Линклар

logo-print

Осиё тараққиёт банки 3 йилда Ўзбекистонга 2 миллиард доллар кредит беради


Таллимаржон иссиқлик электр станцияси

Таллимаржон иссиқлик электр станцияси

Осиё тараққиёт банки 2016-2018 йиллар давомида Ўзбекистонга 1 миллиард 890 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит беришини маълум қилди. Расмий хабарларда ваъда қилинишича, кейинги уч йил давомида Ўзбекистонга бериладиган бу маблағининг каттагина қисмига йўл, иссиқлик электр станцияси ва тоза ичимлик суви қувурлари қурилади.

Бу ҳақда ташкилот расмий сайтига таяниб берилаётган хабарларга кўра, 2016-2018 йиллар давомида Ўзбекистонга бериладиган бу кредит ҳисобига мамлакатда жами қиймати 5 миллиард АҚШ доллари бўлган 22 та лойиҳа бўйича иш олиб борилади.

Бу лойиҳалар, асосан, энергетика, транспортация, хусусий бизнес ва таълим соҳаларига оиддир. Шунингдек, суғориладиган майдонлар ва аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашга оид йирик лойиҳалар ҳам тилга олинмоқда.

Шунингдек, банкдан олинган кредитнинг каттагина қисми Марказий Осиёдаги транспорт коридорига туташиши режалаштирилган миллий магистрал йўлларни қуришга ажратилиши айтилган.

Ўзбекистон ҳукумати бу маблағнинг 490 миллионини иссиқлик электр станцияларини модернизация қилиш, қуёш энергиясига мосланган станцияларни қуриш, гидроэлектро станцияларни модернизация қилиш ва бундай станциялар тармоғини таъмирлашга ажратишга келишган.

Жами сумманинг 340 миллиони эса аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш лойиҳаларига ажратилиши ваъда қилинган.

Ўзбекистон Осиё тараққиёт банкига 1995 йилда аъзо бўлган ва шундан буён бу банк томонидан Марказий Осиё учун ажратилган кредитнинг асосий қисмини Ўзбекистон олиб келмоқда.

Банк шу кунга қадар Ўзбекистонга 5 миллиард доллардан ортиқ кредит киритди. Жами бўлиб эса 14 ярим миллиард АҚШ доллари миқдоридаги 40дан ортиқ лойиҳани амалга ошириш режаланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG