Линклар

logo-print

Москвада Чеченистон президенти Рамзан Қодиров истеъфоси талаби билан президент девони олдида якка пикетга чиққан “Яблоко” партиясининг уч намояндаси полиция томонидан ҳибс этилди. Ушланган Сергей Митрохин ва Антон Антонов-Овсеенко якка пикет Москва шаҳар маъмурияти томонидан оммавий митингга рухсат бермаганидан кейин якка тартибда Владимир Путин бошқараётган девонни пикет қилишга чиққани айтилмоқда. Айни пайтда, Владимир Путин Рамзан Қодировга содиқлиги учун алоҳида миннатдорчилик билдирди.

Сешанба 26 январь куни Москвада Россия президенти девони олдида якка тартибда Рамзан Қодиров истеъфосини талаб қилаётган бир гуруҳ “Яблоко” партияси вакиллари қўлга олинди.

“Яблоко”нинг собиқ раиси Сергей Митрохин шаҳарнинг Китайгороддаги президент маъмурияти биноси олдида соат кундузги 12-да “Қодиров – истеъфога!” плакатини ёйиши биланоқ ҳуқуқ-тартибот идораси ходимлари томонидан қуршаб олинди.

Аввалига полиция “яблокочи”лардан паспортни кўрсатишни талаб қилди, кейин бирор сабабини тушунтирмасдан уларни полиция бўлимига олиб кетди.

"Мен Сергей Митрохин, якка тартибда пикет ўтказишга кетяпман.

- Сиз пикетга кетаётган бўлсангиз, ҳужжатларингиз бўлиши шарт!

- Бўлмаган гап! Қонунда бу кўрсатилмаган. Шу сабабли менинг ҳужжатим йўқ.

Бу Сергей Митрохин ва уни ҳибс этгани келган полиция ходими ўртасида бўлиб ўтган қисқа суҳбат.

Партия матбуот хизмати раҳбари Мария Епифанова “у президент девони биноси назорат пунктидан ичкарига киришга урингани учун” ҳибс этилганини билдирди.

Сергей Митрохин президент девони олдига қўйилмади

Сергей Митрохин президент девони олдига қўйилмади

“Яблоко” раҳбарияти Рамзан Қодировдан “нотизим мухолифат” вакилларини “халқ душманлари”га тенглаштиргани учун кечирим сўрашини, Владимир Путиндан эса Чеченистон раҳбарини истеъфога чиқаришни талаб қилмоқда.

- Мен Игорь Бакиров, “Яблоко” аъзоси. Қодиров сўзлари Россия фуқароларига очиқ таҳдид бўлгани учун биз бу ердамиз. У ким бўлишидан қатъий назар бундай гапларни гапириш номақбулдир: итлар билан қўрқитиш, мухолифатга қарши гаплар. Шу сабабли биз унинг истеъфосини талаб қиляпмиз, деди пикетда иштирок этган партия расмий вакили.

Митрохин ва Антонов-Овсеенко полиция бўлимига олиб кетилиши ортидан қонунга мувофиқ якка тартибда плакат ёйган Станислав Белянский ҳам ушланди: қонунга хилоф равишла ундан 50 метр яқинроқда полиция томонидан юборилган провокатор плакат ёйди.

Бундан бир кун олдин Рамзан Қодиров билан боғлиқ авж олиб бораётган можаро бошланганидан буён биринчи маротаба Россия президенти унга изоҳ берди. Владимир путин Чеченистон раҳбарини “самарали бошқарувчи” номи билан сийлаб,қилган “меҳнати учун” раҳмат айтди.

- Республика учун раҳмат, у ерда яшаётганларга, биринчи президентга, ҳозирги раҳбарга раҳмат. У жуда самарали фаолият юритмоқда, деди Ставропольеда ёшлар олдида сўзга чиққан Владимир Путин.

3 соатча полиция бўлимида ушлаб турилган сиёсатчи Сергей Митрохин “митинг ва пикет қилиш қоидаларини бузгани учун” жавобгарликка тортилиб қўйиб юборилгани, унга 10 минг рублдан 20 минг рубл жарима ёки 40 соатлик мажбурий меҳнатга жалб этилиши мумкинлигини билдиришгани маълум бўлди.

“Яблоко”нинг қолган икки фаоли полиция бўлимида қолгани айтилди.

Ўтган ҳафта охирларида эса Кремлнинг “Қодиров можароси”га расмий муносабатини билдирган Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Россия жамоатчилиги жунбушга келтирган Рамзан Қодировнинг сўзларида бирор ножўя фикр топа олмаганини билдириб, “гап норасмий мухолифат тўғрисида кетгани мумкинлиги” ва чечен раҳбари сўзларини “яхшилаб англаб олишни” тавсия қилган эди.

12 январ куни Россия матбуоти кунида журналистлар олдида қилган чиқишида Рамзан Қодиров барча мухолифатчиларни “халқ душманлари” деб атади ва “сотқинлар сифатида” суд қилишни таклиф этган эди.

Рамзан Қодировнинг сўзлари қатор Россия сиёсатчилари танқидига учради.

XS
SM
MD
LG