Линклар

Тамила "беҳаё видео"си тарқалиши ортидан Қозоғистонга чиқиб кетган


Ўзбекистонда Тамила тахаллуси билан ўзбек эстрадаси ишқибозларига яхши таниш бўлган хонанда жанжалли видеоси ижтимоий тармоқларда тарқалиши ортидан Қозоғистонга чиқиб кетишга мажбур бўлган. Бу ҳақда AsiaTerra нашри хабар берди. Айни пайтда "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси Тамилани (асли исми Рахматова Эсмиральда Нажмиддиновна​) лицензияси 1 февралдан бекор қилинганини билдирди.

Бирлашма сайтида билдирилишича, Эсмеральда Рахматова (Тамила) лицензия битимида назарда тутилган талаб ва шартларни мунтазам равишда бузилганлиги сабабли, ушбу хонанда номига берилган лицензиянинг амал қилиш муддати 2016 йил 1 февралдан тугатилади.

Бирлашма мулозимлари Озодликка Тамиланинг лицензияси бекор қилинишига унинг Telegram тармоғида тарқалган "баҳаё видеоси" сабаб бўлганини айтишди.

Шунингдек, "Ўзбекнаво" ўзбекистонлик санъаткор Асқаржон Маликов (Замир)га берилган лицензияни бекор қилди ва бир қанча хонандага огоҳлантириш эълон қилди.

“Хонандалар Жасур Умиров, Дилфуза Исмоилова, Абдували Раджабов, Ойбек Алимов, Нигора Исмаилова ва Умида Ходжаевалар огоҳлантирилганлигини билдирамиз”, - дейилади "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси матбуот хизмати хабарида.

Хабарларга кўра, Дилфуза Исмоилованинг огоҳлантирилишига ижтимоий тармоқларда тарқалган бир қанча суратлари сабаб бўлган.

Хонандалар Жасур Умиров, Абдували Ражабов, Ойбек Алимов, Нигора Исмаилова ва Умида Ходжаева эса давлат тадбирларида иштирок этмагани сабабли огоҳлантирилганлар.

"Беҳаё видео"

"Ўзбекнаво" эстрада бирлашмасидагилар Озодликка Тамиланинг лицензияси бекор қилинишига унинг Telegram тармоғида тарқалган "баҳаё видеоси" сабаб бўлганини айтишди.

Тамилани ўзидан бу ҳақда муносабат олиб бўлмади.

28 январь куни ижтимоий тармоқда тарқалган видеода номаълум эркак ўзбек хонандаси Тамила экани иддао қилинаётган аёлдан юлдуз бўлгунига қадар у ким бўлгани ҳақида сўрайди.

Аёл эса шартта ўрнидан туради-да, иштонини ечиб, камерага орқасини тўнқайтириб қаратади. Яна бир видеода Тамила экани тахмин этилаётган яланғоч аёл катта йўл ўртасида тўнқайиб, орқасини кўрсатади.

Тамила Sayyod.com сайтига биринчи видеороликдаги аёл ўзи эканлиги, лекин иккинчи видеодаги аёл у эмаслигини айтди.

Шу ўринда ижтимоий тармоқларда “Тамила бу ишни жамоатчилик олдида қилмадику, нега приват суҳбат давомида олинган ва унинг изнисиз чиқариб юборилган видео учун уни тарқатган одам эмас, қўшиқчи жазоланиши керак”, деган фикрлар ҳам айтилмоқда.

Лола тахаллуси билан ўзбек эстрадаси ишқибозларига яхши таниш бўлган хонанда Лола Йўлдошева Instogramда ўзбек хонандаси Тамиланинг (асли исми Рахматова Эсмиральда Нажмиддиновна) жанжалга сабаб бўлган видеосини тарқатган одамни сиртлонга ўхшатди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 27-моддасида “Ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва турар жойи дахлсизлиги ҳуқуқига эга. Ҳеч ким қонун назарда тутган ҳоллардан ва тартибдан ташқари бировнинг турар жойига кириши, тинтув ўтказиши ёки уни кўздан кечириши, ёзишмалар ва телефонда сўзлашувлар сирини ошкор қилиши мумкин эмас” дейилган.

Тамила бундан аввал ҳам лицензиядан махрум этилган.

2015 йил ноябрь ойида эса хонанда қайтадан лицензияни қўлга киритиб, Ўзбекистон ва хорижда концерт-томоша йўналиши бўйича фаолиятини олиб бориш ҳуқуқига эга бўлган эди.

Айни пайтда Тамила ижтимоий тармоқда тарқалган видеоси сабаб ғазабноқ ишқибозларининг қаттиқ босими остида қолган ва Қозоғистонга чиқиб кетишга мажбур бўлган.

XS
SM
MD
LG