Линклар

Мелисадан тепки еган аёл президентга шикояти учун туҳматда ҳам айбланди


Тошкентнинг "Чорсу" бозорида қорнида 6 ойлик ҳомиласи билан милиционер томонидан тепкиланганини даъво қилган 35 яшар Севара Султоновага президент девони ва МХХга ариза ёзгани учун 139-модда асосида “ёлғондан иборат шикоят матнини давлат идораларига тарқатганлик” айби қўйилди. 25 январда айблов хулосасини қўлига олган аёл жами 3 та модда билан милиционерга қаршилик кўрсатиш, ҳақорат ва туҳмат қилишда айбланмоқда.

Тошкент шаҳридаги "Чорсу" бозорида ҳомиладор ҳолида милиционер томонидан калтакланганини даъво қилган тошкентлик 35 яшар Севара Султонова, ва ниҳоят, айблов хулосасини қўлига олганини айтмоқда.

Шу йилнинг 18 январь куни Озодликка қилган мурожаатида бу аёл ўтган йилнинг 12 сентябрида Тошкентдаги "Чорсу" бозорида Шайхонтоҳур тумани ИИБ мулозимларидан бири уни калтаклаганини иддао қилган эди.

25 январь куни аёлнинг қўлига топширилган айблов хулосасида Севара Султоновага Ўзбекистон Жиноят Кодексининг бир йўла 3 та моддаси - 219-модда (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш), 139-модда (туҳмат) ва 140-модда (ҳақорат қилиш) айби қўйилган.

Севара Султонова "милиция ходимини тепган, ҳақорат қилган, погонларини юлиб олган" мазмунида 219-модда остига унга нисбатан илгари сурилган айбловга иқрор эмаслиги ва буни туҳмат, деб билишини яна таъкидлади.

Аммо, 139 ва 140-моддалар эса бундай "туҳматга норозилик тарзида президент девонига мурожаат қилгани учун қўйилган", деб тушуншини айтмоқда:

- Айблов хулосасида шунақа деб ёзилган: "... ёлғон воқеа-ҳодисалар баён этилган мурожаатлардан иборат шикоятларнинг матнини тайёрлаб, ушбу шикоятларни Ўзбекистон Республикаси Президенти девони, Олий Мажлиси, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили - Омбудсмен, Бош Прокуратураси, Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, бошқа орган ва идораларига тарқатиб келган. Ғаразгўйлик ва бошқа паст ниятлар билан босма усулда кўпайтирилган тарқатишда ифодаланган ҳуқуққа хилоф ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 139-моддаси, 3-қисми, "г" бандида кўзда тутилган жиноятни содир этган". Менга президент девонига ариза ёзганим учун "туҳмат тарқатдинг" деб шу моддани қўллашган, деб тушундим мен, - деди Озодлик билан суҳбатда Севара Султонова.

Севара Султонова шу кунда милиционер тепкисидан қорнидалик чоғида бир неча бор нобуд бўлиш хавфи остида қолган ва оғир аҳволда туғилган гўдаги хасталиги боис, суҳбатни қисқа қилишга мажбур эканини айтди.

Озодлик билан микрофонсиз суҳбатлашган турмуш ўртоғи шу кунларда Севаранинг калтакланишига гувоҳ бўлган ва кўрсатма берган савдогарларга жарима солиниши айтилиб, босим ўтказилмоқда, деб даъво қилди.

Озодлик билан исмини очиқламаслик шарти остида суҳбатлашган тадбиркор аёллардан бири "Севаранинг бошига ИИВ ходими бир даста шим билан урганини кўзим билан кўрдим", деди:

- Мен сал кечроқ бордимда, одамлар гавжум, оломон бўлиб ётган экан. Кейин шимнинг парчаси билан бошига урганини кўрдим. Бир пачка шим қаттиқ бўлади. Ҳушидан кетиб, йиқилиб қолганини кўрдим. Севаранинг ўзи мелисани қайдан уради, ўзи бечора иккиқат бўлиб зўрға юрган бўлса?! Погонини қаердан юлиб олади, у одам гавдали одам, Севаранинг бўйи пастгина бўлса, бўйи етармикан погонига?! Мен кўрганимни айтаман, кўрмаган нарсамни гапирмайман, - деди исмини ошкор қилмаслик шарти билан Озодликка сўзлаган савдогар аёл.

Бу аёл Озодлик билан суҳбатда Севара Султонова иши бўйича гувоҳлик бермасликка ундаб, унга ИИВ ходимлари томонидан босим бўлаётганини тасдиқламади. Аммо, Султонова бу аёлга босим бўлди, аммо иқрор бўлишга чўчияпти, деб даъво қилишда давом этмоқда.

Шу тариқа, 12 сентябрь куни "Чорсу" бозорида ИИВнинг юқори лавозимли ходимидан тепки егани, оғир аҳволда шифохонага тушганини даъво қилаётган шайхонтоҳурлик 35 яшар Севара Султоновага 3-модда билан айблов эълон қилинди.

Айблов исботини топган тақдирда бу аёл энг кам иш ҳақининг 50 баробаридан 400 баробаригача жарима ёхуд 3 йилгача аҳлоқ тузатиш, ёки 2 ойдан 3 йилгача қамоқ жазосини олиши мумкин.

Севара Султонова 3 фарзанднинг онаси. Милициянинг тепкиси остида тушишга бир баҳя қолган учинчи фарзанди 14 декабрь куни туғилган.

Турмуш ўртоғи бор, аммо у исми очиқланишини истамади.

Мурожаати сўнгида Севара Султонова Озодлик радиоси орқали инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотларга мурожаат қилиши ва улардан ёрдам кутиб қолишини алоҳида таъкидлади.

Озодлик Севара Султонова билан судлашаётган ИИВ ходими билан боғланишга уринмоқда, аммо ҳозирча муваффақ бўлмади.

XS
SM
MD
LG