Линклар

Биринчи рангли инқилоб пушти ҳам, тўқ сариқ ҳам бўлмаган. У қизил бўлган. Бу инқилоб Тбилисида ёки Киевда бошланманган, Вашингтонда ёки Брюсселда режалаштирилмаган. Илк рангли инқилоб Владимир Путин туғилган шаҳарчада бошланган эди.

Россия деярли бир аср аввал рангли инқилобларни ўйлаб топган, десак хато бўлмайди.

Россия иқтисоди тобора чўкиб борар, 1917 йилги большевиклар инқилобининг юз йиллиги яқинлашар экан, бу ноқулай факт Владимир Путин хаёлини тарк этмаётгани аниқ.

Мазкур ҳафтада Ставрополь шаҳрида кремлпараст ёшлар билан учрашган Путин Владимир Ленин ва большевикларни Николай II, унинг оиласи ва хизматкорларини ҳамда минглаб деҳқонни ўлдиргани учун танқид қилди ва уларни Россия давлати остига “вақт бомбасини” қўйганликда айблади.

Президентнинг бу шарҳлари кўпчиликни ҳайратга солди.

Путин Москавада 21 январь куни – Ленин ўлган куннинг 92 йиллигида ҳам Ленинни танқид қилган эди.

“Ҳокимиятни ғояларга асослаш ёмон эмас, аммо бу ғоялар тўғри натижаларга олиб келиши керак. Владимир Иьлич билан бундай бўлмаган. Пировардида уларнинг ғояси Совет Иттифоқи парчаланиб кетишига сабаб бўлди”, деди президент.

“Бизга глобал инқилоб керак эмас эди,” дея қўшимча қилди Путин.

Путиннинг Ленинни танқид қила бошлагани Кремль инқилобнинг юз йиллигига қандай ёндашишни билмай, саросимага тушаётганини кўрсатади.

Путиннинг шарҳлари яна Россия элитаси 2017 йил инқилоблар йилига айланишидан қўрқаётганини кўрсатади.

Сиёсий таҳлилчи Алина Витухновская яқинда Путиннинг Кремли “ранги ёки маъносидан қаъти назар”, ҳар қандай инқилобдан қўрқади, чунки “россиянинг бугунги расмийлари бошларига [Николай II] қисмати тушишидан ҳайиқади”, деб ёзди.

Кремлнинг бу хавотирлари бир неча ой олдин юзага чиқди.

Россия ўтган йилнинг 7 ноябрида 1917 йилги октябрь инқилобининг 98 йиллигини нишонлаш ўрнига, инқилобнинг 24 йиллигида ўтказилган параднинг 74 йиллигини нишонлади.

Тушунарсизми? Кремль айнан шундай бўлишини хоҳлаган.

Ўша куни 1941 йилнинг 7 ноябрида ўтказилган парадни қайта ижро этиш учун Қизил майдонга минглаб одам тўпланди.

1941 йилги парад ҳам 1917 йилги инқилобни нишонлаш, ҳам фронтга аскар жўнатиш учун ўтказилган.

Путин узоқ пайтдан бери сайловчиларга манзур келиш учун совет символикаси ва ўша пайтга бўлган ностальгиядан фойдаланиб келади.

Аммо Кремль совет даврининг қайси жиҳатларини олқишлаб, қайси жиҳатларини қоралаши тизимнинг фикрлаши ва қўрқувлари ҳақида кўп нарсани танлаб олишимизга ёрдам беради.

1917 йилни идеаллаштириш ва мақташ – ёмон. Иосиф Сталиннинг ҳарбий дисциплинаси – яхши. Инқилоб – ёмон. Репрессия ва ҳарбий сафабарлик – яхши. Инқилобчи Ленин яхши эмас. Давлат қурувчи Сталин эса яхши.

Кремль кузатувчиси Пол Гобл ўз блогида ёзганидек, Путин инқилоб юбилейидан “инқилоб”ни олиб ташлади.

Гобл Путиннинг бу ҳаракати унинг инқилобий ўзгаришдан қўрқишини ҳамда ўзи қадрлайдиган совет меросини инқилобий тарихдан йироқлаштиришни исташини кўрсатишини қўшимча қилди.

Бошқача қилиб айтганда, Путин Кремли россияликлар инқилоблар ҳақида ўйлашини хоҳламайди, чунки бу уларнинг фикринини “бузиши” мумкин.

Табиийки, бунинг ўрнига россияликлар эътиборини урушга, иложи борича ғалаба олиб келадиган урушга қаратиш яхшироқдир.

Кремль инқилоб юбилейини Сталиннинг Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабасига бағишланган байрамга айлантиришидан аввал Путин Биринчи жаҳон урушида Росия мағлуб бўлишига большевиклар сабабчи эканлигини айтган эди.

Ўтган ойнинг август ойида кремлпараст ёшларнинг “Селигер миллий ёшлар форуми”да сўзга чиққан Путин “1917 йилда айримлар Россияни ичидан ларзага келтираётган эди, бунинг натижасида Россия давлат сифатида қулади ва ўзини мағлуб, деб эълон қилди”, деди.

“Большевиклар Россиянинг миллий қизиқишларига хоинлик қилган” ва “Биринчи жаҳон уруши фронтида рус аксарлари ва офицерлари қаҳрамонларча қон тўкаётган бир пайтда ватанлари мағлуб бўлишини хоҳлаган”, дея қўшмча қилди президент.

Cиёсий таҳлилчи Артём Рондарев Сноб нашрида яқинда чоп этилган мақоласида инқилибнинг юз йиллиги яқинлашиб келар экан, Путин ва путинчилар олдида гавдаланаётган парадокс ҳақида ёзди.

“СССРга бўлган муҳаббат СССРни яратган инқилоб олиб келган барча нарса – авангард санъат, феминизм, эркин ахлоқ ва ижтимоий ўзгаришларга бўлган нафратни ўз ичига олади”, деб ёзди Рондарев.

Брайан Уитмор

(Нодир Отаев таржимаси)

XS
SM
MD
LG