Линклар

Ўзбекистондан пиёда қочган насроний ЕИ ҳудудига етиб олди


Абдрэшид Кушаев Эстониядаги Қочқинлар маркази биноси олдида.

Абдрэшид Кушаев Эстониядаги Қочқинлар маркази биноси олдида.

Ўзбекистондан Қозоғистонга пои пиёда қочиб кетган, кейин эса пиёда Россияга ўтиб кетган Абдрэшид Кушаев Эстонияга етиб борди. Европа Иттифоқига аъзо бу мамлакатда у сиёсий бошпана олишга умид қилмоқда.

Эстонияга етиб борган ўзбекистонлик насроний қочқин Абдрэшид Кушаев чегарани ноқонуний равишда кесиб ўтган шахс сифатида ҳибсга олинмади, уни Қочқинлар марказига жойлаштирдилар ва сиёсий бошпана ҳақидаги аризасини кўриб чиқа бошладилар. Унга бундай яхши муносабатда бўлишларига Кушаев ўзининг Интернетда ёйинланган “уқубат саргузаштлари” сабаб бўлганини айтади.

Насронийликнинг протестант мазҳабига мансуб бўлган 51 ёшли Абдрэшид Кушаевда Европа Иттифоқига аъзо Эстония ҳудудига етиб олганидан сўнг даҳшатли туш каби кўргиликлари ортда қолажагига умид пайдо бўлган. Озодликнинг қозоқ хизмати мухбири билан Facebook тармоғи орқали ёзишмада Кушаев ҳозир ишлари жойидалигини маълум қилган.

Фуқаролиги бўлмаган Абдрэшид Кушаев 2015 йил мартида Ўзбекистондан Қозоғистонга пиёда қочиб ўтган ва Олмаота шаҳрига етиб келган. Олмаотада унга қочқинлик мақоми бермаганлар. Қозоқ расмийлари Кушаев масаласини кўриб чиқиш билан машғул бўлган 4 ой ичида у бу ерда базўр кун кечирган. Ўзбекистонга депортация қилиниш хавфи туғилганидан кейин Олмаотадан ҳам қочган.

Ўтган йилнинг июль ойида Кушаев Шимолий Қозоғистон орқали Россияга ўтиб кетган. Ҳужжатлари жойида бўлмаган Кушаев Қозоғистон-Россия чегарасини айланма йўллар билан яна пои пиёда кесиб ўтган ва Омск шаҳрига етиб олган. Бироқ бу ерда қочқинлик мақомини ололмаган. Бу мақомга эришиш учун у Москвага етиб олган.

Россия пойтахтида ёнида бир мири ҳам қолмаган Кушаев эндиликда Қозоғистонга депортация қилиниш хатари билан тўқнашган. 2015 йил октябрида у Россиядан Эстонияга қочиб ўтган ва у ердан Финляндияга ўтиб кетмоқчи бўлган, аммо Эстония ёққани учун ўша ерда қолган.

Кушаевга кўра, у бошидан кечирган барча уқубатлар учун Эстонияда мукофот олган. У ўзини тушунадиган қавмга эга чоғроқ протестант черковига бораётгани ва бундан масрур эканини айтган.

Кушаев Ўзбекистондаги уйини арзимаган пулга сотиб қочганини, бу пулларнинг барчасини Қозоғистон ва Россияда сарфлаб тугатганини, Эстонияда эса сармояга эҳтиёж сезмаётганини маълум қилган.

“Бу ерда турар-жой текин. Нафақамни январь ойидан 143 еврога кўтардилар. Овқатни ўзимиз қиламиз. Ҳозирча бераётган пуллари озиқ-овқатга етиб турибди. Кийим-кечак учун 35 евро берадилар. Уйни тартибга келтиришдек бир ташвишимиз йўқ. Ҳаммаёқ озода. Қорни трактор тозалайди. Вай-фай бор. Мобиль телефонидан фойдаланмайман, чунки менга шуниси қулай. Бўш вақтимизни уйда [Қочқинлар марказида] ўтказамиз. Бир-биримизга миллий таомларимизни тортиқ қиламиз. Марказда Украина, Грузия, Ироқ, Судан ва бошқа мамлакатлардан бўлган 60 га яқин киши истиқомат қилади. Керакли нарсаларни замонавий супермаркетдан харид қиламиз, пулимиз ҳаммасига етиб турибди. Кийим-кечак бўйича ҳам муаммоимиз йўқ”, дейди Эстония тимсолида жаннатни топганини айтган Абдрэшид Кушаев.

Абдрэшид Кушаевга Эстонияда берилган ҳужжат.

Абдрэшид Кушаевга Эстонияда берилган ҳужжат.

Эстонияда ўзини депортация ҳибсхонасига эмас, балки Қочқинлар марказига жойлаштирилишини Кушаев Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россияда бошидан кечирган кўргиликлари ҳақида Интернетда чиққан мақолаларнинг ижобий таъсиридан, деб билади.

Ўзбекистонлик қочқинга Эстонияда “Бошпана кутаётган шахс гувоҳномаси” деб аталадиган ҳужжат берганлар. Чегара қўриқчилиги ва полиция департаменти томонидан ярим йилга берилган бу ҳужжат унга ишга жойлашиш ҳуқуқини ҳам беради. Ҳозирча Кушаев Қочқинлар марказида яшаб, эстон тилини ўрганаётган экан. Унинг айтишича, Эстонияда қочқинлик мақомини бериш масаласи мурожаатдан бир йил сўнг, яъни жорий йил октябрида ҳал бўлиши мумкин. Ўзбекистонлик қочқин Эстониядаги ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, Қозоғистондаги ва Россиядагидан фарқли ўлароқ, “маданиятли ва мулойим” эканларини ҳам қўшимча қилган.

Ўзбекистонлик насроний қочқиннинг аввал бошдан кечирган кўргиликлари билан бу ерда танишишингиз мумкин.

XS
SM
MD
LG