Линклар

logo-print

Каримов туғилганига 78 йил, президент сифатида қасам ичганига чорак аср тўлди


Ислом Каримов

Ислом Каримов

Ўзбекистонни чорак асрдан кўпроқ вақт давомида, конституция чекловларига зид равишда бошқараëтган президент Ислом Каримов туғилганига 30 январда 78 йил тўлади. Бундан 27 аввал аввал Ўзбекистон ССР Коммунистик партияси Бош котиблигига тайинланган Ислом Каримов, мустақилликдан кейин президент этиб сайланганидан бери олий курсини бўшатмай келаётир.

78 ёшни қаршилаётган Ислом Каримов бундан 27 аввал Ўзбекистон ССР Коммунистик партияси Бош котиблигига тайинланган эди.

Айнан ўша даврда Ўзбекистонда журналист бўлиб ишлаган Анвар Усмоновга кўра¸ бу ўзгариш кутилган бир жараëн эди:

- 1989 йил ëзда Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги раҳбари Рафиқ Нишонов Москвага ишга тайинлангани боис¸ комфирқа котиблиги лавозими бўш қолди. 1989 йилнинг 23 июнида Каримов Ўзбекистон раҳбари қилиб тайинланди. Биз бу кишини умид билан қаршилаган бўлсак ҳам умрбод лавозимда ўтиради деган ўй хаëлимизнинг бир четидан ҳам ўтмаган эди,- дейди суҳбатдош.

Ўша пайтда Қашқадарë вилоят партия қўмитасини бошқарган¸ СССР халқ депутати Ислом Каримов номзодини ўшандаги СССР Ташқи ишлар вазири Эдуард Шеварднадзе ҳам қўллаб-қувватлаган эди.

Ҳозирда марҳум Шеварднадзе бундан 7 йил олдин Озодлик мухбири билан суҳбатда Каримов номзодига қаршилар ҳам бўлганини эслаган эди.

- Шундай онлар бўлдики¸ унинг номзодига эътироз билдирганлар ҳам топилди. Аммо ўшандаги умум кайфият Каримов фойдасига ишлади¸- деган эди Эдуард Шеварднадзе.

Янги раҳбар билан мулоқот қиламиз¸ деган умид туйғуси собит эди бизда¸ деб эслайди журналист Анвар Усмонов.

- Биринчи ойларда Каримовга бизларда жуда ишонч бор эди. Менда ҳам ишонч бор эди. Мен бир-икки марта Каримов билан учрашдим. У ўзини анча тушунадиган¸ яхши одам қилиб кўрсатган. Менинг у ҳақда фикрим яхши эди. Янги раҳбар¸ тушунадиган раҳбар¸ замонавий раҳбар¸ биз билан мулоқотда бўлган раҳбар¸ деб бизда анча ишонч бор эди¸- дея эслайди Анвар Усмонов.

Каримовнинг иқтидорга келиш арафасида Ўзбекистонда ижтимоий-сиëсий бўҳронлар қайнаган¸ миллатлараро низолар боис¸ мамлакатнинг қатор нуқталарида комендантлик назорати жорий қилинган эди.

Бу даврга Каримовнинг ўзи “Тўрт томонда уруш бўлаëтган пайт”¸ дея баҳо берган эди.

- Бугунги Ўзбекистонда катта кураш кетаяпти. Бир томондан эмас¸ тўрт томондан кураш кетаяпти¸- деган эди 1991 йилги сайловлардан олдин Наманганда обком биносини ишғол қилган диндорлар билан учрашган Ислом Каримов.

Каримов иқтидорга келиш арафасида минглаб ўзбекистонликлар пахтани қўшиб ëзишда айбланиб¸ ҳибс қилинган эди. "Қашқадарëда ишлаганимда яқинлари қамалган минглаб одам менга арз қилиб келишган эди"¸ деб эслайди кейинчалик Каримов.

- Мен 1987 йилда Қашқадарëга биринчи марта борганимда 1500 одам қамалган эди. Ҳамма акамни¸ опамни чиқариб беринг¸ деб келар эди¸- деб эслаган эди Ислом Каримов.

"Ўзбеклар иши"¸ "Пахта иши" деб номланган жараëн терговчиси Телман Гдлян Каримов тайинланган пайтда ҳам Ўзбекистонда эди. Бундан 7 йил олдинги суҳбатда Телман Гдлян Каримовнинг ëши бир жойга бориб мункиллаб қолибди деган эди:

- Бугун¸ 16 июн 2009 йил¸ телевизорда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти йиғинида Каримовни кўриб танимадим. Анча ўзини олдириб қўйибди. Екатеринбургда ўтиришини кўриб, шарти кетиб парти қолибди деб ўйладим¸- деган эди 90- йилларнинг афсонавий терговчиси.

80-йилларда ўзбекларни порахўр, деб қийратган Телман Гдлян Ўзбекистондаги бугунги порахўрлик кўламидан ҳайратдалигини айтади.

Гдляннинг гапидан етти йил ўтиб ëши бир жойга борган бўлса ҳам лавозим курсисига ëпишган Каримов ҳақида ҳажвий суратлар чоп қилинди.

Умуман ëши бир ерга борса ҳам лавозимидан айрилишни истамаган “абадий иқтидор соҳиблари” мавзуси ўтган ҳафта америкалик комедиант¸ таниқли қизиқчи Жерри Сейнфелд билан суҳбат чоғида АҚШ Президенти Барак Обама тарафидан таҳлил қилинди.

Жарри Сейнфелнинг “жаҳон лидерларидан қанчаси ақлдан озган” деган саволига Оқ уй соҳиби анчайин батафсил жавоб қайтарди:

- Анчаси¸ улар ҳокимиятда қанча узоқ ўтирса ақлдан озиш эхтимоли шунча кучаяди. Улар қариб бошлайди¸ оғрийди¸ сийдигини ушлай олмай қолади. Шунга қарамасдан улар қўлида мутлақ ҳокимият жамланган бўлади. Ҳокимият инсонни заҳарлайди. Бу жуда қайғули. Чекланмаган ҳокимият ва пул одамни нормал фикрлашига йўл бермайди¸- деди дунëдаги энг қудратли давлат президенти.

Абадий президент?

Ўзбекистон Совет Иттифоқида биринчи бўлиб президентлик бошқарувини жорий қилган эди. 1990 йилнинг 24 мартида бўлган Ўзбекистон ССР Олий Совети Кенгаши Каримовни Ўзбекистон президенти этиб сайлади.

Совет Ўзбекистонида шаклланган анъанага кўра¸ Совмин раиси ҳам¸ Олий Кенгаш раиси ҳам республика бош раҳбари ҳисобланмас эди. Фақат Комфирқа биринчи котиби республика раҳбари сифатида кўрилар эди. Шу ўринда Ўзбекистон президенти қилиб парламент депутатлари томонидан сайланган Каримов аслида Кремл берган лавозим шаклини ўзгартирган эди¸ холос.

Ўша пайтдаги "Президент бошқаруви тўғрисидаги" қонун тўлалигича Каримов бўйи бастига мўлжалланган эди. Масалан, Ўзбекистон президенти 35 ëшдан ошган ва 65 га кирмаган шахс бўлиши лозим, деган банди бор эди бу қонуннинг. Аммо Каримов 65 дан ошгани заҳот бу қонун бандлари ислоҳ қилинди.

Ана шундан бери ўтган вақт давомида Ислом Каримов ўзи ўтирган президентлик курсисини тарк этмади.

Ўзбекистон конституциясида бир кишининг кетма-кет икки муддатдан ортиқ президент бўлиши мумкин эмаслиги аниқ ёзиб қўйилган бўлса ҳам, бу Ислом Каримовнинг чорак аср президент бўлишига монелик қилмади.

1989 йилда Каримов келишини умид туйғуси билан қаршилаган журналист Анвар Усмонов ҳафсаласи пир бўлганлигини яширмайди.

- Ўтган чорак аср Каримовнинг ҳамма камчилигини кўрсатди. Биринчидан Каримов сиëсатчи ҳам эмас¸ экономист ҳам эмас. Мен олдинига “у жуда яхши специалист”, деб ўйладим. Чорак аср унинг ноллигини кўрсатди. Мана ҳозир Ўзбекистонда нима бўлаëтганини ўзингиз кўраяпсиз¸- дейди суҳбатдош.

XS
SM
MD
LG