Линклар

"Кичкина Месси" афғонистонлик Муртазо бўлиб чиқди


Afghanistan - Little Messi from Afghanistan - Murtaza Ahmadi, 27.01.2016

Afghanistan - Little Messi from Afghanistan - Murtaza Ahmadi, 27.01.2016

Полиэтилен пакетга “Месси” деб ёзиб олиб суратга тушган болакай Афғонистондан топилди. Жорий йилнинг январ ойида Интернет тармоқларида кенг тарқалиб кетган пакетдан футболка ясаб олган бу болакайнинг фотосуратини кўрган футболчи Лионел Мессининг ўзи ёрдам бериш мақсадида бир ой давомида уни ижтимоий тармоқ орқали қидирди. Аввалига Ироқда қидирилган бу бола ниҳоят Афғонистоннинг Ғазни вилоятидаги қишлоқлардан бирида яшаётган Муртазо Аҳмади исмли йигитча экани маълум бўлди.

Австралияда яшаб келаётган афғонистонлик Азим Аҳмади ўзининг Муртазо исмли 5 ёшли жиянининг фотосуратини ижтимоий тармоқларидан бирида чоп этди.

Кўк йўл-йўл чизиқлар тушган оддий целлофан қоғозга “10” рақами ва тагига барча болакайлар учун таниқли бўлган “MESSI” ёзувини оддий ручка билан ёзиб олган 5-6 ёшлар чамасидаги боланинг фотоси Интернетнинг айниқса турк футбол ишқибозлари сегментида яшин тезлигида тарқаб борди.

Твиттер фойдаланувчилари бу болани топиш истагида январ бошларида ҳатто махсус кампания бошлаб юборди.

Ғарб оммавий ахборот воситаларидан бу флешмоб тўғрисида хабар топган аргентиналик Лионель Мессининг ўзи болага кўмак беришга қарор қилгани тўғрисида маълум қилди.

- Биз ДМ Лео ишқибозлар командасидан хабар олдик. Улар бу йигит кимлигини билмоқчи, зеро Лео ҳам унинг учун бирор кўмак бериш истагида, деб ёзди Твиттер саҳифасида Лео Месси.

Аввалига аргентиналик таниқли футболчи ҳам бу боланинг ироқлик экани тўғрисида нотўғри маълумот олиб, фотони “Ироқлик бола”, деб номлади.

Бу янглиш маълумот туфайли ижтимоий тармоқ изқуварлари аввалига болакайни Ироқдаги Дохук шаҳрида қидирув бошлади.

Ниҳоят, расм эгаси Азим Аҳмади бу унинг жияни Муртазо экани ва у Афғонистоннинг Ғазнисида яшаётганини хабар қилди.

Азим фотони унга Муртазонинг отаси Ориф совға қилганини билдирди.

- У дарҳақиқат футбол ва Мессини яхши кўради. Биз унга ҳақиқий майка сотиб бера олмаймиз, чунки мен оддий фермерман. Муртазо машҳур бўлиб кетгани ҳақида Интернетга кириб юрган дўстларидан билиб олибди, деди журналистларга болакайнинг отаси Ориф.

Л.Месси - 2015 йил ўйинчиси

Л.Месси - 2015 йил ўйинчиси

Ориф хориж давлатлари уғлига ўз Лионел Месси билан учрашув уюштиришига кўмак беришига ишонишини ҳам айтди.

Бундан олдинроқ курдларнинг Kurdistan24tv-си “кичкина Месси”ни излаб топгани, унинг исми Ҳомид экани ва фотосурат икки йил олдин қилинганини хабар берди. Бироқ, кейинроқ бу маълумот ўз тасдиғини топмади.

Таъкидлаш жойизки, “Барселона” футбол жамоасининг 10 рақами ва “Месси” ёзуви битилган футболкалари оламда энг кўп сотиладиган буюмлардан биридир.

World Soccer Shop Интернет ресурси 2015 йилда айнан Месси ёш фанатлар орасида энг машҳур футболчи эканини аниқлади. Ҳужумчи Лионел Месси 2015 йилда “Барса” сафида бешта турли унвон соҳибига, жорий йилнинг январида эса йилнинг энг яхши футболчиси сифатида “Олтин тўп” эгасига айланди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG