Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:16

Тошкент нобиометрик паспорт эгаларининг сертификатсиз ватанга қайтишига рухсат бериши мумкин


Ўзбекистоннинг эски паспорти билан Абхазияда қолганлар бу паспорт билан Россия ҳудудига кириб¸ сертификатга мурожаат қилишнинг ҳам иложи йўқлиги¸ чегарадан ўтолмай қолишганини айтишмоқда.
Ўзбекистоннинг эски паспорти билан Абхазияда қолганлар бу паспорт билан Россия ҳудудига кириб¸ сертификатга мурожаат қилишнинг ҳам иложи йўқлиги¸ чегарадан ўтолмай қолишганини айтишмоқда.

Хорижда нобиометрик паспорт билан қолган ўн минглаб ўзбекистонлик уйига қайтиш учун¸ жорий тартибга мувофиқ¸ Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналари ва консуллик идораларидан “Ватанга қайтиш сертификати”ни олиши зарур. Аммо Ташқи ишлар вазирлигидаги Озодлик манбаси¸ айни кунларда бу тартибни бекор қилиш масаласи кўриб чиқилаëтгани ва яқин 10 кун ичида қарор қабул қилиниши мумкинлигини билдирди.

Ташқи ишлар вазирлигининг хорижда нобиометрик паспорт билан қолган ўзбекистонликлар вазиятига бевосита алоқадор расмийси тошкентдагиларнинг бу муаммодан огоҳлиги ва юзага келган бўҳрондан чиқиш йўллари муҳокама қилинаëтганини билдирди.

Эски¸ нобиометрик паспортида ëзилган амал қилиш муддати бир ой ичида тугамайдиганлар кутиб туришлари мумкин. Ҳозир шу масала кўтарилган ва жорий тартиб бекор этилиб¸ улар ҳеч қанақа сертификатсиз Ўзбекистонга қайтишлари мумкин бўлади. Лекин ҳозирча бу эҳтимол¸ аниқ қарор йўқ ҳали. Шошилинч қайтиши керак бўлмаганлар бир ойча кутиб турса¸ аниқлашади. Лекин эски паспорти муддати тугаганлар ва яқин кунларда тугайдиганлар барибир элчихонадан сертификат олишлари керак бўлади. Бунақа қоида олдин ҳам бўлган¸ кейин ҳам бўлади – паспортини йўқотганлар¸ паспорт муддати ўтганлар ëки паспортига зиëн етганлар ҳамма жойда элчиликдан шунақа ҳужжат олиши керак”¸ деди Озодлик билан исми сир қолиш шарти билан гаплашган ТИВ мулозими.

Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқароларининг янги¸ биометрик паспортга ўтиши учун берилган муҳлат 2015 йил 31 декабрь куни тугагани ва шу муддат ичида янги паспорт олмасдан¸ хорижда қолганлар ватанга қайтиш учун махсус сертификат олишларини шарт қилиб қўйди.

14 январь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Facebookдаги ўз саҳифасида бундай тартиб жорий қилинганини расман эълон қилди.

“Кўп сонли мурожаатлар сабабли шуни хабар қиламизки¸ ....

Ўзбекистон Республикасида доимий рўйхатдан ўтган ва Ўзбекистон Республикаси нобиометрик фуқаролик паспорти билан хорижий давлат ҳудудида вақтинча бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари Ўзбекистонга қайтишлари учун Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ëки консуллик муассасаларига мурожаат қилишлари ва республикага қайтиш сертификатини олишлари керак”¸ дейилади вазирликнинг Facebookдаги расмий сайтида ўзбек ва рус тилларида қўйилган баëнотда.

Айни пайтда бу баëнотни вазирликнинг расмий сайтидан топишнинг имкони бўлмади.

Ўзбекча терминал: Ўзбекистон тан олмаган Абхазиядаги ўзбекистонликлар қамалиб қолди!

Ўзбекистон ҳукуматининг эски нобиометрик паспорт эгаларининг консуллик томонидан 60 АҚШ долларига бериладиган махсус сертификатсиз ватанига қайтишини тақиқлагани¸ яъни ўз фуқароларига моҳиятан “кириш визаси” жорий қилгани ўн минглаб ўзбекистонликни ҳуқуқий вакуумга ташлаб қўйди.

Бу муаммо¸ камида икки миллионга яқин ўзбекистонлик ишлаëтган Россияда¸ айниқса¸ мисли кўрилмаган кўлам касб этди.

Дунëнинг энг катта давлати ҳудудида фақат Москва ва Новосибирскдагина сертификат бериш билан шуғулланаëтган Ўзбекистон консулликлари олдида турнақатор навбат пайдо бўлди¸ бу жараëннинг коррупциялашганига оид Озодликка келаëтган шикоятлар оқими тугамай қолди. Россиянинг турли минтақаларидан минглаб километр йўл босиб келган минглаб ўзбекистонлик элчихона эшигида хор ва саргардон бўлаëтганини айтмоқда.

Айни пайтда¸ Кремль ҳарбий кўмаги билан Грузиядан мустақиллигини эълон қилган сепаратчи Абхазия республикасида қолган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ўзларининг Россиядаги ватандошлари вазиятидан-да аянчлироқ эканини айтади:

- Биз¸ аниғини билмайману¸ аммо 200-300 тача Ўзбекистон фуқароси, ҳозир Абхазиядамиз. Виза билан келганмиз бу ëққа¸ ҳамма ëғимиз қонуний¸ ишлаб юрувдик. Ўн йиллаб ишлаб юрганлар бор. Кўпчиликнинг паспорти эски. Яқинда шерикларимиз уйга қайтамиз деб билет олишувди¸ чегарадан чиқармади. Сертификат олиш учун Россияга бориш керак экан¸ Абхазия-Россия чегарасидан эски паспорт билан Россияга ҳам ўтказмаяпти. Элчихонага ҳам боролмаймиз¸ уйгаям кетолмаяпмиз. Баъзиларнинг эски паспорти сроги ҳам оз қолган¸ шу ой¸ келаси ойда тугайдиганлар бор. Тугагунча уйга чиқиб кетолмаса¸ унда проблема яна катталашади¸ дейди Абхазия “терминали”да қолган ўзбекистонликлар номидан Озодликка боғланган аëл.

Ўзбекистон Абхазияни мустақил давлат деб тан олмагани боис¸ бу ҳудудда Тошкентнинг бирор расмий ваколатхонаси йўқ. Абхазиядан чиқишнинг ўзбеклар учун ягона йўли – Россия орқали ўтади ва бу йўл ҳам айни эски паспорти борлар учун¸ Тошкент талаби билан тўсиб қўйилган.

Бундай вазиятда¸ суҳбатдош аëл таъкидича¸ ўзини Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги вакили “Турсуной” деб таништирган аëл Абхазияда қамалда қолган эски паспорт эгаларига пул эвазига муаммосини ҳал қилишни таклиф қилмоқда:

- Бир ҳафтача олдин ўзини Москвадаги элчихонадан келган Турсуной деб таништирган аëл¸ паспорт билан пул берсаларингиз¸ мен сертификат олиб¸ жўнатаман деб¸ 15 тача одамнинг ҳужжатларини олиб кетипти. Бирор идорада учрашдими¸ деб сўрасам¸ йўқ¸ расмхонада учрашиб¸ учтадан расмини¸ паспорт ва пулларни олиб кетди¸ дейишди. Биз билмасак бу аëл ростдан ҳам элчихона ходими эканини¸ шунга ҳайронмиз. Паспортни билмаган одамга берсак¸ ҳам пул¸ ҳам паспортсиз қолсак¸ дейди Абхазиядаги ўзбекистонликлар номидан Озодликка боғланган суҳбатдош.

Озодликка ўз манбаларидан аëн бўлишича¸ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Абхазияга ҳеч қандай расмий ходимини жўнатмаган ва консуллик хизматида Турсуной деган ходим йўқ.

Қандайдир фирибгарлар пул қилиш учун одамларни алдаëтганга ўхшайди. Бунинг ТИВга алоқаси йўқ”¸ деди Озодлик манбаси.

XS
SM
MD
LG