар бўлиб туришига сабаб бўлмоқда.

XS
SM
MD
LG