Линклар

Шошилинч хабар
27 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:52

АҚШдаги президент сайлови ҳақида нималарни биласиз?


Америкада президентлик сайлови шу йил 8 ноябрь куни бўлиб ўтади. Сайлов кампанияси эса аллақачон бошланган. Республикачилар ҳамда Демократлар партияларининг АҚШ президентлигига даъвогар аъзолари сайловда иштирок этиш имконини қўлга киритиш учун ўзаро беллашмоқда.

АҚШ президенти кўпи билан икки муддатга сайланиши мумкин. Яъни 2008 йил Оқ уйга келган ва 2012 йил қайта сайланган президент Обама бу йил президентлик курсисини бўшатиши лозим.

Мамлакатдаги икки асосий партия, яъни Демократлар ҳамда Республикачилар партияси сайлов учун бир нафардан номзод танлаши керак. Бундан ташқари, сайловда бошқа кичик партиялар номзодлари ҳамда бир ёки бирдан ортиқ мустақил номзод ҳам қатнашиши мумкин.

Демократлар ҳамда республикачилар ўз номзодларини қандай қилиб танлайди?

Февралдан июнгача ҳар бир штат ва ҳудуд ўз партияси номзоди бўлиш учун курашаётган Демократлар ҳамда Республикачилар партияси даъвогарларига овоз беради.

Бу сайловлар кўпинча “дастлабки” (инглизча primary) сайлов, деб аталади. Аксар штатларда дастлабки сайлов ўтказилади. Бу сайловларда сайловчилар ўзлари хоҳлаган номзодга овоз беради. Айрим штатларда, жумладан, Айовада номзодларни партия аъзолари ёпиқ йиғин (инглизча caucus) ўтказиб танлайди.

Штатларда бўладиган беллашувлар номзодларни ўз сиёсий қарашларини оддий фуқароларга баён қилиш учун минглаб километр масофага саёҳат қилишга мажбурлайди. Сайлов олдидан номзодлар ва уларни қўлловчи кўнгиллилар ҳар бир штатга бориб, иложи борича кўпроқ сайловчи билан ҳам расмий, ҳам норасмий тарзда учрашишга ҳаракат қилади. Спорт стадионларида минглаб одам иштирок этадиган йиғинлар ўтказилади, одамлар уйида кичик йиғинлар уюштирилади. Номзодлар мижозлар билан қўл бериб кўришиш ва суратга тушиш учун маҳаллий ресторанларга ташриф буюради. Айримлар ҳатто одамларнинг уйига бориб агитация қилади.

Бу жуда сермашаққат жараёндир. Республикачилар партиясида ўтган йили 30 дан зиёд даъвогар бўлган бўлса, ҳозирга келиб уларнинг сони 11 тага тушиб қолди. Демократлар орасида эса ўтган йилдаги олти номзоднинг уч нафари қолди, холос.

Ҳар бит штатдаги сайловнинг натижаси партияларнинг июлда бўлиб ўтадиган миллий номинация қурултойларида неча штат вакили муайян номзодни қўллашини белгилайди.

Мамлакат бўйлаб 2 472 та республикачилар вакили бор. Даъвогарлар партия номзодлигини қўлга киритиш учун кўпчилик овозини (камида 1 237 овоз) тўплаши керак. Демократлар партияси номзодлигини қўлга киритиш учун эса партиянинг миллий қурултойида иштирок этиши кутилаётган 4 764 вакилнинг камида 2 383 нафари овозини олиш керак.

Ҳар икки партиянинг штатларда номзодларни аниқлаш жараёни 1 февраль куни Айовада бошланди. Республикачилар ва демократлар 1 700 га яқин сайлов участкасида партия йиғини ўтказиб, ўз номзодини танлади. 9 февралда Нью-Гемпширда, 20 февралда Жанубий Каролинада дастлабки сайлов бўлиб ўтади. 23 февралда эса Невада штатида партияларнинг ёпиқ йиғини ўтказилади.

1 март куни “супер сешанба” бўлиб ўтади. Бу кунда бир неча штат бир вақтда номзод танлайди. Мазкур йилги супер сешанбада 14 штат ҳамда битта ҳудуд иштирок этади. Агар бирор даъвогар барча штатда ғалаба қозонса, бошқа даъвогарлар сайлов жараёнини тарк этишга қарор қилиши мумкин. Июнь ойи ўртасигача барча штатда дастлабки сайлов ёки партияларнинг ёпиқ йиғини ўтказилиши керак.

Демак, охирги штатдаги беллашувдан кейин партия номзоди аниқланади, шундайми?

Одатда ҳа, лекин ҳар доим эмас. Ҳар икки партия ёз охирида президентлик қурултойини ўтказади. Республикачилар 18 июль ҳафтасида Кливлендда учрашади, демократлар эса 25 июль ҳафтасида Филадельфияда йиғилади. Қурултой давомида ҳар бир партия Оқ уйга ўз номзодини танлайди.

Одатда қурултойгача ҳар икки партиянинг номзоди этиб тайинланадиган даъвогар аниқланган бўлади. Аммо қурултойгача партиялар битта даъвогарни қўллашга келиша олмаса, кутилмаган қарорга келишлари мумкин. Бундай ҳолларда “даллоллик” қурултойи ўтказилади, яъни вакиллар сиёсий ён беришлар эвазига овозини ўзгартиради.

Пировардида битта шахс партия номзодлигини қўлга киритади, лекин буни ҳал қилиш учун олиб борилган жанг ҳам партия, ҳам номзод учун оғир кечиши мумкин.

Бундан кейин сайлов кампаниялари бошланади.

Ҳар бир партия ўз номзодини расман эълон қилганидан сўнг сайлов кунигача тахминан уч ой вақт қолади. Бу вақт давомида номзодлар ўз партияси қўлловини кучайтириш ва бу партия аъзоси бўлмаганларни ўзи томон оғдириш умидида мамалакат бўйлаб саёҳат қилиб, сайловчилар билан учрашади, сўзга чиқади. Телевидение ва радио каналлари сиёсий рекламаларга тўлиб кетади.

Бир неча жонли дебат ҳам ўтказилади. Бу дебатларда, одатда, Демократлар ҳамда Республикачилар партияси номзодлари саҳнада бир-бири билан беллашади, модератор саволларига жавоб беради. Айрим ҳолларда бу икки партия аъзоси бўлмаган учинчи номзод ҳам дебатларда иштирок этади. Охирги марта 1992 йилда шундай бўлган.

Ноябрнинг илк душанбасидан кейин келадиган сешанба кунида америкаликлар президентлик сайловида иштирок этадилар.

Кейин ғолиб аниқланадими?

Жавоб беришга шошилманг. АҚШ президенти тўғридан-тўғри сайланмайди. Президентни сайловчилар ҳайъати (инглизча Electoral College) берган овозлар аниқлайди.

Сайловчилар ҳайъати 538 индивидуал президентни “сайловчи”лардан тузилган. Президентликка номзод Оқ уйга етакчилик қилишни қўлга киритиш учун бу сайловчиларнинг камида 270 овозини тўплаши керак.

Ҳар бит штатда муайян саноқда сайловчи бор. Улар сони штатнинг Конгрессдаги аъзолари сонига тенгдир. Конгресс аъзоларининг сони эса аҳоли сонига боғлиқ. Масалан, Конгрессда кўп аҳоли яшайдиган Калифорниянинг 55 вакили бор. Шундай экан, Калифорнияда 55 президент сайловчи бор. Аҳолиси оз бўлган Алясканинг эса Конгрессда уч вакили бор, холос. Шундай экан, Алясканинг бор-йўғи уч президент сайловчиси бор.

50 штатнинг 48 тасида “ғолиб ҳаммасини олади” методига амал қилинади. Яъни агар номзод миллий сайловда 50 фоиздан кўпроқ овозни қўлган киритган бўлса, у ўша штатнинг барча президент сайловчиси овозини олади. Масалан, Калифорнияда оддий сайловчилар овозининг ярмидан кўпини тўплаган номзод барча президент сайловчисининг овозини, яъни 55 овозни қўлга киритади.

Фақатгина Мэн ва Небраска штатларида қоидалар бошқача. Уларда штатнинг ҳар бир конгресс туманидаги сайлов натижаларига асосланган ҳолда президентлик овозлари берилади.

Аммо сайлов ҳайъати тизимига эътироз билдирувчилар кўп, сабаби миллий сайловда мағлуб бўлган номзод президент этиб сайланиши мумкин. 2000 йилда айнан шундай бўлган. Ўшанда демократ АльбертГор индивидуал сайловларнинг аксарида ғалаба қозонган, лекин сайлов ҳайъати овозларининг кўпчилигини қўлга кирита олмаган. 266 президент сайловчиси овозини олган Гор 271 овоз тўплаган Жорж Бушга ютқазган. (XIX асрда ҳам икки марта шундай ҳол кузатилган.)

2017 йилнинг 20 январида Барак Обама расмий равишда Оқ уйни тарк этади. Унинг ўрнига бошқа одам АҚШнинг 46-президенти ўлароқ иш бошлайди.

XS
SM
MD
LG