Линклар

Бухорода собиқ пойафзал фабрикаси ёниб кетди


Ёнғин ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилмаслиги оқибатида ҳам Ўзбекистондаги корхона ва заводларда ёнғинлар тез-тез рўй беради.

Ёнғин ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилмаслиги оқибатида ҳам Ўзбекистондаги корхона ва заводларда ёнғинлар тез-тез рўй беради.

Бухоро шаҳри марказидаги “Салоҳият-Барака” масъулияти чекланган жамиятда 3 февраль куни туш пайтида содир бўлган ёнғинда маҳсулот ишлаб чиқарувчибир неча цех ёниб кул бўлди. Озодлик манбаларига кўра, ёнғин кўлами 500 квадрат метрни ташкил қилган. Ёнғин оқибатида бир неча киши куйиш жароҳати олгани айтилади.

Бухоро шаҳри марказидаги “Салоҳият-Барака” масъулияти чекланган жамиятининг (собиқ пойафзал ишлаб чиқариш фабрикаси – таҳр.) цехларидан бирида 3 февраль куни соат 13 да ёнғин чиқди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган ишчилардан бирининг айтишича, ёнғин қисқа муддатда бошқа цехларни ҳам қамраб олган:

“Бу фабрикада илгари пойафзал ишлаб чиқариларди. СССР тугаганидан сўнг фабрика ҳам тугади. Фабрика биносини “Салоҳият-Барака” МЧЖ олиб, бир қанча цехларда турли хил маҳсулотлар ишлаб чиқариларди. Ёнғин тухум соладиган қоғоз идиш – флейкалар ишлаб чиқарадиган цехдан чиққан. Аппаратлардан бири ёниб кетган. Ёнғин жуда тез тарқалган. Уч-тўрт ишчи куйиш жароҳати олган”, деди ишчи.

Бухоро шаҳар ҳокимиятида ишлайдиган Озодлик манбаси ёнғин содир бўлганини тасдиқлар экан, ўт ўчириш воситалари йўқлиги учун ёнғин тез тарқалганини айтади:

“Маълум бўлишича, огнетушитель каби ўт ўчириш воситалари йўқ экан. Шунинг учун ёнғин ўчоғини тезда ўчириш имкони бўлмаган. Умумий майдони 500 квадрат метр жой куйиб кул бўлган. Ўт ўчирувчилар кечга бориб ёнғинни тўлиқ бартараф эта олишди”, деди манба.

Манбанинг айтишича, корхона ва ташкилотлар сўнгги пайтларда ёнғин хавфсизлигига деярли эътибор бермай қўйган:

“Ҳозир огнетушитель, белкурак, қум, сув каби ёнғинга қарши воситаларни корхоналарда номигагина битта-иккита қилиб қўйишган. Келган пожарниклар ҳам бир-икки сўм пора эвазига бу камчиликларни “кўрмай” кетишади. Битта мисол айтаман. Бухоро тиббиёт коллежида 3000 талаба ўқийди. Ёнғин содир бўлганда қочиш учун захира йўлакчалар ҳаммаси ёпиб ташланган. У жойларга коллеж директорига қарашли одамлар тижорат дўконлари қуриб олишган. Ёнғин пайти пожарний мошина кира олмайди. Худо кўрсатмасин, ёнғин содир бўлса ўқувчиларни эвакуация қилишнинг имкони ҳам йўқ”, деди ҳокимият мулозими.

Ўзбекистонда ёнғин хавфсизлиги қоиларига риоя қилмаслик оқибатида нохуш ҳодисалар кўп содир бўлади.

Жумладан жорий йилнинг 23 январь куни, Сурхондарё вилоятининг Термиз туманидаги асфальт заводида газ сизиши оқибатида заводнинг қозонхонаси портлаб, ёнғин содир бўлган эди. Ёнғиндан камида 8 киши жароҳатланган, лекин қурбонлар бўлмагани айтилди.

Ўтган йили Наманган марказидаги “Сўғдиёна файз текстил” тикувчилик цехида, ундан аввал “Ўзбегим” кафесида ёнғин содир бўлган, бунинг оқибатида бир қанча одам куйиш жароҳати олган эди.

XS
SM
MD
LG