Линклар

logo-print

Нега энди онам мени туғмадийкин армани... (Блог)

  • Сарвар Усмон

Ўзбекистон - Ўзбекистон халқ рассоми Ғофур Қодировнинг "Қиз қалби" картинаси (фрагмент).

Ўзбекистон - Ўзбекистон халқ рассоми Ғофур Қодировнинг "Қиз қалби" картинаси (фрагмент).

Арамаис Авакян иши тўғрисидаги дастлабки хабар пайдо бўлганидан бери ҳар куни олдимга Ануш келади.

Ануш – арман қиз.

Тайёр қофиядан қуруқ қолиш алам қилгани учун эмас, самимий бўлгани учун айтай:

Ануш – армон қиз.

Ануш – оппоқ юз.

Ануш – катта-катта, қоп-қора икки бўтакўз.

Бўтакўзлар туби чуқур – чўкиб кетиш мумкин. Кўзлар тубида кеч куз ҳазинлиги бор.

Бу дардли кўзларнинг саратон қуёшидай чарақлаган қувноқ юзда бўлиши одамни довдиратиб қўяди, нафасинг ичингга тушади, тилинг калимага келмай қолади.

Мени шундай карахт қилиб қўядиган Ануш олдимга келибоқ кундалик қўшиғини бошлайди. Қўшиқнинг сўзлари оддий – қора сўз:

- ЧтО нОвогО в дЕле АрамаИс АвАкЯн?

Анушнинг арманча талаффузини ҳарфларда беришга уриндим. Эплолдимми-йўқми – билмадим.

Саволни эшитаман, лекин тушунмайман: оқ юз, қора кўз фалаж қилган шууримни.

- П-простите, ещё раз, дейман.

Ануш кулади ва такрорлайди тўртта сўзли қўшиғини:

- ЧтО нОвогО в дЕле АрамаИс АвАкЯн?

- Сегодня нет информации, дейман радиомизнинг арман хизмати мухбирига.

- А у нАс есть, дейди Ануш, я сегОдня поговОрИла с мАтерью АрамаИс, деди Ануш.

Ҳайрон бўламан: арман хизмати Анушни Авакянга боғлаб қўйганми? Бошқа иш қилмайдими Ануш?

Боғласа – боғлагандир. Менга ёқаяпти бу занжир: Авакян – Ануш – Мен.

Кеча яна келди Ануш.

- ЧтО нОвогО в дЕле АрамаИс АвАкЯн?

- П-простите, не понял?

Ануш кулди ва такрор сўради:

- ЧтО нОвогО в дЕле АрамаИс АвАкЯн?

- Сегодня у нас нет информации.

- А у мЕнЯ есть, деди ҳар доимгидай Ануш.

Унинг айтишича, кеча Арманистон Миллий мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича доимий комиссияси раиси Элинар Варданян ИШИДга алоқадорликда айбланаётган жиззахлик армани йигит тақдирига алоҳида эътибор қаратишни сўраб Ўзбекистон парламентига мурожаат қилган.

Аввалроқ Ануш худди шу масала бўйича Арманистон Омбудсмени Карен Андреасян ўзбекистонлик ҳамкасби Улуғбек Муҳаммадиевга мурожаат қилгани тўғрисида айтган эди.

Ҳимоя шиддати шу даражада қолса, эрта ўтиб, индинга Серж Саргсян Ислом Каримовга мурожаат қилари турган гап. Бу энди Анушнингмас, менинг гапим.

Гап умуман, Ануш тўғрисида эмас, бошқа нарсада эканлигини тушунишни бошладингизми?

Гап арманлар Ўзбекистондаги миллатдошини қанчалик ҳимоя қилаётгани тўғрисида эканлигини тушундингизми?

Устидан суд ҳукми ўқилиши кутилаётган Арамаис Авакян – ЎЗБЕКИСТОН ФУҚАРОСИ, лекин шунга қармай уни АРМАНИСТОН ҲИМОЯ ҚИЛАЯПТИ. Чунки у – АРМАНИ.

Авакян билан судланаётган бошқа тўрт киши билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Чунки улар - ўзбек.

Паспортинг эски, деб ВАТАНИГА киритилмаётганлар ташвишларига, балки тақдирига ҳамма тупурган. Чунки улар – ўзбек.

Баъзида ўйлаб қоламан: Ўзбекистонни бошқараётганлар ўзбекмасмикана?

P.S. Сарлавҳа Ғафур Ғуломнинг “Нега энди онам мени туғмадийкин илгари...” сатридан гула кўтариб ясалди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG