Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:11

Тожикистонда хавфсизлик чоралари кескин кучайтирилди


Душанбе маркази
Душанбе маркази

24 январь эрта тонгдан бошлаб Тожикистоннинг барча шаҳар ва туманларида хавфсизлик чоралари кучайтирилди.

Озодлик мухбирининг айтишича, пойтахт Душанбеда муҳим давлат идолари ўнгида ва гавжум кўчаларда кўп сонда хавфсизлик ходимларини кўриш мумкин.

Хўжанд, Кўлоб ва Қўрғонтеппа каби йирик шаҳарларда ҳам хавфсизлик чоралари кучайтилгани ҳақида хабарлар келмоқда.

Озодлик манбаларининг билдиришича, шанбадан якшанбага ўтар кечаси йирик шаҳарларда милиция ва хавфсизлик ходимлари казарма ҳолатига ўтказилган.

Шунингдек, баъзи шаҳар ва туманларга кираверишда қўшимча назорат нуқталари ўрнатилган.

Ҳозиргача хавфсизлик чораларининг кучайтирилгани сабаби маълум эмас, аммо Озодлик мухбири билан суҳбатда милиция ходимлари ҳуқуқ-тартибот ходимларининг кўчалар, хиёбонлар ва муҳим давлат идораларига жойлаштирилиши бу тузулмалар тайёрлигини текшириш мақсадида ўтказилишини билдирдилар.

Тожикистон расмийлари юзага келган ҳолат юзасидан ҳозиргача ҳеч қандай расмий маълумот берганлари йўқ.

Охирги марта бундай хавфсизлик тадбирлари ўтган йил сентябрида Душанбе ва Ваҳдат шаҳарларида полиция идораларига қилинган қуролли ҳужумлардан кейин олинган эди.

Ўшанда Тожикистон ҳукумати қуролли ҳужумлар учун Мудофаа вазирининг собиқ муовини Абдуҳалим Назарзода бошчилигидаги қуролли гуруҳни айблаб чиқди.

Кўп ўтмай Тожикистон Ички ишлар вазирлиги Душанбе шарқидаги Ромит дарасида Абдуҳалим Назарзода бошчилигидаги қуролли гуруҳ тор-мор этилгани ва исёнчи генералнинг ўзи ўлдирилгани ҳақида баёнот берди.

XS
SM
MD
LG