Линклар

logo-print

Қозоғистон президенти ҳам 4 та қўшиқ "яратиб" сайтига илиб қўйди


1989 йилдан бери Қозоғистонга етакчилиб қилиб келаётган “Элбоши” - Нурсултон Назарбоевнинг расмий сайтига унинг ўзи “яратган”и иддао қилинган 4 қўшиқ юкланди. Вақти давлат ишларидан ошмайдиган, ҳатто, селфига тушишдан бош тортадиган Назарбоев қўшиқлар матнини ўзи ёзганми, мусиқасини ўзи басталаганми ҳозирча номаълум.

Марказий Осиё президентлари узоқ яшаши билан ном чиқарган. Бу президентларнинг аксари чорак асрдан бери ҳокимият тепасида бўлиб, муваффқиятли равишда лавозимини қўлдан бой бермай келади.

Аммо, бу минтақанинг автократик лидерлари ўзларининг ижодий қобилиятларини ҳам кўз-кўз қилиб туришади.

Вақтини хўжакўрсинга ишлайдиган парламентни тарқатиш, селфига тушишдан бош тортиш, иқтисодий бўҳронга тайёрланиш билан ўтказувчи Назарбоев қўшиқлар матнини ёзганми, мусиқасини басталаганми ёки ҳам шоирлик, ҳам бастакорлик қилганми, ҳозирча номаълум.

Президент қаламига мансуб экани айтилаёган қўшиқлар орасида икки ўта ватанпарвар ашула – “Ерим менинг” ҳамда “Элим менинг” ашулалари бор. Қолган иккиси “Чавкар от” ҳамда “Ушқонир” деб аталади. (Ушқонир - Қозоғистонда жойлашган қишлоқ номидир).

Бу икки қўшиқда муаллифнинг болалиги, ота-онаси ҳамда она қишлоғини қўмсаётгани куйланади. Президент вебсайтига яна Назарбоевнинг “севимли ашулаларини” ўз ичига олган плейлист ҳам юкланди.

Бу плейлистга қозоқларнинг машҳур ватан ҳақидаги қўшиқлари ва миллий ашулалари киритилган.

Президентнинг Akorda.kz сайтида ва унинг Facebookдаги сафиҳасида Назарбоев Қозоғистон давлат гимнини ёзишда ҳам иштирок этгани иддао қилинади.

75 ёшга кирган президент бундан аввал қозоқларнинг миллий чолғу асоби дўмбирани чалиб, ашула айтган эди.

Назарбоев Марказий Осиёнинг ягона қўшиқчи президенти эмас.

Қўшни Туркманистонда президент Қурбонқули Бердимуҳамедов 2011 йилдаёқ қўшиқ басталаш ва куйлаш қобилиятини кўз-кўз қилган эди.

Тожикистонда эса президент Эмомали Раҳмон концертлар давомида микрофонни қўлга олиб, қўшиқчиларга жўр бўлиб туради.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов эса омма олдида қўшиқ куйламаган, лекин оммавий тадбирларда тез-тез рақсга тушиб туради.

XS
SM
MD
LG