Линклар

logo-print

Ўзбекистон элчихонаси чайқовбозорга айланди

2016 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистон ўз фуқароларига берган эски паспортларни тан олмай қўйгани ортидан¸ ўн минглаб нобиометрик паспорт эгалари ўзбек элчихоналари эшигига бош уришга мажбур қолди. Бу эса элчихона олдида пул эвазига улар мушкулини осон қилиб беришни ваъда этаëтган чайқовчи ва ўртакашлар лашкарини туғдирмай қолмади.


Резюме

2016 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистон ўз фуқароларига берган эски паспортларни тан олмай қўйгани ортидан¸ ўн минглаб нобиометрик паспорт эгалари ўзбек элчихоналари эшигига бош уришга мажбур қолди. Бу эса элчихона олдида пул эвазига улар мушкулини осон қилиб беришни ваъда этаëтган чайқовчи ва ўртакашлар лашкарини туғдирмай қолмади.

20:42 28.1.2016

"Элчихонада "қайноқ линия" очилиши керак!"

Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси олдида ўзбек муҳожирлари навбати камаймаётир. Расмий Тошкент томонидан бекор қилинган эски кўринишдаги паспортга эга Ўзбекистон фуқаролари Озодлик таҳририятига мурожаат қилиб, ҳукуматнинг бу қарори янги ва янги муаммоларни яратаётганидан арз қилмоқда.

Ўзбекистонлик Сабина касаллиги туфайли узоқ вақт мобайнида Россияни тарк этишга имкони бўлмаганини Озодликка сўзлади.

- Мен Ўзбекистонга чиқиб кета олмаяпман. Сертификат олишга навбат катта, посольствода ҳеч ким жавоб бермаяпти - на телефонга, на бошқасига. Ҳатто билетларни сертификатга сотмаяпти экан. Бизни ҳеч бўлмаганда Ўзбекистонга киритишса, ўша ерда жаримасини тўлаб, янгилаймиз! Менга учиш мумкин эмас, икки ойдан бери касалман. Элчихонада 5-6 минг одам навбатда турибди экан. Сертификатни кеч бераётгани сабабли мен нолегал бўлиб қоляпман: “қора рўйхатга” тушаман, “депортация” ёки “выдворение” қилинаман экан.Даҳшат! Ўзбекистон Конституциясида, паспортида ёзилган – одамларни ҳимоя қилишга мажбур, деб. Ўзбекистон ҳукумати одамларни кўчага ташлаб кетяпти! – деди ҳозиргача ҳамма ҳужжатлари жойида бўлиб келганини гапирган Сабина.

У яқин орада Россиядаги қайдга туриш муддати ўтиши ва эски паспорт билан Россия чегарасидан чиқиб-киришга мажбурлигини гапиради.

Сабина Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқароларини ҳимоя қилиш ўрнига уларга муаммолар яратиш билан овора, дейди:

- 30 миллион аҳолининг паспортини 4 йилда улар қандай алмаштиради?! Ахир бунақа қонун ҳеч қаерда йўқ! Шунчаки билет сотиб олиб, учиб кетган одамни Ўзбекистон эски паспорт билан қабул қилмайдими, чегарада ташлаб кетадими??? Қаерга бориш керак? Усиз ҳам бутун Россияга ёмонотлиқмиз... Лекин мигрантлардан ташқари ўқиётганлар бор, қамоқда ўтирганлар нима қилади? Қамоқхонадан чиқиб каерга югуради – булар ҳақида ҳукумат ўйламаяпти! Бир ой давомида ўзбек элчихонаси бирор маротаба жавоб бермади. Эрталабки 7-8 дан телефон қиламан. Булар-ку майли, Ўзбекистондаги идоралар ҳам жавоб бермайди! МВД ҳам олмайди телефонни, деди куйиниб йиғилиб қолган саволларга жавоб топа олмаётганини гапирган ўзбекистонлик бу аёл.

Сабина Ўзбекистон ваколатхонаси ҳозирги юзага келган вазиятда ҳеч бўлмаганда саволларга жавоб берувчи “қайноқ линия” ташкил этиши кераклигини билдирди.

Сабина билан суҳбат

Озодлик Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси олдида “эски паспортлар тўғрисида”ги қарор чиққанидан буён юзага келган вазият тўғрисида хабар бериб келмоқда.

Амал қилиш доирасидан ташқарига чиқарилган нобиометрик ўзбек паспорт эгалари Россияда ишга рухсатнома қила олмаслиги, ишга жойлаша олмаслиги ва ҳатто бу мамлакатни тарк эта олмаслиги хабар қилинган эди. Бу муаммолар қаторида ўзбек муҳожирлари ФМС, полиция, ФСБ, автомобил назорат ва бошқа идоралар ходимларининг осон ўлжасига айлангани маълум.

"Консуллик олдидаги фирибгарликка барҳам беринг!"

Озодликка WhatsApp тармоғи орқали хабар йўллаган водийлик Темурбек Россиядан чиқиб кетишга рухсат берувчи сертификатни куни кеча қўлга киритган бахтли ўзбекистонликлардан бири.

У муддати ўтмаган эски паспорт эгалари сертификатни бир кунда олаётгани, паспорт муҳлати ўтган ёки асосий ҳужжатни йўқотиб элчихонага мурожаат қилган мигрантларга сертификатлар бир ойда берилаётганини тасдиқлади.

Темурбек Казачий тор кўчасидаги консуллик олдида “кун кўраётган” кўплаб фирибгарлар одамларнинг ночор аҳволидан устамонлик билан фойдаланаётгани, буни кўриб турган Ўзбекистон ваколатхонаси мутассадилари эса бундай ноқонуний ишларга кўз юмаётганини айтади:

- Биз уч киши борган эдик. Паспортимиз сроги тугамаган, шунчаки эски паспорт билан уйга, Ўзбекистонга кетиб бўлмаяпти. Вақтли соат 5-да туриб бордик. Соат 6:30да навбатга 70-чи бўлиб ёзилдик. Соат 9-да очилар экан эшиклар. Элчихонанинг тагида “Мерседес” микроавтобус ичига расмга оладиган, ксерокопия аппаратларини қўйган экан. “Ичкарида улгурмаяпти, қайтиб бу ерга чиқа олмайсизлар, қолиб кетасизлар. Шу ерда расмга тушиб, ксерокопия қилиб қиринглар ичкарига. Биз посольствони одамларимиз”, деб таклиф қилган эди. Бекор турмайлик деб кўп одам расмга тушиб, ҳужжатларини копия қилиб олди, дея ҳикоя қилди Темурбек.

Суҳбатдош консуллик ичкарисида эса бу ҳужжатлар қабул қилинмади, дейди:

- Ичкарига соат 11-да кирдик. Биз ташқарида қилган расмларимизни қабул қилишмади. Айнан шуларни паспортига расмга тушишимиз керак экан. Ташқаридан олиб келган расм ва ҳужжатлар ўтмас экан! Нега эканини тушунтириб ҳам ўтиришмади. Одамларни огоҳлантириб қўйса, элчихона сайтига ёзиб қўйса бўладику, халқни қийнамасдан! Қанча-қанча онахон-опахонлар ўша ерда норозилик билдиряпти! Кейин бошқадан навбатга турдик. Қаранг, киргандан кейин ташқарига чиқиш мумкин эмас экан. Қачон паспорт ўрнига сертификат олсангиз, ўшанда чиқараркан!Наҳот, олдида турган, одамларни алдаётганига беэътибор бўлса?! Бу бир кун давом этаётган нарса эмасда: улар эрталабки соат 5-дан 9-гача туриб, одамларни алдаб кетишворар экан, деди Темурбек.

Темурбек Озодлик билан суҳбатда элчихона расмийларини консуллик эшиклари олдидаги турли фирибгарлик ва “ўртакаш”ликларга барҳам беришга чақирди.

Темурбек билан суҳбат

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги эски (нобиометрик) паспортлар 2015 йилнинг 31 декабридан бошлаб ўз кучини йўқотгани борасида расман маълум қилди.

Президентнинг "Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонига мувофиқ эски паспортларни 31 декабрдан кейин ишлатиш мумкин эмас ва 1 январдан бошлаб хорижда бўлган Ўзбекистон фуқароси агар биометрик паспорти бўлмаса, “Ватанга қайтиш учун сертификат”ини олиши шарт ҳисобланади.

20:37 28.1.2016

"Элчихона дастидан нелегал мухожирга айланиб қолдим"

Ўзини Сабина деб таништирган ўзбек фуқароси Озодликнинг Москвадаги мухбири Умид Бобоматов билан суҳбатда элчихонадан "Ватанга қайтиш сертификани" ололмаётгани сабаб Россияда нелегал мухожирга айланиб қолганини айтди:

"Элчихона ҳеч кимга жавоб бермаяпти. На телефонларга, на бошқа нарсага. Мен касалман, очередда туролмайман. У ерда минглаб одам. Сертификатни кечиктириб бераётгани сабабли бу ерда нелегал бўлиб қоляпман. Ўзбекистон Конституциясида паспорт ўзбек фуқароларини ҳимоя қилувчи ҳужжат экани ёзилганку... ", дейди Сабина.

18:42 28.1.2016

Элчихона нега сертификат фирибгарлари ҳақида фуқароларини огоҳлантирмайди?

Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси олдида.

Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси олдида.

Москвада яшовчи Нодира: "Буларни ҳаммаси элчихона ўз фуқароларига тўлиқ маълумот бермагани учун бўляпти. Элчихона олдида "Чайқовчилардан эхтиёт бўлинг", деб ёзиб қўйса бўладику. Элчихонага телефон қилсангиз ҳеч ким кўтармайди. Одамлар билан гаплашишни исташмайди. Мана шуни оқибати бу".

18:28 28.1.2016

Однокласники фойдаланувчиси Тоҳир: Сертификатни бир кунда олса бўлади

“Москвада савдо маркази складида ишлайман. Ҳозир биздан ҳам биометрик паспорт талаб қилишяпти. Шунинг учун бориб алмаштириб келмоқчиман. “Ватанга қайтиш сертификатини” бир кунда олдим. Эски паспорт бўлса, ҳужжатлар соз бўлса бир кунда беради. 4500 рубль тўлайсиз оласиз. Паспортини йўқотганларга бир ойда беряпти. Уларга қийин. Лекин, бу паспорт муаммоси сабаб ишимни йўқотдим. Мана шу катта муаммо. Бизни алдашди, эски паспорт муддати узайтирилди, деб. Биз ҳам шунга ишониб, бу ерда ишлаб юравердик. Ҳозир Ўзбекистонга бораман, қачон янги паспорт оламан, билмайман. Бу ерда ишимдагилар ўрнингни сақлаб қололмайиз, дейишди. Мана шунақа гаплар“

Қолганини юкланг

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG