Линклар

logo-print

Қирғизистонда дунёни тарк қилган "Яқийн инкор"чилар оқими пайдо бўлди


Ўзини "Яқийн инкор"чилар гуруҳи деб атаётган юзга яқин диндорлар оқими Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилоятида кўпаймоқда. Улар асл мусулмоннинг ҳаёт тарзи Муҳаммад пайғамбар замони билан айни бўлиши лозим, деб ҳисоблайди ва бошқаларни ҳам тарки дунё қилишга даъват қилади. Қирғизистон пешволари бу гуруҳни нотўғри, аммо жамият учун хавфсиз, деб баҳоламоқда.

Тарки дунё

Сафида юздан ортиқ мусулмон йиғилган бу гуруҳ вилоятнинг Қоракўл, Оқ-Сув ва Туп туманларида кузатилмоқда.

Гуруҳ вакиллари ташқи кўринишидан дарҳол ажралади - соч-соқоли ўсган, эгнида араблар киядиган узун халат ёки эскирган чопон, юришлари эса даривишнамо кишилардир.

Улар фақат "Қуръон" ва Ислом пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломдан қолган ҳадисларгагина амал қилиб яшашга тарғиб қилади ва бундан ташқаридаги дунёвий ҳаёт - бугунги ижтимоий ҳаёт, давлатчилик тизими ва ҳатто, замонавий техника ҳамда медицинани тўлиқ инкор қилади.

Қизиғи, булар ҳеч қаерда ишламайди, эртаси учун пул жамғармайди, ҳатто, оиласи ва болаларини жамият ҳаётига аралаштирмасликка уринади.

Озодликнинг қирғиз хизматига ўз ғоясини тушунтирган "инкор"чилардан бири гуруҳига шундай таъриф беради:

- Бахтли бўлишнинг шарти - имон. Имон эса - Оллоҳга ҳеч шак-шубҳасиз, тўлиқ ишониш. Буни арабчада "яқийн", дейдилар. Энди "инкор" деганимиз, фақат Оллоҳга таваккал қилиш ва бундан бошқа ҳамма нарсани инкор қилиш, дегани, - дейди қирғизистонлик диндор.

Ҳозирча бу янги сектани ким ва қачон ташкил қилгани номаълум. Жамоа аъзоларининг ўзи бу ҳақда гапирмасликни маъқул кўрадилар. Улар, одатан, ҳаёт тарзи, тирикчилигини муҳокама қилишни ҳам истамайдилар. Шу боис, бу сектанинг ёпиқ ҳаёт тарзи ва юриш-туришини қораловчилар сони ортмоқда.

Аммо, уларнинг қиладиган асосий иши - даъватдир. Оиласини ташлаб, 40 кунлаб даъватда юрадилар ва айнан шу нуқтада уларнинг давлат ҳамда жамият билан зиддияти юз бермоқда.

Эътироз

Асосий эътироз уларнинг ғояси ва ташқи кўринишига бўлмоқда.

Улар яшайдиган қишлоқ ва шаҳар оқсоқоллари ҳамда муфтият вакиллари улардан соч-соқолини қирқиш, ноодатий ва уринган кийим-кечакни ечишни сўрамоқда.

Қирғизистон муфтияти бу сектанинг мамлакатда асосий йўналиш бўлган Ҳанафийлик мазҳабига зид экани ва айни пайтда, ёшларда Ислом дини ҳақида нотўғри тасаввур пайдо бўлишига сабаб бўлаётганини айтмоқда.

Иссиқкўл вилояти қозиси Алмаз Сагиндиков буни шундай изоҳлайди:

- Даъватнинг ўз тартиб-қоидаси бор. Булар ўша тартибга бўйсунмаяпти. Масалан, қирғизча, миллий кийим кий, деса унамайди. Сочингни қисқартир, деса унамайди. Муфтият ва қозиятнинг талабларига бўйсунмай, ўзбошимча бир жамоат бўлиб қолаяпти. Бундан ташқариям кўп жиҳатлари бор. Дунёга оид ишларни қилмаслик керак, дейди. Масалан, уй қуриш керакмас, ишлаш керакмас, деган гаплари бор. Ҳамма нарсани Оллоҳ беради, дейишади, - дея "Яқийн инкор" жамоатига таъриф берди Иссиқкўл қозиси.

Хуллас, шу каби сабаблар билан муфтият уларнинг даъват қилишларига рухсат бермаётир. Аммо, "яқийн инкорчилар" мамлакатда тан олинган дин пешволарининг норозилигига қараб ҳам ўтирмасдан, айрим ҳудудларда рухсат берилмаган ҳолда даъватга чиқмоқдалар.

Муҳими, улар муфтиятнинг талабини асло инобатга олмаётир:

- Бизга сочингизни кесинг, суннат қилинган кийимларни калта қилинг, кейин рухсат оласизлар, дейишяпти. Сочни кесмаймиз, чунки пайғамбарнинг сочлари шунақа бўлган. Пайғамбаримиз шунақа кийинган. Суннатни кес, еч, дейилмайдида. Мен фақат суннат тарафдориман, мен бу кийимни суннат, деб кияяпман. Пайғамбаримизга ўхшайин, деб шунақа соч қўйганман, - дейди муфтият талабини қатъиян инкор қилаётган яна бир "инкор"чи.

Назорат

Бу секта вакиллари қайд этилган туманларда ИИБ уларни қатъий равишда рўйхатга олиш ва қисқа муддатга ушлаш тадбирини бошлаб юборган.

Аввалига бир неча кишидан иборат бўлган бу жамоат сўнгги бир неча ой ичида 100 кишидан ошиб кетди. Муҳими, улар куч ишлатар тузилмаларининг талабларига ҳам бўйсунмаётир.

Дунёдан воз кечиб қўйган ва маъмурий тартиббузарлик учун белгиланган жаримани ҳам тўлашдан бош тортаётган "Яқийн инкор"чиларга ҳозирча жиддий жазо қўллангани йўқ.

Иссиқкўл вилояти ИИБ мулозими Арсен Самаев Озодликнинг қирғиз хизмати мухбири билан суҳбатда уларнинг жамоат тартибига бўйсунмасликда давом этса, тақиқланиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмади:

- Улар тартибга бўйсунмаяпти. Муфтият қарорига ҳам қулоқ солмайди, милицияга ҳам бўйсунмаяпти. Расмий турда 90 нафари маъмурий жазога тортилган. Ўтган йили 73 нафари, бу йил бошидан бери 20 нафардан ошиғи маъмурий жазога тортилди. Булар билан тушунтириш ишларини олиб бориш керак ва тартибга чақириш керак. Агар бу иш бермаса, у ҳолда буларни тақиқлаш керак, - деди ИИБ ходими.

Ҳозирча Қирғизистон муфтияти ва маҳаллий қозият вакиллари ҳам бундай кишилар ва уларнинг оиласи билан тушунтириш ишларини олиб бориш керак, деган фикрда қолмоқда.

Хусусан, Қирғизистон муфтийси бу жамоат ҳозирча диний-экстремистик ташкилотлар сирасига киритилмаган ва аслида бу гуруҳдан жамиятга таҳдид йўқ, деб фикр билдирди:

- Бу жамоатдагилар сўфийлар йўлини тутган одамлар. Қорни тўйса бўлди. Ўз қорнини бир бурда нон ёки бир тишлам картошка билан тўйдирадида, ҳатто хотини, бола-чақасини ҳам ташлаб кетаверади. Мамлакат сиёсатига аралашмайди. Уларнинг зарари фақат ўзига бўлади, - деб ҳисоблайди Қирғизистон муфтийси Мақсат ҳожи Тўқтомишев.

Иссиқкўл Қирғизистоннинг исломий радикализм кучайган вилоятларидан биридир. Бу вилоятнинг айрим туманларида ўтган йили Сурияга 30 дан ортиқ киши кетиб қолгани аниқланган.

Ҳаёт тарзи Исломнинг илк даврига мос бўлиши керак, деб ҳисоблаган ва ундан ташқари, ҳамма нарса, айниқса, давлат тизими ва жамиятни тан олмайдиган, бошқаларни ҳам шунга даъват қиладиган "Яқийн инкор" жамоатининг тезлик билан кенгайиб бораётгани, охир-оқибат, диний радикалимзга уланиши мумкин, деган хавотирлар ҳам тилга олинмоқда.

XS
SM
MD
LG