Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:10

Доғистонда масжид ёпилишига қарши оммавий намойиш ўтказилди


Февралнинг биринчи кунида Доғистоннинг Хасавюрт шаҳрида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан бир қанча масжидларнинг ёпилишига қарши оммавий норозилик намойиши бўлиб ўтди. Тақрибан 5 минг кишининг шаҳар маъмурияти олдига оммавий юриши натижасида масжид ўз фаолиятини давом эттириши айтилди. Шаҳар ҳокими полициянинг ножўя амаллари учун мусулмонлардан кечирим сўради. Айни пайтда, Шимолий Кавказнинг бошқа минтақаларида бир қатор ибодатхоналар полиция ва ФСБ томонидан ёпиб ташланди.

Одамларнинг оммавий норозилигига Хасавюртнинг Шимолий микрорайонидаги масжиднинг ёпилиши сабаб бўлди.

Олдинроқ бу масжид фаолияти тўхтатилиши тўғрисида маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идорасининг махсус қарори чиқарилган эди, масжид имоми эса “қурол-аслаҳанинг ноқонуний сақланишида” айбланиб, ҳибсга олинган.

Ўз исмини ошкор этмаган мусулмонлардан бири имом уйига “гранатомёт” ташлаб кетилганини хабар қилди. Шаҳар полицияси иддаосига кўра, масжид ҳужжатлар бўйича турар-жой сифатида қайддан ўтказилган.

Кузатувчилар бу ва олдинроқ ёпилган ибодатхона “салафийлар” масжиди эканига эътибор қаратмоқда.

IslamNews ахборот агентлиги хабарида айтилишича, Хасвюртдаги масжид имомига босим ўтказилган ва ундан масжидни ёпиб ташлаш талаб қилинган. Имомнинг рад жавобидан кейин полициячилар масжид эшикларини пайвандлаб, унинг ўзига қарши жиноий иш очди.

Хасавюрт мусулмонлар жамоати фаоли Нажмуддин Нажмуддинов шаҳар маъмурияти Хасавюртда олтита масжид ёпилиши режалаштирганини хабар қилди.

- Доғистонда радикализм билан боғлиқ вазият мўътадиллашган бир пайтда, аллақандай учинчи кучлар экстремизмнинг янги тўлқинини сунъий яратмоқда, - деди жамоатчилик фаоли.

Шундан кейин намозхона полиция ва ОМОН ходимлари томонидан қуршовга олинди. Шаҳар маъмуриятининг бу ҳаракатларига гувоҳ бўлган минглаб хасавюртликлар ҳокимият биноси олдида норозилик намойишига йиғилди.

Шаҳар ҳокими Зайнуддин Окмазов фавқулодда вазиятда ўз муовинлари ва Хасавюрт куч ишлатар тизимлари раҳбарлари иштирокида мажлис ўтказди.

Митингчиларнинг талабларини тинглаган шаҳар ҳокими ўз ўрнида масжид фаолиятини Россия федерал қонунларига мослаштириш талабини қўйди ва можарони тинч йўл билан бартараф этиш мақсадида масжид фаолиятига рухсат берди.

Шаҳар ҳокимияти қўйган талаблар намойишчилар томонидан инобатга олинди ва маъқулланди.​

Озодликнинг Доғистондаги мухлисларидан бири охирги пайтларда минтақада масжидлар устидан назорат кучайтирилганига қарамасдан, “сўз ва фикр эркинлиги нисбатан сақланиб қолган”, дейди.

- Федераллар назорат остига олган, дейишади. Лекин эркин мавзуларда бизларникидек эмас: мавзу, насиҳат масалаларида нисбатан эркинлик бари бир бор. Бу ерга ҳам исломга босим шамолдек етиб келаётган бўлиши мумкин. Масалан, Ўзбекистонда олим-уламоларни қамаб, мусулмонларни тазйиқ остига олиб, аёллардан ҳижобларни ечиб, соқолларни олишлик нисбатан эркин бўлган Тожикистонга кўчди. У ерда дисклар тақиқланди, соқоллар тақиқланди, масжидлар ёпилиш бошланди... Мана эндиликда бу ерларга ҳам етиб келаяпти аста-секин, -деди исмини ошкор қилмасликни сўраган мухлислардан бири.

Бу ҳодисалардан олдин, ўтган жума куни, полициячилар Махачқаланинг Шамхал-Термен қўрғонидаги масжидни ёптиргани хабар қилинган эди.

Шунингдек, Хасавюртнинг Куруш қўрғонида, Махачқала шаҳрининг Котров кўчасидаги масжидлар ҳам турли баҳоналар билан маҳаллий маъмурият томонидан ёптирилгани маълум.

XS
SM
MD
LG