Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:19

Линия портлатилгани туфайли Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси узатишни тўхтатди


Афғонистондаги толибон жанггарилари Ўзбекистондан ўтувчи электр тармоғини портлатиши оқибатида пойтахт Кобул ва Афғонистоннинг бир қатор вилоятлари аҳолси электрсиз қолди. Воқеа 27 январт куни Афғонистоннинг Бағлон вилоятида рўй берди. Афғон расмийлари электр тармоғини тиклаш бир неча кунга чўзилиши мумкинлигини айтишмоқда.

Толибон жанггарилари Бағлон минтақасидан ўтувчи электр линиясини портлатиши оқибатида Ўзбекистондан Афғонистонга электр таъминоти буткул тўхтаб қолган.

Портлаш 27 январь куни электр тармоғининг Қундуз-Бағлон йўлидан ўтувчи қисмида содир этилган.

Бағлон вилояти ҳокими Абдул Саттор Ўзбекистондан Қобулга ўтувчи электр линиясини қайта тиклаш бир неча кун олишини айтди.

Сатторга кўра, бу ишга Бағлондаги толибон жанггари гуруҳлари тўсиқ бўлиши мумкин.

- Электр таъминотини тиклаш учун олдин у ерни толибон гуруҳларидан тозаламоқ керак, - деди Бағлон ҳокими Абдул Саттор.

Сўнгги ойларда Афғонистоннинг Покистонга туташ минтақаларида толибон жанггарилари фаоллашгани кузатилди.

Афғонистон ҳукумати Бағлонни толибон жанггариларидан тозалаш учун 2000 минг аскарини жалб этган.

Афғонистон ҳозирда 1286 мегаватт электр энергияси истеъмол қилади.

Ушбу миқдор энергиянинг 80 фоизга яқинини тўрт қўшни мамлакатлар - Ўзбекистон, Эрон, Туркманистон ва Тожикистондан сотиб олади.

Афғонистон сотиб олаётган электр энергиясининг энг кўпи, яъни 30 фоиздан кўпроғи Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади.

2009 йил баҳоридан буён Ўзбекистон 442 километрлик электр линиялари орқали Афғонистон шимолидан пойтахт Кобулга қадар бўлган беш вилоятни электр энергияси билан таъминлаб келмоқда.

Афғонистон 2016 йилда қўшни Ўзбекистондан 8-10 фоизга кўпроқ электр энергияси сотиб олишни режалаштираётган эди.

Афғон расмийларига кўра, бу электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг Афғонистон ичкарисида ортиб бораётгани билан боғлиқдир.

Ўзбекистон ҳукумати ўз аҳолиси электр тақчиллигидан азият кўришига қарамасдан Афғонистонга электр экспортини кўпайтириши мумкинлиги айтилмоқда.

XS
SM
MD
LG