Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:54

Тожикистонга жўнатилган рубль ўрнига фақат сомоний берилади


Тожикистон миллий валютаси.
Тожикистон миллий валютаси.

Тожикистон Миллий банки Россиядан рублда келаётган жўнатмалар жисмоний шахсларга фақат миллий валютада, яъни сомонийда берилиши ҳақида билдирди.

Миллий банкка кўра, бу чора сомоний қадрини мустаҳкамлашга қаратилган. Авваллари пул жўнатмалари қайси валютада юборилган бўлса, ўша валютада берилган.

News.tj нашрининг ёзишича, янги тартиб фақат рублда жўнатилган пул жўнатмаларига тааллуқли бўлиб, бошқа валюталарда жўнатилган пулларга бу қоида қўлланилмайди.

Тожикистон Миллий банки раҳбари Жамшед Нурмаҳмадзоданинг маълум қилишича, ўтган йили Россиядан Тожикистонга рублда юборилган пул жўнатмалари 2014 йилга нисбатан 3 фоизга ошган. Айни пайтда доллар эквивалентида пул жўнатмалари 33 фоизга қисқарган.

Нурмаҳмадзодага кўра, Тожикистонга 2015 йилда юборилган пул жўнатмаларининг 95 фоизи Россиядан келган. Жўнатмалар асосан Россия рубли ва АҚШ долларида юборилаётир.

Миллий банк белгилаган расмий курсга мувофиқ, бугунги кунда 1 Россия рубли 0,1040 сомонийга тенг.

Таҳлилчиларнинг қайд этишларича, Тожикистондаги иқтисодий вазият кўп жиҳатдан Россия иқтисодиётидаги вазият билан боғлиқ.

Сўнгги йил ичида Тожикистон миллий валютаси бўлган сомонийнинг тез суръатда қадрсизланиши кузатилди. Нақд хориж валютаси тақчиллиги туфайли Миллий банк барча саррофлик масканларини ёпишга қарор қилди.

Эндиликда Тожикистонда фуқароларга хориж валютасини мамлакатнинг йирик банкларидаги валюта айирбошлаш шахобчаларида қора бозордагидан анча паст курс бўйича алмаштириш таклиф қилинмоқда.

Ўтган йилларда Ўзбекистонда ҳам хориждан келаётган пул жўнатмаларини ўзбек сўмида беришни йўлга қўйиш ҳаракатлари кузатилди. Бироқ бу айрим банкларнинг ташаббуси экани айтилиб, кейинчалик бу бекор қилингани хабар қилинди.

Ўзбекистон Марказий банки расмийларига кўра, шу кунда хориждан юборилган пулни исталган валютада олиш мумкин.

XS
SM
MD
LG