Линклар

logo-print

Ди Каприо Путин ролини ижро этиши тўғрисидаги миш-мишлар тасдиқланмади


Леонардо Ди Каприо Владимир Путин билан 2010 йилда учрашган эди

Леонардо Ди Каприо Владимир Путин билан 2010 йилда учрашган эди

Россия президенти ҳақидаги биографик фильмда Путин ролини Ҳолливуд юлдузи Леонардо Ди Каприо ижро этиши ҳақидаги миш-мишлар нафақат Россияда, балки бутун дунёда катта шов-шувга сабаб бўлди.

Бундай фильмни яратиш лойиҳаси чиндан ҳам бор. Фильм лойиҳаси “КГБдан бош вазиру президентгача. Путин. Афсона!” деган тизер билан реклама қилинмоқда.

Лекин ҳозирча бош ролни ким ижро этиши аниқлангани йўқ.

Россиянинг “Дождь” мустақил телеканали 2 февраль куни “фильм продюсерларига яқин” икки манбага таяниб, Леонардо Ди Каприо Россиянинг авторитар президенти ролини ўйнашга рози бўлгани ҳақида хабар берди.

Бу янгилик русча ижтимоий тармоқларни жумбушга келтирди. Кремлпараст LifeNews янгиликлар сайти Путин ролини ижро этиш Ди Каприонинг орзуси эканлиги ҳақида ёзди. Актёр ўтган ойда Путин ролини ўйнаш “жуда, жуда, жуда қизиқ бўларди”, деган эди.

Германияда чиқадиган Welt am Sonntag газетасига берган интервьюси давомида “Тирик қолган” фильмидаги роли учун “Оскар” мукофотига даъвогар бўлган Ди Каприо “Унинг ролини жон деб ўйнаган бўлардим”, деди.

Аммо “Дождь”нинг манбалари подадан олдин чанг чиқарган кўринади. Путин ҳақидаги фильм лойиҳаси устида ишлаётган Knightsbridge Entertainment киноширкати директори Грант Крамер Озодлик билан суҳбатда ширкат Ди Каприо билан алоқага чиқмаганини айтди.

“Мен Леонардони биламан ва уни энг яхши актёр ва инсонлардан бири деб ҳисоблайман. Шундай экан, уни танлаш биз учун шараф бўлган бўларди. Лекин биз ҳали унга мурожаат қилганимиз йўқ”, деди Крамер.

Россия ҳукуматига тегишли “РИА Новости” агентлигининг хабар беришича, Knightsbridge ширкатининг Шарқий Европа ҳамда Яқин Шарқ бўйича постановка директори ўринбосари Валерий Саарян фильм актёрлари орасида олий тоифадаги тўрт актёр борлигини, фильм режиссёри эса иккита “Оскар” мукофотини олганини очиқлаган.

Крамер эса бу гап “озгина шошма-шошарлик билан айтилган”, дея фикр билдирди.

“Биз лойиҳага қизиқаётган етук режиссёр билан музокара олиб боряпмиз. Лекин актёрларга ҳали мурожаат қилганимиз йўқ”, деди у.

Крамер Озодлик радиоси у билан алоқага чиқишидан аввал Ди Каприонинг Путин ролини ўйнашни исташи ҳақидаги миш-мишларни эшитмаганини қўшимча қилди.

Крамер ширкат ходимлари Ди Каприониг қизиқиши ҳақида эшитганидан кейин уларда қизиқиш уйғониб, лойиҳани актёрга мурожаат қилиш мумкин бўлган даражага олиб чиқишга шошилиш кераклиги ҳақида ўйлай бошлаганини айтди.

Knightsbridge режалаштирилаётган лойиҳани “дунёдаги энг қудратли одамлардан бирининг ҳаёти ва унинг ҳукумат тепасига кўтарилишига яқиндан назар” деб таърифлайди.

Крамер фильмни суратга олиш жараёни кейинги йилнинг бошида бошланиши мумкинлигини айтди.

2 февраль куни Ди Каприо ёки унинг вакиллари билан алоқага чиқиб бўлмади.

Путин билан Ди Каприо 2010 йил Санкт-Петербургда учрашган. Ўша пайтда Путин Россия бош вазири лавозимида ишлаётган эди. Путин Ди Каприони ёввойи йўлбарсларни сақлаш муаммосига бағишланган анжуманда иштирок этгани учун олқишлаган эди. Актёр Санкт-Петербургда бўлиб ўтган анжуманга кетаётиб механик ва об-ҳаво билан боғлиқ қийинчиликларга учраган эди.

Ўшанда BBC Ди Каприо Путинга ўзида руслар қони борлигини, бувиси билан Санкт-Петербургга саёҳат қилишни орзу қилганини айтгани ҳақида ёзган эди.

“Дождь” телеканали хабари ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилинди. Photoshop дастури ёрдамида Путин ва Ди Каприонинг юзи бирлаштирилган суратлар ҳам пайдо бўлди:

Яна бир Twitter фойдаланувчиси Ди Каприо яратган образ айиқ ҳужумига учрайдиган “Тирик қолган” фильмига шама қилиб, Путин ўзининг мачолигини кўз-кўз қилиш учун тушадиган суратларнинг бирини Photoshop ёрдамида ўзгартирди.

XS
SM
MD
LG