Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:37

Тошкент Кобулга тортган электр симини толиблар узди. Ажаб бўлсинми? (Блог)


Бир оғайним бор. Янгилик ўқишни яхши кўради. Лекин сал ғалатироқ. Ўзининг тили билан айтганда “ментлар" тўғрисидаги янгиликларни ўқишни яхши кўради. Яйраб ўқийди. Айниқса, ўша янгиликда “милиционер қўлга тушди”, “милиционер қамалди”, деган сўзлар бўлса. Бир яйрайди, бир яйрайди.

Қандайдир хусумати бор оғайнимнинг ментларда. Ўтириб чиққанда у...

Яқин-яқингача мен ўзимни адекват ҳисоблардим: хушхабардан хуш, нохуш хабардан нохуш бўлардим.

Лекин ўтган йили “бузилдим ўхшайди”.

Масалан, украиналиклар Қримга тўк элтувчи линияни портлатворувди портлатганларни “маладес”, демадиму лекин қоронғида қолган қримликларгаям раҳмим келмади.

Раҳмим келмаганидан уялдим.

Ўшанда ўзимни тафтиш қилиб ичимда қандайдир бир алам борлигини сездим: нима учун ўзбеклар светсиз қолган қримликлардай йиллардан бери яшайдию қримликлар ўзбеклардай бир-икки ой светсиз яшамасин?!

Нима учун қримликлар чироқсиз қолганини бутун дунё гапиради, бутун дунёга бу ҳақда жар солинадию ўзбеклар сутканинг 22 соатнини электрсиз ўтказишини ҳеч ким гапирмайди?

Ўзбеклар йиллардан бери қоронғида яшаса, қримликларда нима айб, деманг. Кайфимни бузманг: қримликнинг чироқсиз қолгани сув бўлди чанқоғимни босган, тутун бўлди хуморимни босган.

Қрим ҳануз қоронғида. Украинлар ўзлари портлатган линияни бир марта ўзлари тиклаб, кейин яна портлатишди...

Мана энди бугунги хабарни кўринг: Афғонистонда “Толибон” жангарилари Ўзбекистондан ўтувчи электр линиясини 27 январда портлатиши оқибатида пойтахт Кобул ва Афғонистоннинг бир қатор вилоятлари аҳолиси электрсиз қолди.

Линияни портлатган жангариларни, албатта, “маладес”, демадим. Лекин қоронғида қолган кобулликларгаям раҳмим келмади.

Аксинча, яқиндан бери баъзи масалаларда ноадекват бўлиб қолган нотовон кўнглимнинг қайси бир пучмоғида “ажаб бўсин”, деган чироқ йилт этиб ёниб-ўчди.

Ёниб-ўчган ўша чироқ фикр эди: ахир ўзбекнинг ўзи чироқсиз ўтирган бир пайтда нима учун афғонларнинг чироғини Ўзбекистоннинг электри ёндириши керак?!

Бу фикр ноадекватлигимни кучайтира бошлаган эди, дарҳол масаланинг иккинчи томонини ўйлай бошладим: линия портлагач, Афғонистонга ўтаётган электр Ўзбекистоннинг ўзида қолади, ўзбеклар бир-икки кун кечқурунлари керосин тутатмай лампичка ёқади. Ахир электр - кўмир эмас, нефть эмас омборга қамаб тургани. Уни ишлатиш лозим.

Хуллас, шунақа гаплар. Афғонистонга ўтмагани ҳисобига ўзбеклар чироқ ёққани яхшию лекин барибир бу чироқ қоронғу кўнглумни унчалик ёритмагандай.

Бировнинг кулфати эвазига бошқанинг бахти татимайди ўхшайди. Яхши гап бўлдими? Вазирлар Маҳкамасиям ўйлаб кўрса бўларди шу гапни. Хусусан, афғонларга электр сотиш масаласида.

Мен эса, яна адекватликка қайтишга уриниб кўраман. Ментларни ёмон кўрадиган оғайним билан бирга чой ичишни тўхтатаман.

Ҳар ҳолда хушхабардан хуш, нохуш хабардан нохуш бўлган яхши.

XS
SM
MD
LG