Линклар

logo-print

"Доцент"ни ўғирлаган ўзбек муҳожирлари иши судга оширилди


Мосфильмдаги Е.Леонов ҳайкали

Мосфильмдаги Е.Леонов ҳайкали

Москва прокуратураси машҳур киноактёр Евгений Леоновга ўрнатилган “Доцент” ҳайкалини ўғирлаб, металлоломга сотган етти нафар Ўзбекистон фуқаросига нисбатан айблов хулосасини тасдиқлади. Прокуратура ҳозирда ҳибсда ушлаб турилган етти ўзбек муҳожирига суд томонидан 10 йилгача қамоқ жазоси тайинланиши ва 1 миллион рубллик жарима солиниши мумкинлигини таъкидлади.

Москва шаҳрининг Ғарбий маъмурий округ прокуратураси етти нафар Ўзбекистон фуқаросига нисбатан очилган жиноий иш бўйича айблов хулосасини тасдиқлаганини маълум қилди.

21-дан 27 ёшгача бўлган Абдуҳалим Рафиев, Беҳзод Тўраев, Фазлиддин Шерматов, Усмонжон Умаров, Сардор Рафиқалиев, Асқарбек Абдуҳалилов ва Бекзод Тўйчибоевлар “Омадли жентльменлар” фильмида “Доцент” образини яратган Евгений Леоновга қўйилган бронза ҳайкалини “Мосфильм” биқинида жойлашган “Юлдузлар аллеяси”дан тунда ўғирлаб кетганликда айбланмоқда.

Прокуратуранинг расмий вакиласи адлия маслаҳатчиси Татьяна Максименко Озодлик Радиоси билан суҳбатда ўзбекистонлик “металлоломчи” йигитлар уюшган гуруҳда бу ишга қўл ургани ва санъат асарининг ўғирланиши катта шов-шув кўтаргани боис қаттиқ жазоланиши мумкин, дейди:

- Ғарбий округ прокуратураси етти нафар Ўзбекистон фуқаросига нисбатан айблов хулосасини тасдиқлади. Улар тергов идоралари томонидан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 158- моддаси 4 қисми “а” банди асосида айбланмоқда, яъни уюшган гуруҳда ўғирлик содир этганликда. Албатта, жиноят оғирлигини аниқлаш ва уларга неча йил тайинлаш тўлиқ суднинг ваколатида. Қонунда бу модда асосида йигитларга максимал тарзда 10 йилгача берилиши мумкинлиги белгиланган. Аммо, ишончим комилки, суд турли вазиятларни инобатга олиб муҳожирларга бунчалик оғир жазо тайинламайди,- деди катта прокурор Татьяна Максименко.

Прокуратура маълумотига кўра, ўзбек муҳожирларига 1 миллион рубллик жарима ҳам солиниши мумкин.

Евгений Леоновнинг “Омадли жентельменлар” фильмида яратган “Доцент” образидан нусха олиниб Москвага ўрнатилган ҳайкали ўтган йилнинг 16 октябрида ўғирлаб кетилган эди. Терговчилар ўзбек муҳожирлари ўша куни тунда Пирьев кўчасида жойлашган “Актёрлар шон-шарафи аллеяси”га “ГАЗ 2752” русумли автомобилда келганини аниқлаган.

Леонов тасвирланган композицияни улар автомашина кузови билан туртиб ағдарган ва кўпчилик бўлиб машинага ортиб кетган.

Кейинроқ эса изқуварлар қўлига тушган видеотасвирдан йигитлар ҳайкални арралаб бўлакларга бўлишгани ва металломга сотишгани маълум бўлди. Сотилган бронза ҳайкали учун айбланувчилар 39 минг рубль олишгани аниқланди, ваҳоланки 300 килодан оғирроқ бўлган композиция 160 минг рубль турган.

Бироқ, ҳайкалнинг тарихий ва маданий қиймати борлигини таъкидлаётган экспертлар “Доцент”нинг асл нархи 3,5 миллион рубльдан кам эмаслигини гапирмоқда.

Ҳайкални ўзбекистонликлардан сотиб олган Раменки тумани маҳаллий фуқароси ҳам жиноий жавобгарликка тортилиб, ҳибсга олинди.

Орадан уч кун ўтгач, ўғирликда айбланган етти нафар ўзбекистонлик қўлга олинган.

Терговчилар билан суҳбатда қўлга тушган мигрантлар кимнинг ҳайкалини ўғирлашганини билмасликларини айтишган.

Леонов ҳайкалини яратган ҳайкалтарош Екатерина Чернишева маданий ёдгорлик сўзсиз қайта тикланиши - унинг гипс қолипи тайёр экани, бронзага қуйиш учун спонсорлар кераклигини билдирди.

Тасодифми-йўқми, прокуратура мазкур айблов хулосасини Москванинг Никулин туман судига кўриб чиқиш учун юборгани маълум бўлди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG