Линклар

logo-print

Ўзбекистонни 16 йил муқаддам тарк этган диндор Покистонда ушланди


Ўзбекистоннинг Бухоро вилояти Шофрикон туманидан бўлган Ҳазрат Жўраев ўтган ой Покистоннинг Балужистон вилояти Гвадар округида полиция томонидан ҳибсга олинди. Ҳозирда Гвадар округи суди Ўзбекистон фуқаросини Покистонда ноқонуний истиқомат қилганлик айблови билан ватанига депортация қилиш масаласини кўриб чиқаётир. Ҳазрат Жўраевнинг Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қидирувга берилган-берилмагани Озодликка маълум эмас.

Қамалиш қўрқуви ва қочиш

Гвадардаги қамоқхонадан туриб, Озодлик билан телефон орқали суҳбатлашган 51 ёшли Ҳазрат Жўраев Ўзбекистонда диний ташвиқот билан шуғуллангани ва Тошкентда 1999 йил февралида юз берган портлашлар ортидан қамалишдан қўрқиб, Ўзбекистонни тарк этганини гапириб берди.

У портлашларга менинг ҳеч қандай қўлим йўқ эди. Лекин, шундан кейин қаттиқ қийинчиликлар бошланди. Мени милицияга бир неча марта чақиришди. Охирги марта чақирганида начальник милция айтдики, агар Бухорода бирон гап бўладиган бўлса, биринчи бўлиб сизни олиб кетамиз, деди. Кейин мен қамалишдан қўрқиб, қочиб келдим”, дейди Ҳазрат Жўраев.

Суҳбатдош Ўзбекистондан Тожикистонга ва сўнгра Афғонистонга ўтгани ва бир йил давомида Қундуз шаҳридаги мадрасалардан бирида таълим олганини айтади.

Ҳазрат Жўраев дастлаб Ўзбекистон Исломий Ҳаракати сафларига қўшилганини эътироф этган эса-да, жангларда иштирок этмагани ва ҳаракат сафларидан чиқиб кетганини илова қилди.

У 2001 йил кузида Афғонистонда Толибон ҳаракатига қарши АҚШ бошчилигидаги коалиция амалиёти бошланиши ортидан Эрон ҳудудига ўтгани ва бу мамлакатнинг Зоҳидон вилоятида, БМТ берган ҳужжат асосида, 10 йил истиқомат қилганини айтади.

Унинг яна айтишича, 2010 йилда БМТ берган ҳужжат муддати тугагач Эрон расмийлари мамлакатни тарк этишни талаб қилганлар ва у Покистон ҳудудига ўтишга мажбур бўлган.

Ҳазрат Жўраев агар Ўзбекистонга чиқариб юборилса, ҳибсга олиниши, қийноқларга тутилиши ва ҳатто ҳаёти хавф остида қолиши мумкинлигидан хавотир билдирди.

Ҳозир мен ҳақимда Ўзбекистонга маълумот юборишмоқчи. Мен маълумот берманглар, Ўзбекистонга қийин бўлаяпти, десам, ишонмайди. Улар Ўзбекистон демократик давлат, у ерда ҳамма мусулмон, сен ўзинг бирон иш қилиб келгансан, деб айтади. Мен жуда ҳам паришонман, хавотирдаман”, дейди Ҳазрат Жўраев.

У Ўзбекистонда қолган турмуш ўртоғи ва уч фарзандини 15 йилдан буён кўрмаганини айтади.

Жўраевнинг айтишича, унга маҳкамада ҳимоячи берилмаган.

Озодлик суҳбатлашган Балужистондаги ҳуқуқ ҳимоячилари Ҳазрат Жўраев иши юзасидан ҳуқуқий ёрдам беришга тайёр эканликларини билдирдилар.

АҚШ томонидан террорчи ташкилотлар рўйхатига киритилган “Ўзбекистон Исломий Ҳаракати” Покистоннинг қабилалар назоратидаги минтақаларда, жумладан Балужистонда 2001 йил охирларидан 2010 йилларга қадар фаол бўлгани айтилади.

Ўтмишда Покистон ўз ҳудудида ушланган ўнлаб ўзбекистонлик жангариларни Тошкентга топширган.

Ўзбекистон ва Покистон ўртасида экстрадиция ҳақидаги келишув 2002 йил мартида имзоланган эди.

XS
SM
MD
LG