Линклар

logo-print

Жорий йил ёзида Тошкентда ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити олдидан президент ва меҳмонлар кортежи ўтадиган марказий кўчаларни таъмирлаш бошланди. Расмийлар бу йўллар ëқасидаги уйларда яшовчилардан қорайтирилган ойналар, балконлардаги панжара ва сунъий йўлдош антенналарини олиб ташлашни талаб қилмоқда.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг июнь ойи охирида Тошкентда бўлиб ўтадиган саммити олдидан марказий туманлар ҳокимиятлари уй-жой мулкдорлари ширкатларига аҳоли уйларининг кўчага қараган томонларини “тартибга” солиш ҳақида фармойиш берди.

AsiaTerra интернет сайти уй-жой мулкдорлари ширкатининг аҳолига юборган огоҳномаларидан бирини чоп этди.

Квартиралар эгаларига юборилган огоҳнома

Квартиралар эгаларига юборилган огоҳнома

Бу огоҳномада айтилишича, хусусий квартиралар соҳиблари балконларига қўйилган соябонлар, сунъий йўлдош антенналари, панжара ва қорайтирилган ойналарни олиб ташлаши ва ўн кун муддатда балконларни бир хил кўринишга келтиришлари шарт.

Бу талабни бажармаганларнинг Ўзбекистон Республикаси “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги Кодексининг 160-моддаси асосида жаримага тортилиши айтилади.

Яккасарой туманидаги уй-жой мулкдорлари ширкатининг исми сир қолишини сўраган мулозимларидан бири шошма-шошарлик билан берилган бундай буйруқдан аҳоли норози бўлаётганини айтади:

“Бизга қарашли уйлар Афросиёб кўчасида жойлашган. Ҳокимиятдан шундай буйруқ келди. Аҳолига тарқатдик. Лекин кўпчилик норози бўлаяпти. Чунки одамлар харажат қилиб балконларини аква деразалари билан ёпиб олган. Спутник антенналарини ҳам олиб ташлашни айтишаяпти”, деди ширкат мулозими.

Яккасарой тумани ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими бундай топшириқ шаҳар ҳокимлиги томонидан берилганини айтди:

“Бу фақат бизнинг туманда эмас, президент ва келадиган меҳмонлар кортежи юрадиган бошқа кўчаларда ҳам бўлаяпти. Уйларнинг ташқи фасади бир хил бўлиши керак. Ўзбошимчалик билан қурилган ҳамма нарсани олдириб ташлаяпмиз”, деди ҳокимлик мулозими.

AsiaTerra интернет сайтининг ёзишича, 21 январь куни Афросиёб кўчасидаги 13-уйнинг балконларидаги панжара ва соябонлар уй эгаларидан сўралмасдан кесиб ташланган:

“Бу “меҳнат”лари учун ишчилар уй эгаларидан 350 минг сўмдан ундирмоқчи ҳам бўлишган. Ваҳоланки, бу учун бюджетдан пул ажратилган”, дейди тошкентликлардан бири.

Ҳокимликнинг бу қарори олдидан президент трассасидаги чинорларни кесиш, уйларнинг ташқи кўринишларини бир хил қилиш тадбирлари ҳам бошланган эди.

Бир ой муқаддам Тошкент марказининг Ўзбекистон ва Шароф Рашидов кўчалари кесишган жой - Космонавтлар хиëбонидаги чинорлар кесилган эди.

Ўтган йил август ойида Ўзбекистон Халқ рассоми Ғафур Қодиров устахонасининг президент трассасига қараган деразалари ташқаридан темир тунука билан қоплаб ташланган эди.

2015 йилнинг июль ойида эса Тошкент шимоли шарқида жойлашган “Буюк ипак йўли“ метроси атрофидаги президент трассаси йўлида жойлашган дўкон ва бекатлар бузилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG