Линклар

Ўзбекистон Пхенян ядровий синовлари юзасидан ташвиш билдирди


КХДР лидери Ким Чен Ун мамлакатнинг юқори лавозимли ҳарбий мулозимлари билан.

КХДР лидери Ким Чен Ун мамлакатнинг юқори лавозимли ҳарбий мулозимлари билан.

Ўзбекистон Корея халқ демократик республикасида навбатдаги ядровий синовлар ўтказилгани юзасидан ташвиш изҳор қилди. Жаҳон ахборот агентлигининг хабар қилишича, бу синовлар “БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияларининг қўпол равишда бузилиши билан бирга Корея яриморолида тинчлик ва ўзаро ишончни ўрнатиш юзасидан жаҳон ҳамжамиятининг саъй-ҳаракатларига қарши бориш ҳисобланади”.

“Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудудни барпо этишнинг ташаббускори сифатида Ўзбекистон Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги Шартнома қоидаларига қатъий риоя этилишининг тарафдори бўлгани ҳолда Пхенянни кескинлик кучайишига олиб борадиган ҳамда минтақадаги ва, умуман, дунёдаги хавфсизликка тўғридан-тўғри таҳлика ҳисобланадиган бузғунчилик ҳаракатларини тўхтатишга чақиради”, дейилади агентлик хабарида.

Шу йилнинг 6 январь куни Пхенян водород бомбасини муваффақият билан синовдан ўтказилганини эълон қилганди. КХДР расмийлари баёнотида синов экологик вазиятга салбий таъсир кўрсатмагани иддао қилинган.

Корея халқ демократик республикаси 2006, 2009 ва 2013 йилларда учта ядровий синовни амалга оширган. Бунга жавобан БМТ Хавфсизлик кенгаши Пхенянга нисбатан турли санкциялар жорий қилган.

XS
SM
MD
LG