Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:51

“Ўзбекистон Миллий банки компьютерлари 1 февраль куни осилиб қолди”


Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки матбуот хизмати ўз муассасаси компьютерлари ҳар ой бошида осилиб қолаётгани тўғрисидаги хабарни шарҳлашни истамади.

uzmetronom.com сайтига кўра, банк компьютерларига ўрнатилган дастурлардаги ноқислик туфайли навбатдаги ой боши - 1 февраль куни транзакцияларни амалга оширишнинг иложи бўлмаган.

Шу куни, сайтнинг ёзишича, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки мижозлари – юридик ва жисмоний шахсларнинг жўнатмалари билан боғлиқ банк амалиётларни бажара олмаган.

Фалаж кун

Яъни, 1 февраль куни мижозлар мазкур банкдан на пул чиқара олган, на пул ўтказа олган.

Айтилишича, 1 февраль кунги узилиш техник носозлик оқибатидир.

Сайтнинг ўз манбаларига таянган ҳолда ёзишича, банк компьютерларига ўрнатилган дастурлар “бундан бир неча йил муқаддам бир шубҳали компаниядан сотиб олинган”.

“Дастурлар ишида узилиш юз бериши туфайли банкнинг бусиз ҳам ҳаминқадар бўлган обрўсига путур етмоқда, банк ҳамкорлари эса, овора бўлиб қолмоқда”, деб ёзди сайт.

На тасдиқ ва на инкор

Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки матбуот хизматининг ўзини таништиришни истамаган ходимаси Озодлик саволларига жавоб бераркан, банк компьютерларининг 1 февраль куни осилиб қолгани тўғрисидаги хабарни на тасдиқлади ва на инкор этди.

Қисқа мулоқот чоғида ходиманинг Миллий банкка оид сўнгги хабардан хабари йўқлиги маълум бўлди. Хабар билан танишгач, саволларимизга жавоб беришга ваъда берди, лекин кейин телефонни кўтармади.

Миллий банкнинг Марказий операция бўлими ходими ҳам банк компьютерларининг 1 февраль куни осилиб қолгани тўғрисидаги хабарни на тасдиқлади ва на инкор этди.

Мутахассис фикри

Банк-кредит соҳасида мутахассис Тошбек Миллий банк билан боғлиқ хабарни шарҳлар экан, бундай деди:

- Ўзбекистондаги банклар ишлатаётган компьютер дастурлари бошқа давлатлардагидан фарқли анча орқада қолиб кетган дастурлардир. Шунинг учун бу дастурларнинг вақти-вақти билан узилиб қолишига хайрон қолмаса ҳам бўлади, деди Тошбек.

- Эскирган бўлса, нима учун янгисини сотиб олишмайди? Табиий бу саволга жавобан, Тошбек Ўзбекистоннинг банк тизими ҳам бюрократик тўсиқлар исканжасида эканлигини эслатиб ўтди.

uzmetronom.comнинг Миллий банкка оид икки энлик хабарида дастурлар эскилиги коррупция оқибати бўлиши мумкинлигига ишора бор.

- Балки чиндан ҳам шундайдир?

- Сиз айтаётган масаланинг бошқа бир кўриниши ҳақида ҳам гапириш мумкин. Дастурни тақдим қилган компаниялар дастурдан фойдаланаётган компаниялардан муайян муддатларда муайян миқдорда пул олиб туради. Шу билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин, деди Тошбек.

“Ой боши синдроми”

Миллий банк ҳар бошида бошидан кечирадиган муаммони “Ой боши синдроми”, деб аташ мумкин бўлса, бу касалликнинг бошқа бир сабаби ҳам борки, Озодлик у ҳақда 2015 нинг 2 октябрида ёзган эди.

Ўша кунги лавҳамиз “Фарғона вилояти, Олтиариқ туманидаги 2 банк 2 октябрь куни мижозлар билан ишламади, Россиядан келган пулларни эгаларига бермади. Чунки бу банклар учун 2 октябрь 2 октябрь эмас, балки 31 сентябрдир”, деб бошланган эди. Лавҳада гап Агробанк ва Халқ банки филиаллари устида борган.

Ўзбек банклари тақвимининг умумдавлат тақвимидан фарқланиши сабабларини ўша кунги эшиттиришда қатнашган мустақил мутахассис банкларнинг мижозлар пули ҳисобига ўз кўрсаткичларини яхшилаш истаги билан изоҳлаган эди.

Бугунги суҳбатда банк-кредит соҳасида мутахассис Тошбек бундай деди:

- Квартал ёки йил якунлари чиқариладиган кунларда операциялар тўхтатилади ёки операциялар ўша пайтга “тақалтирилади”. Мақсад белгиланган режа кўрсаткичларига эришишдир. Ҳамма нарса ўша режага мосланади, “подгонять” қилинади.

Пул керакми? Кутинг!

Демак, бир томондан банклар компьютер дастурларининг эскилиги, иккинчи томондан уларнинг кўрсаткичларни яхшилаш истаги туфайли мижозлар ой охири ва ой бошида Ўзбекистондаги банклардан хизмат кутмаса ҳам бўлади.

Банкларнинг ўз мижозларига бу қадар эътиборсизлигини шарҳлар экан,uzmetronom.com муҳаррири Сергей Ежков “бир-икки кун кутса ўлиб қолишмайди, дейишади”, деди.

XS
SM
MD
LG