Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:49

Тожикистонлик ошпаз Урумчида қатл этилди


Хитойда қатл қилинган Ҳасан Юсупов.
Хитойда қатл қилинган Ҳасан Юсупов.

Хитой маҳкамаси томонидан наркотиклар контрабандасида айбланиб¸ ўлимга ҳукм этилган Тожикистон фуқароси Ҳасан Юсупов 28 январь куни тонгда қатл этилди. Тожик дипломатлари¸ ҳозирда марҳум жасадини ватанига қайтариш борасида сўзлашувлар бораëтганини билдирди.

Тожикистонлик 51 яшар Ҳасан Юсупов 28 январь тонгида Хитойнинг Урумчи шаҳрида қатл қилинди.

Ҳасан Юсуповнинг яқинлари сўнгги дақиқагача қатл амалга ошмаслигига умид қилди, лекин Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги 28 январь куни унинг қатл қилингани ҳақидаги хабарни тасдиқлади.

Вазирлик мулозими Вафо Ниятбековнинг айтишича, Хитойдаги тожик дипломатлари қатлдан бир кун олдин Ҳасан Юсупов билан учрашган ва у қатлдан сўнг жасади Тожикистонга жўнатилишини илтимос қилган.

Хитойга ошпаз сифатида ишлагани борган Ҳасан Юсупов кейинчалик тадбиркорлик билан шуғулланган ва Тожикистонга Хитой молларини юбориб турган.

У бундан беш йил муқаддам Урумчи шаҳрида наркотик моддалар контрабандасида айбланиб ҳибсга олинган эди. Кейинроқ Хитой суди унга ўлим жазоси тайинлади.

Қатл қилинган тожикистонликнинг акаси Баҳодир Юсупов Озодлик билан суҳбатда¸ укасининг наркотик моддалар контрабандасига алоқаси йўқлигини айтган:

“У бозордаги бир аёл томонидан алданган. У аёлнинг илтимоси билан бир сумкани бир жойдан бошқа жойга олиб бориб қўймоқчи бўлганида¸ Урумчи полицияси томонидан қўлга олинган. Бу сумкада эса наркотиклар бўлган”, деган эди Баҳодир Юсупов.

Тожик расмийлари берган сўнгги маълумотларга кўра, айни пайтда Хитой қамоқхоналарида яна 16 нафар Тожикистон фуқароси бор ва улардан 9 нафари эркак¸ 7 нафари аëл маҳбуслардир.

Ўтган йилнинг май ойида Тожикистон Бош прокурори Юсуф Раҳмон, Хитой қамоқхоналаридаги 16 тутқундан уч аёл ва бир эркак ўлим жазосига, беш нафари эса умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганини айтган эди.

Тожикистондаги қамоқхоналарда эса уч нафар хитойлик жазо муддатини ўтамоқда. Улар зўрлаш, оғир тан жароҳати етказиш, ноқонуний наркотик моддалар савдосида айбланган.

Хитой қонунчилигига кўра, наркотик моддалар контрабандаси билан шуғулланганликда айбланган шахсларга ўлим жазоси белгиланади.

XS
SM
MD
LG