Линклар

Салимбойга ёниб кетган “Жўрабек” масжидини қайта қуришга изн беришмади


Баъзи Интернет нашрлар 2015 йилнинг апрелида ёниб кетган “Жўрабек” масжидини қайта тиклаш ишлари шу кунларда жадал бошлаб юборилгани тўғрисида хабар қилди.

Тошкентдаги мазкур масжидда ёнғин чиққанидан бир-икки ҳафта ўтибоқ, уни қайта тиклашни 65 яшар тадбиркор Салим Абдувалиев ўз зиммасига олгани тўғрисида гап-сўзлар пайдо бўлган эди.

Озодликнинг “Жўрабек” масжиди атрофидаги гап-сўзлардан хабардор манбаларига кўра, ҳукумат криминал авторитет сифатида танилган Салим Абдувалиевга масжидни қайта тиклашга рухсат бермаган.

“Жўрабек” масжидини қайта қуриш бошлангани, қурилиш сарф-ҳаражатларини Салим Абдувалиев кўтараётгани тўғрисида uzmetronom.com сайти хабар қилди.

Сайт “қайта тикланадиган эмас, балки янгидан қуриладиган” масжидни “президент Каримовнинг ташаббуси билан қурилган “Минор”масжидига менгзади.

Нашрга ишониладиган бўлса, Салим Абдувалиев қайта қурилажак масжид саҳнини кенгайтириш учун унга қўшни 3 та ҳовлини, ҳар бирини 150 минг долларданга, сотиб олган.

Бу хабар кетидан мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов Озодликнинг илтимосига жавобан қурилиш ишларини кўриб келиш учун “Жўрабек” масжидига борди ва ... ёнганидан сўнг вайронаси суриб ташланган собиқ масжид ўрнида ҳеч қандай иш олиб борилмаётганига гувоҳ бўлиб қайтди.

- Агар қурилажак иморатнинг пойдеворини шартли равишда 10 фоиз, деб олсак, қўшимча неча фоиз қурилиш қилинган?

- Бир фоиз ҳам иш қилинган эмас. Пойдевор ҳам йўқ. Умуман текис майдон холос. Ёниб кетган бинонинг пойдевори ҳам қолган эмас. Текислаб ташлашган.

Ёниб кетган "Жўрабек" масжиди ўрни баландлиги 4 метрли девор билан ўраб қўйилган. 2015, 26 январь

Ёниб кетган "Жўрабек" масжиди ўрни баландлиги 4 метрли девор билан ўраб қўйилган. 2015, 26 январь

Абдураҳмон Ташановнинг гувоҳлик беришича, ўтган йилнинг апрелигача “Жўрабек” масжиди турган майдонда қурилиш ишлари нафақат бугун олиб борилмаяпти, балки сўнгги кунларда биров бу ерда бирон иш қилгани аломати кўринмайди.

Озодликнинг собиқ “Жўрабек” масжиди қавми бўлган икки манбаси бир биридан мустақил равишда масжид қурилишига оид бир хил гапни айтди. Ки Салим Абдувалиев масжидни қайта тиклашга сўнгги қарийб бир йил ичида ҳукуматдан 3 марта рухсат сўраган, лекин изн ололмаган.

Ёниб кетган "Жўрабек" масжиди ўрни. 2015, 26 январь.

Ёниб кетган "Жўрабек" масжиди ўрни. 2015, 26 январь.

Ҳукумат, дейилар экан, Тошкент шаҳар ҳокимлиги назарда тутилаяптими ёки Вазирлар Маҳкамасими?

Афсуски, бу саволга жавоб бериши мумкин бўлган Салим Абдувалиев ҳам, ҳукумат ҳам ўзларини оммавий ахборот воситаларидан жуда узоқда тутади.

Шуниси қизиқки Салим Абдувалиев “Жўрабек” масжидини таъмирлаш харажатларини ўз зиммасига олгани тўғрисида ҳам ўтган йилнинг 6 майида uzmetronom.com нашри хабар қилган эди.

2015 йилнинг апрелида ёнғин оқибатида Тошкентдаги энг йирик масжидлардан бири, Яшнаобод (собиқ Ҳамза) туманидаги “Жўрабек” масжиди биносининг тўқсон фоизи ёниб кул бўлган эди.

Расмийлар ёнғинга электр симларининг қисқа туташуви сабаб бўлганини айтишган.

Ўзбекистон Дин ишлари қўмитаси ёниб кетган масжид яқин ойларда тикланишини билдирган, лекин таъмирлаш ишлари қайси маблағ эвазига амалга оширилишини аниқлаштирмаган эди.

Ўзбекистон Дин ишлар қўмитасининг Масжидлар бўлими бошлиғи Мухаммадбобур Йулдошев Озодлик билан суҳбатда ёнғиндан зиён кўрган “Жўрабек” масжиди Салим Абдувалиев пулига таъмирланиши ҳақидаги хабарларни на тасдиқлаган ва на инкор қилган.

- Ҳозир бу кўриб чиқиляпти. Унинг плани чизилади ва шу асосда қайта тикланади. Асосан ҳашар йўли билан қилинади,- деб гапни қисқа қилган эди Йўлдошев.

XS
SM
MD
LG