Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:41

Тожикистонлик қиз ўлимида гумонланган рус зобити Душанбеда судланади


Рус зобити Иван Шчербаков (ўртада).
Рус зобити Иван Шчербаков (ўртада).

Душанбелик 22 ёшли қизни ўлдирганликда гумонланган рус зобити Иван Шчербаков руҳан соғлом топилди. Яқин кунларда зобит суд-психиатрик экспертизадан ўтказилган Екатеринбург шаҳридан Тожикистон пойтахтига келтирилиши кутилмоқда.

Душанбелик Шоира Жобирова ўлими билан боғлиқ ишни Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Россиянинг бу мамлакатдаги 201-ҳарбий базаси қўмондонлиги билан биргаликда текширмоқда.

Мазкур базада хизмат ўтаган зобит Иван Шчербаков ўтган йил 5 ноябрида 22 ёшли Шоирани ўлдирганликда гумонланмоқда.

Қизнинг жасади 8 ноябрь куни Россия ҳарбий базаси яқинидаги ахлат қутисидан топилган. Маълумотларга кўра, қиз жасадида аёвсиз калтак излари бўлган.

Бу иш ортидан Шчербаков 9 ноябрь куни ҳисбга олинган. Рус зобити жиноят содир этганини тан олган ва терговчилар билан ҳамкорлик қилишга рози бўлган. Шоиранинг ўлдирилиши ҳақида гапираркан, зобит жиноят содир бўлган куни ўта маст бўлгани учун ҳеч нарсани эслай олмаслигини айтган.

Тожикистон Ички ишлар вазирлигидан билдиришларича, рус зобити аёлни “Гипрозем” мавзеида жойлашган ҳарбий қисм ётоқхонасига таклиф қилган ва уни терговга маълум бўлмаган сабабларга кўра ўлдирган.

Жиноят иши доирасида ҳодиса бир неча тахмин асосида ўрганилмоқда. Айни пайтда Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари “жинсий зўравонлик оқибатида содир этилган ўлим”га оид тахмин ўз тасдиғини топмаганини таъкидламоқдалар.

Аввалроқ “Ховар” давлат ахборот агентлиги тергов гуруҳидаги манбасига таянган ҳолда, Шоира Жобирова рашк туфайли ўлдирилган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар қилганди.

Гумонланувчи рус зобити Иван Шчербаков тўғрисида маълумот кўп эмас. Asia-Plus агентлиги маълумотига кўра, 26 ёшда бўлган зобит уйланган ва вояга етмаган бир қизнинг отасидир.

Иван Шчербаков Тожикистонда жиноий иш фигурантига айланган ягона рус ҳарбийси эмас. 2015 йил августида Душанбеда тожикистонлик таксичини ўлдирганликда айбланмиш россиялик икки ҳарбий судланганди.

Ўтган йил июлида эса Кўлобда хизмат ўтаган россиялик ҳарбийлар шаҳар аҳолиси билан муштлашганди. Ўшанда улар ўта маст аҳволда бўлгани ва тожиклар шаънига таҳқирли сўзлар айтгани хабар қилинганди.

201-ҳарбий база Россиянинг хорижий ўлкада жойлашган йирик ҳарбий объекти бўлиб ҳисобланади. Унда 7 минг чоғли зобит ва аскар хизмат ўтайди.

2012 йил октябрида Душанбе ва Кремль ўртасида имзоланган шартномага мувофиқ, 201-база Тожикистонда йўқ деганда 2042 йилгача қоладиган бўлган.

XS
SM
MD
LG