Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:21

Тошкентда 14-рақамли автобусларда бепул Wi-Fi тақдим этилмоқда


"Тошшаҳарйўловчихизмат" ширкати мулозимларининг Озодликка айтишича, 3 февралдан бошлаб "Тошкент вокзали” ва "Тошкент трактор заводи" орасида қатновчи 14-йўналишдаги автобусларда йўловчиларга бепул Интернет ҳизмати йўлга қўйилган.

Шу кунларда Тошкентнинг 14-йўналишда қатновчи автобусларда лэптоп ёки планшетига тикилган йўловчиларни кўришингиз мумкин.

"Тошшаҳарйўловчихизмат" ширкати 3 февралдан бошлаб айнан шу йўналишда қатновчи автобусларда ўз мижозларига бепул интернетдан фойдаланиш имконини берган.

- Wi-Fi орқали бемалол интернетга уланишингиз мумкин. Айрим ҳолларда алоқада узилишлар ҳам бўлиб туради, лекин умумиятла ёмон эмас, дейди тошкентлик йўловчилардан бири.

"Тошшаҳарйўловчихизмат" ширкати матбуот ҳизмати мулозимининг Озодликка айтишича, автобусларда Интернет тезлиги 2 мегабитдан кам эмас.

- Wi-Fi 14-йўналишдаги автобусларни ҳаммасида бор. Бу пилот лойиҳа. Ҳозир буни шу йўналишдаги автуобсларда синаб кўряпмиз. “Бу автобусда Wi-Fi бор” деб, ёзиб қўйилган. Тармоқни номи “WI-FI-BUS”. 50 метр узоқликдан бемалол оляпти. Ҳатто автобус бекатда турадиган бўлса шу бекатда ўтирганлар ҳам Интернетдан фойдаланишлари мумкин, - дейди "Тошшаҳарйўловчихизмат" мулозими.

Айни пайтда автобусларда бепул Интернет ҳизмати йўлга қўйилгани пойтахтликлар орасида турлича қаршиланмоқда.

Айримлар келажакда бошқа йўналишдаги автобусларда ҳам шундай ҳизмат йўлга қўйилишини хоҳлашаётганини айтишса, бошқалар бепул интернет иштиёқмандлари дастидан автобусларга чиқиб бўлмай қолгани ҳақида шикоят қилишади.

- Ҳозир бепул Интернет бор экан, деб ҳамма ўзини шу йўналишдаги автобусга уряпти. Атайлаб Интернетдан фойдаланиш учун шу автобусларга чиқишади. Шундоқ ҳам тиқилинч автобуслар, баттар одамга тўлиб кетяпти, - дейди тошкентлик Қаҳҳор ака.

Ўзбекистонда Интернетга боғланиш ойига ўрта ҳисобда 50 долларга тўғри келмоқда. Агар Тошкентда ўртача ойликнинг 70-100 доллар атрофида экани инобатга олинса¸ бу нарх анча қиммат.

Юқори тезликдаги интернет хизмати эса Ўзбекистонда ойига 100-200 доллар атрофида.

Аммо Ўзбекистонда ҳукумат хуш кўрмайдиган мухолифат ва мустақил вeб-нашрлар тўсиб қўйилган.

Озодлик сайти баробарида кўплаб сайтларнинг Ўзбекистонда очилиши имконсиз.

XS
SM
MD
LG