Линклар

logo-print

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини автотранспортда экспорт қилиш муддати 6 ойга узайтирилди


Ўзбекистон ҳукумати автотранспортда хорижга мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум экспорт қилиш муддатини 2016 йил 1 июлигача узайтирди. Бу ҳақдаги ҳукумат қарори шу йил 20 январида чиққан.

Экспортга рухсат Мева-сабзавот маҳсулотларидан ички бозорда рационал фойдаланиш ҳамда экспортни ташкиллаштириш масалаларини ҳал қилиш бўйича ишчи гуруҳ томонидан тасдиқланмиш рўйхатга кирган ҳуқуқий шахсларгагина берилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2015 йил 1 сентябридан бошлаб мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумни автотранспорт воситаларида хорижга олиб чиқиб кетиш тақиқланганди. Қарор изоҳида бундан мақсад Ўзбекистон мева-сабзавоти ва полиз экинларини солиқ ва бож тўловларини четлаб ўтиб, хорижга олиб чиқаëтган “ноҳалол экспортчилар”ни тўхтатиш ва уларни фош қилиб, жазога тортиш ва экспортни шаффофлаштириш экани таъкидланганди.

Бироқ ўтган йилнинг октябрь ойи бошида Ўзбекистон ҳукумати 2016 йил 1 январигача мева-сабзавотни автотранспорт билан экспорт қилишга рухсат берган ва ўтган ҳафта бу муддат яна 6 ойга узайтирилган.

Fergananews.com сайти тахминича, ҳукуматнинг бу қарорига “Россия Қишлоқ хўжалиги вазирлигида 13 январь куни Ўзбекистон давлат корпорациялари вакиллари билан қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорти ҳажмини ошириш бўйича бўлиб ўтган учрашув таъсир қилган бўлиши мумкин.

XS
SM
MD
LG