Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:51

Швеция ортидан Финландия ҳам минглаб муҳожирни бадарға қилмоқчи


Швеция 80 минг муҳожирни бадарға қилишини эълон қилгани ортидан Финландия расмийлари мамлакатга бошпана излаб келган 32 минг муҳожирнинг 30 минги чиқариб юборилишини маълум қилди. Финландия Ички ишлар вазирлиги котиби Паиви Нерг мамлакатда бошпана излаб 2015 йилда арзланганларнинг учдан икки қисми рад жавоби олишини айтди.

2014 йилда бу кўрсаткич 56 фоизни ташкил қилган эди.

AFP агентлиги билан қилган суҳбатида Нерг: “Аввалги йилларда (топширганларнинг) тахминан 60 фоизи рад жавобини олган эди. Аммо энди ироқлик, афғонистонлик ва сомалилик муҳожирлар арзларини кўриб чиқишда фойдаланиладиган мезонларимизни кучайтирдик”, деди.

2015 йилда Финландия расмийлари Ироқ, Афғонистон ва Сомалида хавфсизлик вазияти яхшиланганини айтиб, бу мамлакатлардан келган муҳожирларнинг Финландияда бошпана олишини мушкуллаштирган эди.

2015 йилда Финландияда бошпана излаганларнинг, тахминан, 20 минг нафарини Ироқ фуқаролари ташкил этган.

Нерг яқин ойларда ироқликларни бадарға қилиш учун иккита чартер рейси амалга оширилишини билдирди. Котиб иммиграция расмийлар арзларни кўриб чиқар экан, бадарға қилиш қадамма-қадам амалга оширилиши қўшимча қилди.

Нергнинг айтишича, Ички ишлар вазирлиги ўз хоҳиши билан кетмоқчи бўлганлар ва кетишга мажбурланадиганлар учун алоҳида-алоҳида транзит марказлари ташкил қилади.

Котиб бошпана излаганларнинг 4 минг нафари аллақачон ўз арзини қайтиб олганини айтди.

Швеция расмийлари 27 январь куни мамлакат матбуотига ўтган йилда бошпана излаб мамлакатга келган 163 минг муҳожирнинг ярми бадарға қилиниши ҳақида хабар берди. Бадарға қилинадиган муҳожирларнинг аксари Швеция расмийлари томонидан мамлакатни тарк этишга мажбурланади.

Шундай бўлса-да, швед расмийларининг муҳожирлар қаршилик кўрсатмаслигига умид қилмоқда. Финландия айни дамда муҳожирлар Россия орқали мамалакатга киришини тўхтатиш учун рус расмийлари билан музокралар олиб боряпти.

Норвегия муҳожирларга Россия-Норвегия чегараси орқали мамлакатга киришни ман қилганидан кейин муҳожирлар оқимининг йўналиши Финландия томон ўзгарган эди.

XS
SM
MD
LG