Линклар

Каримов "Гитлер" лақабли ҳокимини ишдан олди


Тошкент вилоятининг Қибрай тумани автомобиль йўли

Тошкент вилоятининг Қибрай тумани автомобиль йўли

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 4 февраль куни Тошкент вилояти Халқ депутатларининг навбатдан ташқари сессиясида қатнашиб, депутатларга Аҳмаджон Усмоновни ишдан олиш таклифини киритди. Депутатлар президентнинг бу таклифини тўла қўллаб-қувватлади. Собиқ ички ишлар генерали, Андижон вилоятида “Гитлер” ҳоким деб ном қолдирган Аҳмаджон Усмоновнинг кейинги тақдири номаълум қолмоқда. Зангиота тумани ҳокими бўлиб ишлаган Содиқ Абдуллаев вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Тошкент вилояти ҳокими Аҳмаджон Усмонов 4 февраль куни вилоят Халқ депутатлари кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида вазифасидан озод қилинди.

Президент Ислом Каримовнинг Усмоновни ишдан бўшатиш ҳақидаги таклифини депутатлар бир овоздан маъқуллади.

Тошкент вилояти ҳокимлигининг исми сир қолишини сўраган мулозимининг Озодликка айтишича, президент собиқ ҳоким Аҳмаджон Усмоновнинг иш фаолиятини танқид қилган.

2013 йилнинг 1 апрелида Андижондан олиниб, Тошкент вилоятига ҳоким қилиб қўйилган Аҳмаджон Усмонов бу вазифасида 3 йил ҳам ишламади.

Собиқ милиция генерали, аввал Жиззах вилоятининг Мирзачўл тумани ички ишлар бўлими бошлиғи, кейин Наманган вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган, асли самарқандлик Аҳмаджон Усмонов, Андижон воқеаларидан сўнг, 2006 йилнинг 13 октябрида Андижон вилояти ҳокими этиб тайинланган эди.

Озодлик манбалари Аҳмаджон Усмоновнинг жуда ҳам зўравон ҳоким бўлганини, унинг раҳбарлиги даврида қама-қамалар авж олганини айтадилар.

Узметроном интернет-газетасининг ёзишича, Усмонов Андижонга ҳокимлик қилган пайтида унга “Гитлер” лақабини беришган.

Тошкент вилоятига 2013 йилнинг 1 апрелида ҳоким этиб тайинланган Аҳмаджон Усмонов зўравонлик сиёсатини ўтказишда бу вилоятда кескин қаршиликка дуч келгани айтилади.

Жумладан, Узметрономга кўра, Усмонов Тошкент вилоятига ҳоким бўлиб тайинланганидан бир неча ой ўтмай, амалдорларнинг одамларга ҳайвон каби муносабатини ҳазм қила олмайдиган шахслардан тегишли жавоб олган:

“Зиддият Қибрай туманида, оддий одамларнинг чўнтагига тўғри келмайдиган ҳашаматли коттежларни қуриш учун бузилаётган уйларни ҳоким кўришга борган пайтда рўй берган эди. Одамларнинг сўзсиз итоат қилишларига одатланган Усмонов, оппонентининг онасини бўралатиб сўкканида ўзига яраша жавоб олган эди. Ҳокимни аввал чиққан жойига қайтариб киргизишган, сўнгра тумшуғига туширишган эди”, деб ёзади Узметроном.

Тошкентр вилоятининг Оққўрғон туманидаги фермерлардан бири Аҳмаджон Усмоновнинг қарийб уч йиллик ҳокимлиги даврида фермерларни зир қақшатганини айтади:

"Усмонов Андижон ҳокимлигидан кетганида андижонлик фермер дўстим 40 кун тўй қилдик деган эди. Мен ҳам бугун бу зўравон ҳокимдан қутулганимиз учун битта қўй сўйиб, зиёфат қиламан. Уч йил давомида бизнинг ишларимиз юз фоиз орқага кетди. Ўтган йили режадан ортган буғдойларимизни ҳоким тортиб олди. Оғзи жуда ҳам шалтоқ. 80 ёшга кирган фермерларни ҳам сенсираб, сўкиб ташларди. Одамлар билан муомаласи милицейский эди. Деярли ҳамма норози эди. Қутулганимизга шукр қиляпмиз", деди фермерлардан бири.

Тошкент вилояти Халқ депутатларининг навбатдан ташқари йиғилиши президент Каримов таклифи билан Зангиота тумани ҳокими бўлиб ишлаган Содиқ Абдуллаевни Тошкент вилояти ҳокими вазифасини ижро этувчи вазифасига тайинлаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG