Линклар

Фарғона вилоят ҳуқуқ-тартибот органларидаги масъул ходим вилоят марказининг Иқбол кўчасидаги хонадонлардан бирида содир бўлган воқеа тўғрисида Озодликка етиб келган хабарни, исми очиқланмаслиги шарти билан, тасдиқлади.

26 январь куни куёв боласи отган ўқдан хотинини сақлаб қолишга уринган ва оқибатда тан жароҳати олган 62 яшар қайнота касалхонага ётқизилган.

Озодликнинг Фарғонадаги ишончли манбаларидан олинган хабарга кўра, 26 январь куни кеч соат 6 билан 7 орасида шаҳарнинг Иқбол кўчасидаги хонадонлардан бирида (айнан нечанчи уй эканлиги Озодликка маълум) шу хонадонга куёв бўлмиш йигит - 1981 йилда туғилган М. Ш. қайнона-қайнотаси билан жанжаллашиб қолиб, қайнотаси – 1954 йилда туғилган Х. Т.ни ёнида олиб келган елим ўқли тўппончадан отиб қўйган.

Яраланган қайнота, манбанинг ёзишича, voqea sodir bolgan joyda xotinini o’limdan saqlayman deb jaroxat olgan va Margilon tez tibbiy bolimini jonlantirish bolimiga yotqizilgan. Voqea joyidan gilzalar topilgan.

Воқеа тафсилотларидан яхши хабардор бошқа бир манбанинг айтишича, спиртли ичимлик ичмаган, яъни хушёр бўлган куёв аслида ўқни қайнонасига қарата отган, лекин ўқ қайнотага теккан.

Биринчи манбанинг ёзишича, куёвни жиноятга қўл уришга “оиласида бошлиқ вазифасини орқалаб олган қайнонанинг ўзини тутиши мажбур қилган бўлиши мумкин”.

Kuyovni xam, qizini xam o’zi boshqarishgacha o’tgan ekan. Joni tomog’iga kelgan kuyov oxir-oqibat qaynonaning joniga qasd qilishga axd qilgan, деб ёзди манба.

Айтилишича, қайнонасига қасд қилиб, қайнотасини отиб қўйган 35 яшар М. Ш. бирон корхонада муқим ишлаган эмас.

Qaynotasini otib qo’ygan kuyov, yollanma ishchi, foydali bir ish bilan muxim shugullanib kelmagan M. Sh. voqea joyidan qochib yashiringan, деб ёзди Озодлик манбаси.

Фарғона вилоят ички ишлар бошқармаси вакили шаҳарнинг Иқбол кўчасидаги хонадонлардан бирида содир бўлган воқеа тўғрисида Озодликка етиб келган хабарни тасдиқлар экан, М. Ш. га қидирув эълон қилинганини айтиш билан чекланди.

Куёви отган қайнотанинг аҳволи қандайлигини билиш учун у ётган касалхона билан боғланишнинг имкони бўлмади.

Бир оила аъзолари ўртасида юз берган жанжалда тўппончадан ўқ узишгача бориб етганларидан қаттиқ таъсирланган бўлса керакки, манба ўз хабарини ўзи шарҳлар экан, жумладан мана бу гапларни ёзган:

Fargonada inson ko’zi ko’rmagan, qulog'i eshitmagan voqea va xodisalar yuz beryapti. Eshitgan inson yoqasini tishlab bu oxirgi zamon alomatlari deb taajjubda qolishyapti. Kimdur kimdurni aldab pulini olib firibgarlik qilsa, kimdur to’qlikka sho’xlik qilib o’z qaynotasini otib uldirmoqda. Insoniyat oldida qonunlar ojiz qolib, Oliy Majlisda o’tirgan qorni katta deputat akalarimizu xolalarimiz xam ogzilari lang ochilib qolishyapti.

Фарғоналик тингловчимизнинг бундай ҳайратланиши бежиз эмас, чунки Иқбол кўчасида содир бўлган кечаги воқеа кейинги ойлардаги қурол ишлатилган биринчи воқеа эмасдир.

Фарғона вилоятининг икки шаҳрида бир ҳафта ичида рўй берган иккита жанжалда камида икки киши ўлдирилгани тўғрисида Озодлик 2015 нинг 7 октябрида хабар қилган эди.

23 сентябрда Марғилондаги чойхоналардан бирида рўй берган ҳодисада 30 ёшли Жаҳондор Холматов пичоқлаб ўлдирилган,

18 сентярда эса, Қўқондаги кафелардан бири ёнида рўй берган жанжалда Отабек исмли ёш йигит ҳалок бўлган эди.

Қўқондаги Озодлик манбаси ўшанда Отабекнинг тўппончадан отиб ўлдирилгани тўғрисида хабар қилган. Бироқ Қўқон шаҳар ички ишлар бошқармаси ўқ отар қурол ишлатилганини тасдиқламаган.

XS
SM
MD
LG