Линклар

Москвадаги ёнғинда ҳалок бўлганларнинг 2 нафари ўзбекистонлик


Москвадаги тикувчилик цехида юз берган ёнғинда 12 киши ҳалок бўлган.

Москвадаги тикувчилик цехида юз берган ёнғинда 12 киши ҳалок бўлган.

Москвадаги тикувчилик цехларидан бирида 31 январь куни чиққан ёнғин оқибатида ҳалок бўлган 12 киши Марказий Осиёдан Россияга ишлаш учун келган муҳожирлар экани расман маълум қилинди. Ҳалок бўлганларнинг икки нафари Ўзбекистон фуқаросидир.

Москванинг Строминка кўчасида жойлашган тикувчилик цеҳида 31 январга ўтар кечаси чиққан ёнғинда 12 киши, жумладан, 3 нафар балоғатга етмаган бола ҳалок бўлгани аввал хабар қилинган эди.

Бироқ Россия Тергов қўмитасининг Москва шаҳри бўйича бошқармаси расмийси Юлия Иванова ҳалок бўлганлар орасида фақат бир нафари бола экани аниқланганини билдирди.

-Ёнғинни ўчириш жараёнида 12 одамнинг жасади топилди. Жасадлардан фақат биттаси, дастлабки таҳминларга кўра, балоғатга етмаган боланики бўлиши мумкин, - деди Юлия Иванова.

1 февраль куни Қирғизистоннинг Россиядаги элчихонаси ҳалок бўлганлардан 8 нафари, жумладан, бир нафар бола Қирғизистон фуқароси, икки нафари Россия фуқаролигини олган этник қирғиз ва яна икки нафари Ўзбекистон фуқароси эканини маълум қилди.

Ёнғин пайтида бинодан тўрт киши қочиб чиқишга улгурган. Улардан икки нафари қирғизистонлик, бир нафари ўзбекистонлик ва бир нафари Россия фуқаролигини қабул қилган этник қирғиздир.

Ёнғинда ҳалок бўлган қирғизистонликларнинг барчаси Боткен вилояти турғунлари бўлган.

Ҳалок бўлган ўзбекистонликларнинг шахси ва қайси вилоятдан экани тўғрисида ҳозирча маълумот йўқ. Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси консуллик бўлими расмийси Озодлик мухбири билан суҳбатда бу борада мана буларни айтди:

-Ҳозир консул ходимимиз воқеа жойига чиқиб кетган, терговчи билан учрашгани. Кеча биз бу воқеа ҳақида билганмиз. Бироқ Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги ва Тергов қўмитаси бу борада бизга маълумот беришолмади. Шунинг учун ҳозир консуллик ходимимиз Москва шаҳар Восточний маъмурий округининг тергов қўмитасига кетган, -деди Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси консуллик бўлими расмийси.

Унинг айтишича, ёнғинда ҳалок бўлган ўзбекистонликларнинг жасадларини Ўзбекистонга жўнатиш ишига элчихона кўмак кўрсатади.

Ёнғинда одамлар ҳалок бўлгани аниқланганидан сўнг Россия ҳуқуқ –тартибот органлари жиноят иши очган. Экспертлар тикувчилик цехига қасддан ўт қўйилган, деган тахминни олға сурмоқда.

Шундан келиб чиққан ҳолда Қирғизистоннинг Россиядаги элчихонаси тергов жараёни махсус назоратга олинганини, ҳалок бўлган қирғизистонликларнинг жасадларини ватанга элтишда ёрдам кўрсатилишини расман маълум қилди.

Қирғизистон Бош вазири Темир Сариев эса 1 феврал куни Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Миграция хизмати раҳбарлари билан шошилинч йиғилиш ўтказиб, ҳалок бўлган қирғизистонликларнинг жасадларини ватанига олиб келиш, уларни дафн қилиш бўйича марҳумларнинг қариндошларига максимал даражада ёрдам кўрсатиш кўрсатмасини берди. Шунингдек, Қирғизистон Бош вазири, ҳалок бўлганларнинг қариндошларига тиббий ва психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисида кўрсатма берди.

Хабарларда айтилишича, Москванинг Строминка кўчасида жойлашган тикувчилик цеҳида ёнғин 30 январь куни кеч соат 9ларда бошланган. Ёнғин оқибатида 3 минг квадрат метр майдон ёниб кул бўлган ҳамда бинонинг томи қулаб тушган.

Россия Тергов қўмитасининг билдиришича, тикув цехида ёнғин чиқишига сабаб бўлган бир неча нуқта аниқлангани ортидан, экспертлар бинога қасддан ўт қўйилган, деган таҳминга келишган.

Москва шаҳар мэри Сергей Собянин бўлиб ўтган ёнғинни “одамлар умрини, жумладан, чақалоқ умрини олиб кетган катта фожеа”, деб атади.

“Коммерсант” нашрининг хабар беришича, Москва мэри Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги ва Миграция хизматига шаҳардаги ишлаб чиқариш корхоналари мавжуд бўлган ҳудудларни текшириш ва иш жойида яшаётган мигрантларни аниқлаш тўғрисида кўрсатма берган.

XS
SM
MD
LG