Линклар

АҚШ маъмурияти Россия президенти Владимир Путинни “коррупцияга чалинган”, деб ҳисоблайди ва анча йилдан буён у ҳақда шундай фикрда. Бу ҳақда АҚШ Молия вазирлиги вакили Адам Шубин Би-Би-Сига берган интервьюсида билдирган.

“Биз унинг ўз дўстлари ва яқинларини бойитиш билан шуғулланаётганини кузатиб турибмиз... Россия табиий бойликлари ва давлат буюртмаларини тасарруф этиш масаласига келсак, буларни у ўзига хизмат қилган одамларга тақдим қилади ва ишончига сазовор бўлмаганларни булардан мосуво қилади. Менимча, бу коррупция таърифига мувофиқ ишдир”, деди Адам Шубин.

Қўшма Штатлар 2014 йилда Путин атрофидаги қатор шахсларга қарши санкциялар жорий қилган, бироқ ҳозиргача Россия президентини коррупцияда бевосита айбламаганди.

Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Би-Би-Си билан суҳбатда: “(Коррупция ҳақидаги) саволларнинг биронтаси жавоб беришга арзимайди, чунки улар “қип-қизил уйдирма” бўлиб ҳисобланади”, деган. Путиннинг ўзи эса интервью беришдан бош тортган.

XS
SM
MD
LG