Линклар

Европа Иттифоқи ҳудудига кириб борган муҳожирларнинг илк ҳисоб-китобини қилган Европол 10 мингга яқин бола бедарак йўқолганини аниқлади. Guardian газетасининг ёзишича, муҳожирлар болаларининг айримлари европалик қариндошлари оилаларига қўшилган, айримлари жиноятчи гуруҳлар томонидан секс-қулликка ўғирланган, айримлари эса инсон органлари сотувчилар қурбонига айланган бўлиши мумкин.

Европа Иттифоқи давлатлари полиция уюшмаси - Европол иттифоқ ҳудудида бўлган муҳожир ва қочқинларнинг умумий ҳисобини аниқлашга уринмоқда.

Ташкилот маъмурияти раҳбари Браян Доналднинг Observer нашрига айтишича, ЕИ ҳудудига кирганида қайд қилинган болалардан бир неча минги ғойиб бўлган. Биргина Италияда бундай болалар сони 5 мингга яқин экани, Швецияда эса мингга яқин бола йўқолгани бўлгани маълум бўлган.

Европол раҳбарияти иттифоқ ҳудудига кириб бораётган қочқин ва муҳожирлар миллатчи гуруҳлар нишонида эканидан огоҳлантирар экан, ғойиб бўлаётган болалар ҳар қандай таҳдидга нишон бўлиб турган энг нозик қатлам эканини тан олмоқда.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ЕИ ҳудудига киргани қайд этилган 10 мингга яқин боланинг ҳозир қаерда экани Европолга қоронғу қолмоқда.

Айниқса, Швеция раҳбариятининг Треллеборг порт шаҳрига борган мингга яқин бола ўтган йили октябрь ойида дом-дараксиз йўқолгани ҳақидаги хабари жиддий хавотир уйғотган эди. Бу болалар сентябрь ойида шаҳарга кириб борган, орадан бир ой ўтиб ғойиб бўлган.

Европол агентлиги қаровсиз қочқин болаларнинг айримлари секс-қулликка тушганини аниқлаган. Германия ва Венгрияда катта ёшдаги ва вояга етмаган муҳожирларни қул қилиб олган жиноятчи гуруҳлар аниқланган.

Guardian газетасининг Европол раҳбаридан келтирган иқтибосига кўра, сўнгги 18 ой ичида муҳожирларни қул қилиб олиш билан шуғулланаётган бутун бошли криминал инфраструктура аниқланган. Яъни, шу вақтгача одам савдоси билан шуғулланиб юрган жиноий гуруҳлар осонгина муҳожир ва қочқинларни ўғирлашга ўтиб олган. Ёш болалар секс-қулликка солинаётгани ва уларнинг органлари сотилаётганига оид ҳолатлар ҳам аниқланган.

Маълумки, юз минглаб муҳожир орасида ота-онасини ватанида йўқотган ёки таҳликали йўл давомида йўқотган болалар бор. Бундан ташқари, ўзи юртида қолиб, вояга етмаган болаларини қариндошлари ёки таниш-билишларига қўшиб жўнатаётганлар ҳам бор.

Guardian газетасининг ёзишича, ота-онасиз борган болаларнинг айримлари яширин тарзда ёки ошкора Ғарбдаги қариндошлари оилаларига қўшилмоқда. Аммо, бундай болаларнинг каттагина қисми ўғирланаётгани, жиноятчи гуруҳлар ва ҳатто, қочқинлар орасида юрган жиноятчи шахслар томонидан қулликка солинаётганидан хавотир бор.

Save the Children ташкилоти берган маълумотга кўра, ўтган йили Европа ҳудудига ота-она ёуи қариндошларисиз ёлғиз келган 26 минг бола қайд этилган. Европол ҳисобича, муҳожирларнинг 27 фоизини - тахминан 270 мингини болалар ташкил этади.

Ўтган ҳафтада Буюк Британия қаровсиз қолган суриялик қочқин-муҳожир болаларнинг қатта қисмини қабул қилиб олишга тайёрлигини билдирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG